Миллий ахборот маконини ривожлантиришдаги устувор вазифалари

2019-08-22T12:43:33+00:0022 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда Миллий ахборот маконини ривожлантиришда журналистика соҳасининг устувор вазифалари юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.

Унда шу соҳада кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган журналистлар билан фикр алмашилди. Тадбирнинг асосий мақсади — соҳадаги ютуқ ва муаммоларни таъкидлаш билан бир қаторда, уларнинг ечими бўйича, шу жумладан ахборот соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар шакллантиришдир. Албатта, миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигини ошишига, давлат ва жамият орасида очиқ конструктив ахборот алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилиш билан биргаликда жамоатчилик назорати тадбирлари самарадорлигини оширишга имкон яратди.

Лекин ушбу имкониятлардан ким қандай фойдаланмоқда? Бугунги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири Интернет тармоғи орқали нолегал, нохолис ахборотларнинг оммавий ҳолатда тарқатилишидир. Ижтимоий тармоқлардан, тезкор хабарларни тарқатиш техник майдончаларидан, оммавий ахборотларни тарқатиш мессенджерларидан фуқароларнинг шахсга доир ҳуқуқлари, уларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ахборотнинг конфеденциаллиги қўпол равишда бузилган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Интернет тармоғида шахсини сир тутган айрим фойдаланувчилар қонунларда таъқиқланган ҳақорат ва туҳматга қаратилган ахборотларни ҳам тарқатяпти.

Энг хавфлиси балоғат ёшига етмаган болалар ва ёшлар учун ҳам бундай нолегал ахборотларнинг етиб бораётанидир. Ёшлар ривожланишининг физиологик ва психологик хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлсак, улар Интернет тармоғидаги қонунга хилоф равишда берилаётган ахборотларнинг қурбонига айланиб қолмоқда.

Бугунги кунда амалдаги қонунчилигимизда ахборот соҳасида қонунбузарликка йўл қўйилганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 6 та моддасида, Жиноят кодексининг 13 та моддасида жавобгарлик белгиланган. Айтиш лозимки, ушбу жавобгарлик турлари фуқароларнинг сўз эркинлиги билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқларини чеклашга қаратилмаган. Аксинча, улар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрў-эътиборини бошқалар томонидан поймол қилинишини олдини олиш билан боғлиқдир.

Иштирокчилар томонидан бундай нохолис ахборотлар тарқатилишига қарши курашиш жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ўрни, хусусан журналистларнинг ахборот маконида ҳар  хил турдаги зарарли ахборотларни тарқатилишига ўз муносабатларини фаол билдиришлари айтиб ўтилди. Қонун билан берилган ваколатлар доирасида журналист текширувларини ўтказиш орқали объектив таҳлил натижаларини жамоатчиликка етказишлари муҳимлиги тўғрисидаги фикр билдирилди. Шунингдек, журналистика соҳасини янада ривожлантиришга оид қонунчиликка киритиш лозим бўлган ўзгартиш ва қўшимчаларга оид таклифлар муҳокама қилинди.