«Менга нон эмас, пул керак» ёхуд бугунги «тиланчи» аслида ким?

2019-09-11T09:07:19+00:0011 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Халқимизда, айниқса, бечораҳол инсонга нисбатан раҳм-шафқат туйғуси кучли. Қийналганни суяшга, имкон қадар ёрдам бериб, ҳиммат кўрсатиб, олқиш ва дуолар олишга шошиламиз. Йўл-йўлакай қаршимизда мунғайиб ўтирган тиланчига ҳам ҳамёнимизда «атаб қўйганимиз» топилади. Зеро, садақа берилгандан кейин кўнгил ҳам таскин топади. Бироқ ҳар қадамда учрайдиган тиланчилар раҳмингизни эмас, қаҳрингизни келтириб турса-чи?!

Англагандирсиз, гап бутун дунёда «қора бизнес» деб аталувчи тобора қулоч ёзиб бораётган тиланчилик ҳақида кетяпти. Бугунги кунда одамлар гавжум бўлган жамоат жойларида, бозорлар, дўконлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, тўйхоналарлар, ошхона, шифохона, қўйингки, энг сокин жой саналган қабристонларда ҳам турли ёшдаги тиланчиларни учратиш мумкин. Баъзилари рисоладагидек кийинган, гап-сўзлари билан йўловчини ўйлантириб қўяди. Лекин ўлгудек сурбет, дуч келган одамнинг олдига бориб, пул сўрайди. Уни қорни оч тиланчи деб ўйласангиз, адашасиз. У фирибгар ёки товламачининг ўзгинасидир.

Маҳалламизда яшайдиган боланинг бозорда тиланчилик қилаётганини кўриб қолдим. Оқшом маҳали унинг уйига бориб, онасини чақиртирдим. Кўрганимни айтдим-у, балога қолдим. Аёл мени туҳматчиликда айблади. «Болам нон сотувчига ёрдамлашиш учун бозорга чиққан. Рўзғорнинг кам-кўстига ёрдами тегади деб рухсат берганман. Отаси бўлганда шу ишларни қилмасди», – дея йиғлаб-сиқтаб қолди. Минг хижолатда уйидан чиқдим.

Фарғона шаҳридаги автошоҳбекат ҳудудида ногиронлик аравачасида ёши етмиш­лардан ошган кампирнинг қўлига «Хайр-садақа қилинглар» деб ёзилган лавҳани тутқазиб қўйишибди. Ўзбек аёлига ярашмаган бу «бизнес»ни уюштираётган қайси нобакор бўлди?» деб ўйланиб қоласиз… Балки аёлнинг фарзанди йўқдир, дейсиз? Ҳеч бўлмаса, укалари, яқин қариндош-уруғлари бордир? У яшаб турган маҳалланинг «кўзи» қаерда? Уят, ор-номусни йиғиштириб қўйиб, аёлни шаҳарнинг энг гавжум ҳудудига келтириб қўйган кимса ҳам тиланчилик билан топилган пулга кўз тикиб турмаганмикин?

«Менга нон эмас, пул керак» дея оқ қоғозга ёзиб олиб, уни қўлида тутиб турибди бир аёл. Секин ёнига бориб сўрадим:

– Иккита иссиқ ноним бор, оласизми?

У қовоғини уйиб, менга беписанд қараб қўйди-да, кўрмаяпсанми дегандай, ёзувга ишора қилди.

Унинг ёнида улгуржи савдо билан шуғулланаётган сотувчидан сўрадим:

– Кар-соқовми, дейман, гапирмаяпти?

– Қаёқда? панароқ жой топиб, кимлар биландир телефонда гаплашади. Иш пайтида ўзини шунақа тутади, – деди истеҳзо билан.

– Ҳей бола сен-чи, сенга нон керакми? – дедим вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам маркази ёнида тўхтаётган автоуловлар томон чопиб бориб, пул талаб қилаётган тиланчи боланинг қўлидан тутиб.

– Қўйворинг қўлимни, менга нон керак эмас, пул керак, – деди у муттаҳамлик йўлига ўтиб.

Демак, боланинг қорни тўқ, усти бут, пулни эса бошқа эҳтиёжлар учун сарфлайди. Бу эса сўзсиз болани маънавий жиноятларга этаклайди. Бола энди бу ҳаётда бировларнинг ҳақига хиёнат қилиш эвазига кун кечиришга одатланади.

…Фарғона шаҳар буюм бозорининг дарвозаси ёнида кўзи ожиз аёл ашула айтяпти. Ёнида олти ёшлар чамасидаги бола аёлга садақа қилинаётган пулларни тартибга келтириб, чакмонга жойлаяпти…

Шу сонияларда боланинг эртанги куни ҳақида ўйланиб қоласиз. Бола шу туришида садақа учун қўшиқ куйлашни, яъни тиланчиликни орзу қилаётган бўлса-чи? Қани эди, аёл қўшиғидаги сўзлар бола қалбини эзгулик сувига қондираётган бўлса… Ўшанда «менга нон эмас, пул керак», дейдиганлар сафи биттага камаярди…

Шу ўринда яна бир савол туғилади: Хўш, мамлакатимизда тиланчилар «фаолияти» қонуний жиҳатдан тартибга солинганми?

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 9 январь куни имзоланган «Ўзбекистон ­Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ тиланчилик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилди.

Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда тиланчилик қилишга жалб этишга жазо чоралари белгиланди. Бу эса, фуқаролар шаъни, ғурурини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, тиланчига пул бериш ўрнига мазкур қонунларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш маъқул эмасми? Бу ҳақда бошқаларнинг фикри қандай?

Маъмура Абдураҳимова,

 Журналист.

Манба: «Ишонч»