Навоий вилояти: Ишончли ва ёруғ қадамлар

2019-10-29T07:31:05+00:0029 Oktabr, 2019|Навоий вил.|

Ватан ичра сафар

Енгил машина Навоий вилоятига яқинлашгани сайин ҳавога кўтарилаётган илиқ ҳароратли ранго-ранг оқиш булутлар саноат корхоналарининг узлуксиз ишлаётганини англатиб тарарди.

Навоий шаҳри ихчам бўлса-да, жуда кўркам, шаҳар аҳлининг маданий дам олишларига мўлжаллаб барпо этилган боғлар, хиёбонларда яратилган шароитлар, кўп қаватли уй-жойларнинг ўзига хос услубда қад ростлагани, мўъжаз кўчаларнинг равонлиги кўзни қувнатса, пиёдалар йўлкаси қоидаларига ҳайдовчи ва йўловчиларнинг қатъий риоя қилиши бу ерда тартиб-қоида амалда эканлигини кўрсатади.

Хизмат сафаримиз давомида Навоийдаги изчил ислоҳотлар кечаётганига гувоҳ бўлдик. Албатта, бу ерда республикамизга маълум бўлган бир қатор йирик саноат обьектлари, жумладан, Навоий кон-металлургия комбинати, “Navoiyazot”, “Qizilqumsement” сингари етакчи корхоналар фаолият юритади. Аммо биз вилоятдаги бошқа тизимлар – матбуот, адлия, таълим-тарбия муассасаларида олиб борилаётган янгиланиш, ўзгаришлар билан танишишни ният қилдик.

 

Янгича ишлаш вақти келди

Ўзбекстон Журналистлар ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов иш услубида янгича тадбир жорий этгнини қуйидагича гапирди:

– Ушбу йилнинг августь ойидан бошлаб ҳокимлик вакиллари, ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирокида Пресс-тур (матбуот анжумани) ташкил этдик. Тадбирларда ташкилот раҳбарлари ўз фаолиятлари юзасидан ОАВ вакиллари билан фикр алмашади. Журналистлар соҳалар кесимида маълумотга эга бўлишади. Шунингдек, ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита мутасаддиларнинг ўзидан жавоб олиш имкони мавжуд. Бундай тадбирлар раҳбарларда журналистлар билан мулоқот ўтказа олиш, ахборот бериш кўникмасини шакллантиради.

  • Вилоятимизда баъзан қурилиш ёки бузиш ишлари кутилмаганда бошланиб кетади, – дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Дилшод Мамаражабов. – Табиийки, бу жараён кўпчиликда норозилик уйғотади. Навбатдаги Пресс-тур вилоят қурилиш бош бошқармаси билан ўтказилганда айни шу масала муҳокама қилинганидан хабарим бор. Натижада, ОАВ вакиллари вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини тубдан янгилаш сари қадам қўйилаётганига гувоҳ бўлишди. Дейлик, Навоий шаҳрида яқинда фойдаланишга топширилган “Ёшлар хиёбони”ни барпо этилиши олдидан бошланган бузилишлар ижтимоий тармоқларда анчагача танқидга учради. Бугунга келиб эса мазкур хиёбон, унинг тунги кўриниши гўзал манзара касб этгани, нафақат вилоятдошларимиз, балки воҳамизга ташриф буюрган меҳмонларни ҳам бефарқ қолдирмаяпти.

Пресс-турнинг иккинчи йўналиши шаҳар-туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳудудларда ташкил этилаётир. “Баъзида республика ОАВ вакиллари вилоятга фуқаролар шикоятини ўрганиш юзасидан ташриф буюришади. Улар кўпинча интернет тармоқларида тарқалаётган ҳудудлардаги танқидий масалаларни айтишади. Бундай ёндашув бир ёқлама қарашни келтириб чиқариши мумкин. Ҳаракатдаги одам хато қилиши табиий, ҳаракатсиз, қотиб қолган одамгина хато қилмайди. Биз юзма-юз учрашувлар натижасида камчиликлар билан бирга ижобий ўргаришларни бугунги давр ўқувчиси дидига мос, маддоҳликдан холи материаллар орқали кўрсатиб беришимиз лозим”, дейди О.Аслонов.

Албатта, ОАВлари билан мамлакатимиздаги мавжуд расмий идоралар ҳамкорликда фаолият юритишсагина ижобий натижага эришиш мумкин. Бунинг учун, аввало раҳбар газета ўқиши, танқидий ёки ўта мақтов битилган мақолаларга ўз муносабатини билдириб бориши керак. Марказий нашрларга бармоқ учидан қараш мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий юксалишларни хаспўшлаётган, тирноқ орасидан кир қидиришга интилаётган “куч”ларга катта майдон яратишини унутмаслигимиз лозим.

Демак, ОАВларига обуна бўлиш масаласи фақат таҳририятларда эмас, балки ҳукумат доирасида қўллаб-қувватланиши лозимлигини давр тақозо этмоқда.

 

Дунё таниган, тан олган юртимиз бор

Бугунги кунда Навоий вилоятига “Эркин иқтисодий зона” мақоми берилгани хориж инвесторларида ўзгача қизиқиш уйғотди. Айни пайтда вилоятга ташриф буюраётган чет эллик инвесторлар оқими кучайгани мавжуд меҳмонхоналарда тўлов нархи хориж валютаси курсида белгиланганидан ҳам сезилди.

  • Маълумки, Конимех чорвачиликка ихтисослашган туман эди. Яқин йиллар ичида саноатлашган ҳудудга айланади, деб ҳеч ким ўйламаганди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Фахриддин Солиев. – 2019-2020 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан 25 та лойиҳа амалга оширилади. Маҳаллий тадбиркорларнинг ташаббускорлиги ошаётгани, туманга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг жалб этилгани натижалар режадан кўра салмоқли бўлишини ваъда қилмоқда. Хусусан, бугунги кунда вилоятимизга Канада, Украина, Греция, Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларнинг бир қатор компаниялари музокаралар олиб бориш учун ташриф буюришди.

Айни пайтда Конимех туманида ўз фаолиятини бошлаган “Konimex Nasl Chorva” МЧЖ бунга мисол бўла олади. Мазкур жамият Ўзбекистон – Эрон қўшма корхонаси ҳисобланиб, лойиҳа қиймати 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди.

Бугунги кунда корхонада 121 бош “Голштейн” зотли қорамол парваришланмоқда. Яқин келажакда қорамоллар сонини мингтага етказиш ҳамда хўжалик қошида сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш цехини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу мақсадда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Ҳаммамизга аёнки, бугун дунё тижоратчилари мамлакатимизга бежизга интилаётгани йўқ, уларнинг мақсади янги бозорда ўзининг қўшимча ишлаб чиқаришини ташкил этиш, эвазига мўмай даромад кўриш экани маълум. Шундай экан, бундан аввал ЛУКОИЛ сингари хориж инвесторлари билан тузулган шартномалардаги хатолик рўй бермаслиги учун эндиги ўзаро битимларда заррача камчиликка йўл қўймаслик зарур эканлигини давр исботлади. Пухта режа асосида эртанги кун истиқболини яратиш ҳам фарз, ҳам халқимиз олдидаги қарзимиздир.

Шу кунларда дунё инвесторларининг маълум қисми вилоятдаги шарт-шароитлар билан танишиш, ўз лойиҳалари асосида ҳамкорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдиришаяпти. Мазкур йилнинг 8 октябрида Ҳиндистоннинг “Delhi International Airport limited” (DIAL) компанияси тижорат директори Санжив Эдвард билан Навоий вилояти ҳокимлиги мутасаддилари ўзаро ҳамкорлик тўғрисида суҳбат ўтказишди.

Мазкур компания аэропортлар ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари, автомагистраллар қуриш ишлари билан шуғилланади. Шунингдек, шаҳар инфроструктурасини янги шаклда барпо этиш лойиҳаларини амалга оширади. Бу компания дунёдаги йирик тижоратчи карчалонлар орасида тўртинчи ўринни банд этиб турибди. DIALнинг Непал, Индонезия, Сингапур, Филиппин ва Греция сингари мамлакатларда фаолиятдаги  активлари ва лойиҳалари мавжуд.

Санжив Эдвард жаноблари Навоий халқаро аэропорти ва Халқаро интермодель логистика маркази билан танишаркан, ўзаро ҳамкорлик қилишдан мамнун эканини билдирди. Вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар бу юртнинг пойдевори мустаҳам, келажаги барқарор эканини англатади.

– Бугунги кунда вилоятнинг барча туманларида хорижий инвесторларни учратиш мумкин. Улар асосан хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган корхоналарни барпо этиш, уларни энг замонавий технологиялар билан жиҳозлаш лойиҳаларини тақдим этишмаяпти, – дейди Ф. Солиев. – Шунингдек, қуритилган мева маҳсулотларини қайта ишлаш, пахта толасидан турли кийим-кечаклар тайёрлаш ҳамда саноатнинг бошқа соҳаларига ҳам инвестеция киритишга тайёр эканини билдиришаяпти. Вилоятимизда хорижлик ишбилармонларнинг эркин фаолият юртишига барча қулайликлар яратилган.

 

Юсуф ЖЎРАЕВ.

(Мақоланинг тўлиқ вариантини “Hurriyat” газетасининг №39-сонида ўқишингиз мумкин)