Мен бугун баҳорни кўрдим

2019-07-14T05:34:01+00:001 Mart, 2019|Умумий янгиликлар|

Мен бугун баҳорни кўрдим…

Бир неча кундан буён қовоғи очилмаётган осмоннинг ҳавойи пўписасида, дам тиниб, дам шаррос қуяётган ёмғир томчиларида, ҳардамхаёл дарахтларнинг ўзларигада англамсиз табассумида, бўғотлар остида қунишиб ўтирган чумчуқларнинг оний тушларида кўрдим баҳорни.

Мен бугун баҳорни кўрдим…

Рутубатли ҳавонинг намхуш захрини писанд қилмагандек кўкрак тугмаларини ечиб, шахдам одимлаётган, юракларидаги қўр юзларига кўпчиган  йигитларнинг  ўктам нигоҳларида, илиқ кунларни кутиб сабри чидамаган, бир-бирини қўлтиқлаганча ёмғирпўшт остида сирли қадам ташлаётган қизлар эгнидаги нафис либосларнинг енгил тебранишида кўрдим баҳорни.

 

Мен бугун баҳорни кўрдим…

Кўчаларда пўртанадек тошиб, шошиб бораётган автолар оқимидан, гўё ҳуркак отлар уюридан ажралгандек, ажралиб чиққан машина йўл четига оҳиста тўхтаганида, набирасининг жажжи қўлчаларидан тутиб, ҳайдовчи йигитни алқаганича машинага ўтирган онахоннинг нур ёғилиб турган чеҳрасида, димоғимга фақат оналардангина тараладиган соғинч бўйи урилганида ва… шундоққина ариқ лабида сачраб чиққан майсаларнинг яшил рўйларида кўрдим баҳорни.

 

Мен бугун баҳорни кўрдим… У худди уятчан қизалоқлардек бармоғини тишлаганича остонада жилмайиб турибди. Ҳадемай у бўйқизлардек ифор таратиб, юракларни ўйнатиб, ақлларни ўйлатиб, нигоҳларни бўйлатиб, оппоқ либосларга бурканганича ўз намойишини бошлайди. Борлиқ уйғонади. Унинг ортидан суқланиб тикилади навқирон тераклар. Толлар шокилаларидан пояндозлар тўшайди унинг пойига. Митти офтобчалар – момақаймоқлар чамбараклар тўқийди. Мажнунтолларнинг мисранг хивчинлари  умид билан барг чиқаради. Яшариш, янгиланиш фасли бошланади. Тиниқиб ухлаган куртаклар кўз очиб, юз чаядилар абри найсонга. Чучиктил боларилар севги қўшиғини бошлайди. Нам тортган ғумбаклар офтобга елка тутиб, рангин капалакларга айланади. Чумолилар зир югуриб, бир-бирини қутлайдилар Янги кун билан. Майсалар кўкка бўй чўзади. Мастона ялпизлар ифоридан сув югуради тарошланган ариқ лабларига. Кекса тутлар юзларига тушган ажинларни унутиб, ёшлигини хотирлайдилар. Бетийиқ шаббодалар бармоқ теккизиб энтиктиради дилларни. Офтобнинг заррин нурлари қўзигулларга заъфарон ранг беради,  ол ранг  ато этади ял-ял ёнаётган лолақизғалдоқларга.

 

Баҳор нафақат оламга, балки руҳимизгада янгиланиш олиб киради. Дарахт новдаларига тириклик суви югургани мисол кўзларимизга нур, қалбларимизга сурур, билакларимизга куч, юракларимизга муҳаббат инади. Ҳадемай олам яшилликка бурканади. Қизилқум чўлларию, Нурота тоғлари, Афросиёб адирларию, Тошкент кўчалари яшил либос кияди ҳадемай.

 

Осмон варраклар ва болалар қийқириғига тўлади, қизлар кафтида эзилган ўсмаларга камон қошларда қайта жон инади, фақат ўзларигина ҳис этадиган орзиқиш билан довча терадилар юкли келинчаклар. Қўлларидан тасбеҳ, тилларидан шукроналик тушмайдиган отахонлар офтобрўй гўшаларда гурунгни бошлаб юборадилар. Ёш-яланг, қиз-жувон боғ-роғларга, шаффоф шабадалар рақсу само қилаётган қир-адирларга ошиқади. Қозонлар қайнайди. Аскиядан бир-бирига сабоқ бераётган йигитлар қаҳқаҳаси, сирли пичирлашган қизларнинг шодон кулгуси янграйди.

 

Мен бугун баҳорни кўрдим…

Кўкламнинг тансиқ неъматини татиб кўрган боболар шукронасида, момолар «омонлиқ-соманлиқ, ҳеч кўрмайлик ёмонлиқ» дея кўзларига суртган бойчечак ифорида, сизу бизга қувонч, юртимизга қут-барака, эзгулик тилаб чиққан қуёшнинг заррин нурларида кўрдим баҳорни…

БАҲОРИНГ МУБОРАК ЎЗБЕКИСТОНИМ!!!

Воҳид ЛУҚМОН

Шарҳ қолдириш