Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳияти CГТН телеканалида тақдим этилди

2019-11-13T10:22:51+00:0013 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Хитойнинг CГТН телеканалида “Хитой – Ўзбекистон муносабатлари: кеча, бугун, эртага” деб номланган қирқ беш дақиқадан иборат ҳужжатли филм намойиш этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Мазкур телеканалнинг “Cроссовер” дастури ижодкорлари томонидан тайёрланган ушбу телелойиҳада ўзбек халқининг бой тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналари, бетакрор миллий ошхонаси, жаҳонга донғи кетган сайёҳлик қадамжолари, шунингдек, икки мамлакат халқлари ўртасидаги кўп асрлик алоқалар, бугунги ҳамкорлик муносабатлари ҳақида атрофлича ҳикоя қилинди.

“Cроссовер” дастури ижодкорларининг юртимиз бўйлаб 15 кунлик сафари мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихона ташаббуси билан жорий йил август-сентябр ойларида Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини тарғиб этиш ва янада мустаҳкамлаш, юртимизда рўй бераётган кенг кўламли ўзгаришлар, шу жумладан, республикамизнинг бой ва бетакрор сайёҳлик салоҳиятини Хитойда кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкилотчилигида уюштирилган эди.

CГТН телеканали орқали намойиш этилган мазкур кўрсатув Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги миллий қорабайир наслли отларни кўпайтириш ва боқишга мўлжалланган “Водий тулпорлари” замонавий мажмуаси фаолияти билан таништирувдан бошланади. Бу бежиз эмас. Хитой манбаларида Фарғона отлари ҳақида афсоналар тўқилган: «Фарғонада мамлакат чегарасига яқин ерда бир баланд тоғ бор. Бу тоғ устида ушлаб бўлмайдиган от бор экан. Рангдор урғочи отни ушбу тоғ этагига жойлаштириб, шу отдан болалатиб олишган экан. Туғилганда тойчадан қонсимон тер оқиб турган экан, шу боис унга Тангри оти, деб ном қўйилган экан».

Тарихдан маълумки, Хитой Ғарбий Хан империяси ҳукмдори У-дининг элчиси Марказий Осиё ҳудуди бўйлаб сафардан қайтганидан сўнг минтақамиз халқлари, шу жумладан, қадимги Фарғона давлати ва у ердаги хитойликларга маълум бўлмаган самовий отлар ҳақида маълумот беради. Хитой отлари жуссаси кичик, оёқлари калта бўлгани боис тез чопа олмаган. Шу боис император элчилар орқали 1000 жинг (ҳозирги ҳисобда 500 кг) олтин ва тилладан ясалган от ҳайкали юбориб, Фарғона ҳукмдоридан булар эвазига зотли отлар сўраган. Бироқ Фарғона ҳукмдори рози бўлмаган. Бундан жаҳли чиққан У-ди милоддан аввалги 104-101 йилларида Фарғонага икки марта ҳарбий қўшин юборган.

Бу отларнинг Хитойдаги бугунги тақдири ҳақида журналист Муҳаммаджон Обидов Хитойга қилган сафари ҳақида шундай ёзади: “Урумчида ЕМА корпорацияси бўлиб, унинг мўъжизалар майдонига айланган кўргазма боғларини ҳар йили минглаб сайёҳлар ҳайрат билан томоша қилади. Бу ерда Фарғонадан келтирилган, ҳар бир арғумоққа нақшинкор эшикли алоҳида хона, уч-тўрт эшик олдида биттадан отбоқар бор. Отчопар пештоқида Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси байроқлари ҳилпираб турарди, хитой тилида «Бу ерда Фарғона наслли отлар боқилади» деб ёзилган эди”.

Сўнгра “Cроссовер” дастури ижодкорлари Марғилон шаҳридаги “Йодгорлик” ипак фабрикасида тайёрланаётган ранг-баранг миллий мато ва либослар, ўзбек дўппилари, пилладан анъанавий усулда тола олиш жараёнларини томошабинлар эътиборига ҳавола этган.

Ҳужжатли асарда Марғилон деҳқон бозоридаги тўкин-сочинлик ҳам акс эттирилган бўлиб, серқуёш Ўзбекистон заминида етиштирилган ноз-неъматлар, уларнинг беҳад хуштаъмлиги ҳақида маълумотлар тақдим этилган.

Хитойлик ижодкорлар Самарқанд шаҳрида жойлашган жаҳонга машҳур қадамжоларга алоҳида эътибор қаратган. Махсус кўрсатув бошловчилари Жи Сиаожун (Жи Хиаожун) ва Луиза Ли (Лоуиса Леэ) Регистон майдонида бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” ХИИ халқаро мусиқа фестивали акс этган лавҳаларни, унда хитойлик санъаткорларнинг чиқишларини завқ-шавқ билан шарҳлайди. Уларнинг фестивал саҳнасида Хитой маданий гуруҳи раҳбари билан интервюси ҳам ҳужжатли дастурга алоҳида мазмундорлик бағишлаган. Хитойлик ижодкорлар Самарқанднинг кўҳна Буюк Ипак йўлидаги муҳим марказ бўлганини алоҳида қайд этган.

“Cроссовер” телетомошабинларни Хива шаҳрининг бой ва бетакрор сайёҳлик салоҳияти билан ҳам таништирган. Минтақамиздаги йирик ва ноёб меъморий йодгорлик, кўҳна Хиванинг ички қисми – Ичан қалъа ҳамда ташқи қисми – Дишан қалъа ҳақидаги тарихий маълумотларга мурожаат этар экан, шаҳарнинг тарихий бўлаги бўлган Ичан қалъа 1991 йили ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилгани таъкидланади. Ичан қалъа йодгорлик мажмуида Х асрга оид 50 та тарихий обида, ХВИИИ –ХИХ асрларга оид 250 та эски уйлар мавжуд эканлиги маълум қилинган.

Хитойлик тележурналистлар томошабинларни жаҳоннинг энг қадамий шаҳарларидан бири бўлган Бухорои шариф бағрида жойлашган маданий мерос объектлари, қадимий меъморий йодгорликлар билан ҳам яқиндан таништирган. Хусусан, шаҳардаги Минораи калон тарихи билан боғлиқ маълумотлар атрофлича ёритилган.

Ушбу ижод маҳсулидан мамлакатимиз пойтахти – азим Тошкент манзаралари ҳам кенг ўрин олган. Жумладан, Амир Темур хиёбони, ош маркази ва пойтахтимизнинг бошқа диққатга сазовор масканлари, Ўзбекистонда муваффақият билан фаолият олиб бораётган “Дуан анд дуан”, “Даҳуа Течнологй” цингари хитой компаниялари вакиллари ҳамда хитой тилида эркин суҳбатлашадиган ўзбек ёшлари билан суҳбатлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотиши аниқ.

“Хитой – Ўзбекистон муносабатлари: кеча, бугун, эртага” деб номланган мазкур махсус ҳужжатли дастур телеканалнинг интернет тармоғидаги веб-саҳифаси ҳамда Ёутубе, Wеибо ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кенг намойиш этилди.

Маълумот тариқасида шуни ҳам қайд этиш жоизки, CГТН (Чина Глобал Телевисион Нетwорк) Хитойнинг марказий CCТВ (Чина Cентрал Телевисион) телекомпанияси таркибида фаолият кўрсатадиган нуфузли халқаро телеканал ҳисобланади.

Манба: Дунё АА