Ноқонуний миграция масалалари муҳокама этилди

2019-11-06T06:53:39+00:006 Noyabr, 2019|Жиззах вил.|

Жиззах вилоят ҳокимлиги ва Уюшманинг Жиззах вилояти бўлими томонидан  журналистлар учун «Ноқонуний миграцияга қарши курашиш, хорижга чиқиш, келиш масалаларини такомиллаштириш ва чет элдаги фуқароларни республикага қайтаришда тарғибот ишларини олиб боришда ички ишлар органлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда вилоят ҳокимининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Эштемир Исматов иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакилларига ноқонуний миграцияни олдини олиш ва хориждаги фуқароларга ҳуқуқий кўмак беришни такомиллаштириш масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида  маълумот берди.

Тадбирда бугунги кунда ҳудудда юзлаб бўш иш ўринлари мавжуд бўлсада, фуқаролар ишлаш учун хорижий давлатларга кетаётгани мутасаддилар томонидан айтиб ўтилди.

— Хорижга ўқиш ва ишлаш мақсадида кетаётганларга муносиб шароитларни яратиб бериш долзарб масала,—деди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Жиззах минтақавий филиали бошлиғи Баходир Қўшназаров. —Шунга қарамай  хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашаяпмиз. Энг аввало фуқароларимиз бораётган давлатининг қонунлари билан танишишлари керак. Бундан ташқари, тил  билмаслик ҳам катта муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бу борада  ташкилотимиз томонидан қатор чора-тадбирлар лойиҳаси ишлаб чиқилган. Фуқароларимиздан хорижга қонуний йўл билан боришларини тавсия этамиз. Бизга мурожаат қилишса албатта ходимларимиз уларга қонуний йўлларни кўрсатишади. Қонуний ишга борганларга кўмаклашиш ва қандайдир муаммо келиб чиққан тақдирда ёрдам бериш бизга ҳам осон.

Матбуот анжуманида журналистлар берилган саволларига  мутассаддилардан батафсил жавоб олдилар.

Дилшод ЖЎРАЕВ,

Уюшманинг вилоят бўлими мутахасссиси