ПРЕСС-РЕЛИЗ

2019-11-15T05:36:29+00:0015 Noyabr, 2019|Пресс-релизлар|

15 ноябрь куни соат 15:00 да Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси медиа марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда «Нотиқлик санъати академияси» нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда  “Телерадио бошловчилик маҳорати мезонлари, бу борада юзага келган муаммолар ва уларнинг ечимлари ”  мавзуида  семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифаларни мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, хусусан телерадиоканалларда таъминлаш борасида сўз борди.

Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.

Ўзбекистонда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

Бугун Ўзбекистонимиз «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Бунда давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

Она тилимизнинг нуфузини ошириш ҳар биримизнинг ўзимиздан бошланар экан, унга ҳам бугунги, ҳам келажак авлод олдидаги юксак жавобгарликни ҳис этган ҳолда ёндашишимиз зарур.

Жорий йилда ўзбек тилига давлат мақоми берилганининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда. Унда тарихда илк маротаба давлат раҳбари иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида тилимиз софлигини асраш ва уни келажак авлодга бус-бутун етказишга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, мазкур фармонни қабул қилишга бўлган эҳтиёж ҳақида гапирди. Ушбу фармон билан Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Департамент асосий вазифалари давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ҳисобланади.

Семинар-тренингда давлатимиз раҳбарининг маърузаси ва фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишда телерадиоканалларнинг ўрни муҳим эканлиги айтиб ўтилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда телерадиоканаллар орқали эфирга узатилаётган  кўрсатув ва радио эшиттиришларда бошловчилар, сухандонлар ва журналистлар томонидан қўлланилаётган ҳар бир сўз ва ибора аҳоли ўртасида тез  «истеъмол»га киради.

Телерадио ижодкорлари нотиқлик санъатидан ўта нозиклик билан фойдаланишлари ва адабий тил меъёрларига  қатъий риоя этишлари шарт. Айрим теле ва радиоканалларда бошловчиларнинг шевада гапиришлари ва адабий тил қоидаларни бузиш ҳолатлари учраётгани хусусида сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси  Алишер Хаджаев, “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасаси  бош директори Раҳимбой Жуманиёзов ва бошқалар ушбу муаммолар бўйича  ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилиш якуни бўйича, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларридан келиб чиқиб таклиф ва тавсияларни умумлаштиришга келишиб олинди.

Етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари, ЎзМТРК тизимидаги  телерадиоканалларда фаолият олиб бораётган журналистлар, сухандонлар, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университетилари талабалари иштирок этган семинар якунида ЎзМТРК музейига саёҳат уюштирилди.