Пресс-релиз

2019-09-12T06:16:26+00:0012 Sentabr, 2019|Пресс-релизлар|

“Халқ сўзи” ва «Народное слова» газеталари таҳририяти мажлислар залида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари – тараққиётимизнинг маънавий асоси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир Ўзбектистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон Қуронов, Республика Маънавият ва маърифат маркази қошидаги маърифат тарғиботчилари жамияти аъзоси Феруза Муҳиддинова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 8 апрелдаги “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида миллий ғояни ривожлантириш концепциясини  ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармойиши ҳамда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 майдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари, маънавий-маърифий соҳа, марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда қайд этилганидек, глобаллашув жараёнининг шиддат билан тус олиши оқибатида ўсиб келаётган ёшлар орасида турли ёт ғоялар шаклланишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимизда рўй бераётган янгиланиш суръатларидан ортда қолмоқда, шунингдек, дунёда юз бераётган мураккаб мафкуравий ва геосиёсий жараёнларни англаш даражасининг етарлича шакилланмагани одам савдоси, экстремизм, «оммавий маданият» ва наркобизнес каби таҳдидларга қарши курашишда миллий ғоя омилидан фойдаланиш имкониятини бермаяпти.

Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар миллий ғоя халқимизнинг куч-қудратига айланиши учун шароит яратди. Энди гап миллий ғояни ҳар бир ўзбекистонликнинг нияти ва ҳаракатига айлантиришда. Яхши фикр яхшиликка, ёмон фикр ёмонликка йўл очади. Ахборот майдонини нуқул негатив фикрлайдиганлар эгаллаб олмаслиги учун позитив, некбин мазмундаги мавзулар билан мутаносиб тўлдиришга алоҳида эътибор қаратмоғимиз зарур. Негаки, катталар ҳам, болалар ҳам яхши-ёмон фикрлардан таъсирланади. Одамлар бир-бири билан ижтимоий тармоқда тортишади, айтишади, уришади. Лекин ҳамма ҳам бу негатив фикрлардан бошланган ғоялар кураши эканлигини англамайди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармойиш ва қарорлари ижроси доирасида  миллий ғояни ривожлантириш борасида илмий изланишлар олиб бориш ва бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларининг сифатини янада яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастур доирасида республика бўйлаб «Маънавият фестивали» ва «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси» танлови ўтказилди. «Бу йилда ўқиш зарур бўлган 100 та китоб» рўйхати тузилди. «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилди. Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси ҳамда жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитнинг ҳолатини аниқлаш ва манзилли соғломлаштириш методикаси ишлаб чиқилмоқда.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган устувор ғоя асосида  “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби дастурларнинг ҳаётга табдиқ этилиши аҳолини янгича фикрлаш ва ишлашга сафарбар этишда муҳим роль ўйнаётгани алоҳида таъкидланди.

Давра суҳбатида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.