Фейк хабарлар “ёмонликларнинг онасидир”

2019-11-13T09:35:29+00:0013 Noyabr, 2019|Сирдарё вил.|

Сирдарёлик бир гуруҳ журналистлар пойтахтимиздаги  Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик  ташкилоти(ЕХҲТ)нинг республикамиздаги лойиҳалар Координатори офисида “Таҳлилий журналистикада оммавий ахборот воситлари вакиллари салоҳиятини ошириш: факт-чекинг инструментларидан фойдаланиш” мавзусидаги семинар-тренингига ташриф буюришди.

Тренингда лойиҳа тренерлари литвалик  Дайнис Радзевичиус ва польшалик Анджей Краевскийларнинг “ОАВда фейк ахборотлар муаммоси, уларнинг жамият учун хавфи ва таъсири. Фейкларга қарши фаолият—жаҳон тажрибаси ва амалиёти”, ““Факт-чекинг унсурлари, мультимедия платформаларидан фойдаланиш” мавзуларидаги гурунглари журналистларни жаҳон журналистикасидаги тажрибалардан воқиф этди.

Нотиқларнинг чиқишларидан шу нарса ойдинлашдики, ОАВда факт ва рақамлардан фойдаланганда журналист етти ўлчаб бир кесиши лозимлиги мисоллар ёрдамида атрофлича таҳлил қилинди. Бунда  турли манбалардан олинган (ижтимоий тармоқлар ва бошқа манбалар) далилларнинг ҳаққонийлигини текшириб кўриш, яъни факт-чекинг ОАВга бўлган ишончсизликнинг олдини олади.

Тренерлар мазкур масалада ўз нуқтаи назарларини  халқаро тажриба мисолида кўрсатиб беришга ҳаракат қилишди. Фейк информация (ёлғон информация) таъсири ёмон оқибатларга олиб келиши алоҳида таъкидланди. Тренерларнинг таъкидлашларича, фейк хабарлар “ёмонликларнинг онасидир”.

Cеминарнинг тақдимот, баҳс-мунозара, музокара ва амалий машғулотларида сирдарёлик журналистлар фаол иштирок этдилар. Айниқса, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев, “Сырдарьинская правда” газетаси бўлим мудири Тўлқин Аҳмадалиевларнинг фикрлари тренерлар эътирофига сазовор бўлди.

Тадбирдан кейин сирдарёлик журналистлар XXI аср мўъжизаларидан саналган пойтахтимиз марказида қадростлаётган «Ташкент сити»га саёҳат уюштирдилар.

Муҳаммадали АҲМАД.