Ориф Тўхташ:

2019-10-22T11:56:55+00:0022 Oktabr, 2019|Шеърлар|

ВАТАН НАДИР

Ватан надир, ватан надир?

Ватан – бешик, ватан – қабр.

Бу дунёга келмоғинг ҳам,

Кетмоғинг ҳам ватандадир.

Киндик қонинг томган тупроқ,

Боболардан қолган тупроқ.

Қон кечилган, жон чекилган,

Алар боис алвон тупроқ.

Кўзинг очиб кўрдинг нени,

Ва не мафтун этди сени?

– Ул ватандур, гул ватандур,

Қучоғига экди сени.

Ватан надир, ватан надир?

Ватан – меҳр, ватан – қадр.

Садоқат ҳам софдиллиги –

Оқ йўргак, оқ кафан каби.

У сенга бир содиқ ҳамроҳ,

Меҳри дўстдан мустаҳкамроқ.

Арзигайдур унинг учун –

Юрагингдан тиксанг байроқ!

Ота ватан, она ватан,

Ватанки, бир дона ватан.

Жаҳоним, деб атар бўлсанг,

Жо айлагил жона, ватан.

Ватан надир, ватан надир,

Бул шундоқким аталмадир –

Жаннат истаб бўлма гирён,

Асли ризвон ватандадир.

Не топсанг ул бағридин топ,

Ватанни ўз атридин топ.

Унинг соғинч изтиробин,

Бобурнинг шоҳ сатридин топ.

Унга меҳринг сероб бўлса,

Жонингни тут, керак бўлса.

Ўнг кўксингда Ватан ўстир,

Чап кўксингда юрак бўлса!

2000 йил