Журналистлар соғлом турмуш тарзи тарафдори

2019-08-12T11:50:19+00:0021 Iyun, 2019|Жиззах вил.|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилояти бўлими томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари  ўртасида турли маънавий-маърифий, спорт-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш анъана тусига кирган. Наврўз умумхалқ байрами арафасида ижодкорлар ўртасида шахмат мусобақаси ташкиллаштирилган бўлса, 3 май – “Жаҳон матбуоти эркинлиги куни” муносабати билан журналист хотин-қизлар иштирокида велопойга ўтказилган эди. 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида эса волейбол, мини футбол беллашувлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3031-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда журналистларнинг касб байрами муносабати билан ташкиллаштирилган мазкур мусобақаларда Жиззах вилоятида фаолият кўрсатувчи матбуот ва ОАВ ходимлари ўзаро куч синашдилар.

  • Мақсадимиз – матбуот ва ОАВ ходимлари ўртасида оммавий-спорт ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштириш, ходимлар соғлигини мустаҳкамлаш ҳамда уларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш, қолаверса, ишчи-ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантиришдан иборат, – дейди уюшма раиси Эркин Шерманов.

Эътиборлиси, ижодий уюшма бу каби спорт тадбирларини ўтказишда вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби билан яқиндан ҳамкорликни ўрнатган.

  • Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Жиззах вилоят бўлими билан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида бир қанча спорт тадбирларини ўтказдик. Энди эса, Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш бўйича журналистларнинг фарзандларини ҳам спорт-соғломлаштириш тадбирларига жалб қилишни режалаштирмоқдамиз, – дейди вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Эркин Саттаров.

Журналистларнинг касб байрами арафасида ташкил этилган мазкур мусобақа сўнггида ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

                            Саид ДОНИШЕВ,

                            Ўзбекистон Журналистлари ижодий

                       уюшмаси Жиззах вилоят бўлими мутахассиси.