Самарқандлик ОАВ вакиллари Иштихонга йўл олди

2019-12-06T10:37:37+00:006 Dekabr, 2019|Самарқанд вил.|

Самарқандлик бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан танишиш мақсадида Иштихон туманига йўл олди.

Иштихон ҳақидаги умумий маълумотларни Ishtixon.uz расмий сайтидан ҳам билиб олиш мумкин. Шундай бўлишига қарамасдан, ушбу туманнинг Самарқанд шаҳридан 68 километр узоқликда жойлашгани, аҳоли сони 250 мингга яқин эканини эслатиб ўтиш жоиз. Каттақўрғон, Паст Дарғом, Қўшработ, Оқдарё, Пайариқ туманлари билан чегарадош Иштихон туманининг бугунги қиёфасида қандай янгиликлар бор?

Пресс-тур Муродобод маҳалласидан бошланди. Иштирокчилар шу маҳалла яқинида жойлашган 1 миллион АҚШ долларлик инвестиция киритилган, 2,5 гектар ер майдонида ташкил этилган иссиқхона қурилиши билан танишишди. “Суюнов Жўра бобо” фермер хўжалигига тегишли иссиқхона қурилиши шу йил охирида тугатилади, келаси йилнинг март ойида ҳосил олиш режалаштирилган экан.

Эслатиб ўтамиз, мазкур пресс-тур вилоят ҳокимлиги режасига асосан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Г.МЎМИНОВА.