ПРЕСС-РЕЛИЗ

2019-11-29T06:31:35+00:0029 Noyabr, 2019|Пресс-релизлар|

29 ноябрь куни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлигида “ОАВда халқаро ҳаёт шарҳи  : муаммо ва ечимлар”  мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизнинг етакчи ОАВ вакиллари, халқаро шарҳловчилар, журналист кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртлари  профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлиги директори в.б Садриддин Суяров, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультети декани Амрилло Каримов, Уюшма қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши раиси Қобилбек Каримбеков ва бошқалар  мавзу бўйича сўзга чиқдилар.

Тадбирда жаҳон ахборот майдонида  мамлакатимиз имиджини  мустаҳкамлашда ОАВнинг ўрни ва халқаро тажриба, шунингдек халқаро шарҳларни тайёрлашга қўйиладиган талаблар,  уларнинг самарадорлиги, таъсирчанлигини  оширишнинг асосий омиллари борасида фикр алмашилди. Бундан ташқари халқаро алоқалар, ахборот-сиёсий технологияларни қўллаш, шу билан бирга, интернет тармоғида журналистлар одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиш қоидаларига оид масалалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, дунё ҳамжамиятида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Мамлакатимиз ОАВ ҳам халқаро шарҳларда ана шу омилларга амал қилишлари шарт.

Ўзбекистон ҳамкорликдан манфаатдор бўлган барча мамлакатлар билан дипломатия муносабатларини йўлга қўйган. Хусусан, қатор йирик давлатлар билан ўзаро муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилган. АҚШ, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия шулар жумласидан. Мамлакатимиз ташқи сиёсатининг яна бир ўзига хос жиҳати ҳар қандай давлат билан аввало икки томонлама асосдаги муносабатларни ривожлантиришдан иборат.

Анжуманда мамлакатимизнинг барча мамлакатлар билан тенг ҳуқуқли, дўстона муносабатларининг бугунги ҳолатини акс эттирган материалларга ўқувчилар муҳтож эканлиги ҳам қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда, хусусан қўшни мамлакатлар билан иқтисодий-сиёсий, маданий-маърифий соҳадаги  позициясини очиб берадиган шарҳларни кўпайтириш ва  оммавий ахборот воситаларида халқаро  шарҳловчиларга катта эҳтиёж мавжуд экани  таъкидлаанди. Қайд этилганидек, бу масала ечимида  халқаро журналист кадрлар тайёрловчи  Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари  университетининг халқаро журналистика факультети муҳим ўрин тутиши лозим. Тадбир  ушбу  даргоҳда ўтказилаётгани сабаби ҳам  шундан иборат.

Юртимизда очиқлик, сўз ва матбуот эркинлиги янада ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. .  Бу, ўз навбатида, мамлакатимиз ОАВнинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашига  хизмат қиляпти.  Халқаро шарҳловчилар эса ана шу имиджни янада такомиллаштирадиган соҳа вакиллари ҳисобланади. Анжуманда миллий ОАВда халқаро шарҳловчилар мактабини шаклантиришга доир таклифлар ўртага ташланди.

Давра суҳбати якуни бўйича, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларридан келиб чиқиб таклиф ва тавсияларни умумлаштиришга келишиб олинди.