Ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик бор

2019-11-19T09:59:46+00:0019 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ахборот майдонида хабарлар оқими кучайгани сари ишончли ва тўғри манбаларни аниқлаш долзарблашмоқда. Сир эмас, одамлар баъзан ёлғон хабарларга ҳам дуч келади. Шундай вазиятларда “фейк” экан, деган сўзлар қулоққа чалинади. Хўш, аслида бу нимани англатади? Фейк (инг. fake) – сохта, қалбаки деган маъноларни англатади. Бундай маълумотларга ҳақиқатга жуда ўхшаб кетадиган ёлғон хабарлар, махсус дастурлар орқали ўзгартирилган фотосуратлар, монтаж қилинган видеороликлар, ижтимоий тармоқларда бошқа шахслар (одатда, машҳур инсонлар) номидан очилган “ёлғон аккаунтлар” мисол бўла олади.

Фейк хабарларни “сариқ” матбуот ва сиёсий пропаганда билан умумлаштириб турувчи қатор хусусиятлар бор. Шунга қарамай уларни бадиий тўқималар ёки “сариқ” матбуотда тарқатиладиган миш-мишлардан фарқлаш лозим. “Сариқ” матбуотдаги миш-мишлар асосан омманинг вақтини чоғ қилиш, у ёки бу шахсга эътибор тортиш (мисол учун, машҳур шахснинг уйига ўғри тушганлиги тўғрисидаги сарлавҳа остида босилган мақола) учун тарқатилади ва унинг ижтимоий зарари катта бўлмайди. Фейклар эса жиддий ижтимоий-сиёсий мақсадларни ёки молиявий манфаатни кўзлаб тарқатиладиган ёлғон хабарлардир.

Глобаллашув жараёнининг тезлашиши, интернет орқали чексиз имкониятларнинг пайдо бўлиши, оммабоп ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилиши натижасида ёлғон хабарларнинг тарқалиши ва зарар етказиши хавфи ҳам ошиб бормоқда. Шу сабабли ҳозирги кунда бутун дунёда фейкларга қарши курашни кучайтириш, бунинг учун, аввало, ҳуқуқий базани мукаммаллаштириш, фейкларга қарши қонун билан курашишга уриниш тенденцияси кузатилмоқда.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони 20 миллиондан ошган. Ижтимоий тармоқлар (Фейсбук, Инстаграм, Телеграм)да бир кунда 2 миллион яқин киши фаолдир.

Ўзбекистонда фейклар ҳали кўп эмас, аммо унинг элементлари баъзи ҳолларда кўзга ташланиб турибди. Мисол учун, Телеграм тармоғи орқали “Жуда зўр воқеа бўлди! Энди катта ўзгаришлар юз беради! Танишиш учун бу ерни босинг!” ёки фишинг (қармоқ) усулини қўллаган ҳолда ёлғон ахборотдан фойдаланиб зарарли файлларни юбориш каби ҳолатларга деярли ҳар куни дуч келамиз ёки бу ҳақида эшитамиз.

Бу борадаги қонунчиликка назар ташлайдиган бўлсак, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддаси 2-қисмига мувофиқ веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан, блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида журналистнинг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Келтириб ўтилган нормаларга биноан маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, кейин эълон қилиш ахборот тарқатувчи ҳар қандай шахс, шу жумладан, журналистлар ва блогерларнинг ҳам мажбуриятларидан бири ҳисобланади.

Айни пайтда амалдаги қонунчилигимизда ёлғон хабар тарқатганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарликни кўзда тутувчи нормалар мавжуд эмас, аммо жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида бу учун жавобгарлик тўғридан-тўғри белгиланганлигини кўришимиз мумкин.

Таққослаш учун бир қатор давлатларни мисол қилиб келтирсак. Сингапурда “Интернетдаги ёлғон хатти-ҳаракатлар ва манипуляциялардан ҳимояланиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, “ҳолатлар тўғрисидаги ёлғон маълумотлар”, агар ушбу маълумотлар Сингапур хавфсизлигига, “жамоат хавфсизлиги”, “жамоат тинчлиги” ёки “Сингапурнинг бошқа давлатлар билан дўстлик муносабатлари”га зарар келтирса, уларни тарқатиш ноқонуний ҳисобланади.

Мазкур ҳолатда вазирлар ёлғон ҳисобланган ахборотни ўчириш ёки таҳрирлаш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин. Улар ёлғон ахборот тарқатаётган сайтлар ёки контентларга киришни чеклаш тўғрисидаги талабни Facebook ва Google каби технология компаниялари олдига ҳам қўйишлари мумкин. Шунингдек, қонун шахсларга нисбатан суд терговини ҳам назарда тутади. Тергов натижаларига кўра шахсларга 36 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ёки беш йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Ёлғон хабар тарқатишда айбдор деб топилган компаниялар 735 минг АҚШ долларигача жарима билан жазоланиши мумкин.

Россияда 2019 йил мартидан бошлаб ОАВ ва интернетда ҳокимият вакилларини камситиш ва фейк хабарларни тарқатишни тақиқлаш тўғрисидаги қонун кучга кирди.

Мазкур қонунга кўра, “ҳокимиятга яққол ҳурматсизлик” учун 30 минг рублдан 100 минг рублгача жарима жазоси тайинланади. Шу ҳуқуқбузарликни такрор содир қилганлик учун 100 минг рублдан 200 минг рублгача жарима ёки 15 суткага қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Нашр жойлаштирилган веб-сайт ёки веб-сайт саҳифаларидан фойдаланиш Бош прокуратура сўровига мувофиқ «Роскомназорат» томонидан судгача бўлган тартибда чекланиши мумкин.

Гарчи мамлакатимизнинг амалдаги қонунчилигида фейк хабарларни тарқатганлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган бўлсада, нотўғри (ёлғон) хабарларни тарқатиш ва бунинг натижасида зарарли оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида қонун ҳужжатларида бир қанча нормалар мавжуд.

Хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддасида қандай ахборот турлари интернетда тарқатилиши мумкин эмаслиги номма-ном санаб ўтилган. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 34-моддасида шахсларнинг раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи белгиланган бўлиб, бу ҳам ёлғон хабарларга нисбатан қарши туриш кафолатларидан бири ҳисобланади.

Кўпинча телеграм мессенжери орқали ва бошқа ижтимоий тармоқларда у ёки бу товар ёки ишлаб чиқарувчини обрўсизлантириш орқали рақобатчиларга иқтисодий зарба беришга қаратилган овозли, фото ва видеохабарларга дуч келамиз.

Аммо рақобатчини хўжалик юритувчи субъектнинг ишбилармонлик нуфузига путур етказиш мақсадида била туриб ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-моддасида жавобгарлик белгиланганлигини унутмаслик керак. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек, ёлғон хабар тарқатганлик учун фуқаровий жавобгарлик ҳам келиб чиқиши мумкин. Хусусан, маънавий зарар шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса, уни етказувчининг айбидан қатъи назар, қопланиши лозимлиги Фуқаролик кодексининг 1021-моддасида кўрсатиб ўтилган.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари юқоридаги қонун нормаларини билиб қўйиши фойдадан холи эмас. Бу тўғри маълумот тарқатиш масъулиятини ошириш билан бирга турли фейклардан ҳимояланиш воситаси ҳамдир. Журналистлар ва блогерлар ҳам олинган фактларни эълон қилишда уларнинг тўғрилигини текшириб кўриши, аҳоли ишончини суиистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиши мақсадга мувофиқ.

Севара ЎРИНБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Адлия

вазирлиги масъул ходими.

 

Манба: ЎЗА