Жиззахда “Энг улуғ, энг азиз” танлови ғолиблари тақдирланди

2019-08-19T05:19:07+00:0019 Avgust, 2019|Жиззах вил.|

“Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган, 2017- 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг маъно- мазмунига мувофиқ эрк, озодлик учун жон фидо этган юртдошларимиз ҳамда замонамиз қаҳрамонлари ҳақида вилоятимиз ижодкорлари томонидан бир талай асарлар яратилди.

Оммавий ахборот воситаларида халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳқилиш ҳақидаги туркум кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланди. Республикамиздаги тинчлик- осойишталик, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, мамлакатимиз эришаётган ютуқлар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Қўлга киритилаётган бундай юксак натижаларнинг асосий омили халқимизнинг фидоқорона меҳнати, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги, ижтимоий фаоллигининг ортганлигидир.

Ўзбекистон Рспубликаси Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий кўрик-танловининг мақсади ҳам халқимиз тарихи ва бугунги куни ҳақида ёзилган энг етук бадиий асарлар, публицистик мақолалар, санъат асарларини аниқлаш, уларнинг муаллифларини рағбатлантиришдир.

Жиззах шаҳридаги “Форум мажмуаси”да вилоят ҳокимлиги, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, республика Ёзувчилар уюшмасининг Жиззах вилоят бўлими ва журналистлар ижодий уюшмалари ҳамда “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамкорлигида кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танлов ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг мақолалари, телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари ҳамда тасвирий санъат асарлари, фото асарлари ва дизайн ишлари, кино санъати асарлари номинациялари бўйича ўтказилди.

Тадбирни вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Улуғбек Адилов кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг республика Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг раиси ўринбосари Холмурод Салимовлар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ижод аҳлига кўрсатаётган ғамхўрлиги ҳақида гапирдилар. Бугунги кўрик-танлов ҳам шу эътиборнинг бир намунаси дейилди.

Шундан сўнг “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови вилоят босқичининг ғолиблари эълон қилинди.

Кўрик-танловда ташкил этилган санъат асарлари ва янги бадиий китоблар кўргазмаси қатнашчиларга манзур бўлди.