Меҳнат қонунчилигининг бузилишига оид мурожаатлар кўп

2019-12-27T12:29:27+00:0027 Dekabr, 2019|Навоий вил.|

Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида Навоий вилояти шаҳар-туман Адлия бўлимларининг 2019 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир вилоят Адлия бошқармаси, шунингдек Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Навоий шаҳар ҳамда Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор ва Хатирчи туманлари Адлия бўлимлари масъулларининг ҳисоботлари тингланди.

Таъкидланишича,  жойларда иш берувчилар, турли давлат органлари томонидан инсонларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусан, биргина Хатирчи тумани мисолида айтадиган бўлсак, Адлия бўлимига келиб тушган 350 га яқин мурожаатларнинг 100 дан зиёди меҳнат қонунчилигининг бузилиши билан боғлиқ.

—Йил давомида вилоят адлия бўлимлари тиш берувчилар томонидан тўланиши асоссиз рад этилган қарийиб 60 миллион сўмлик ойлик маошлар ундириб берилди, – дейди Хатирчи туман Адлия бўлими бош маслаҳатчиси Аброр Сатторов. – Афсуски, мазкур ташкилотлар асосан давлат муассасалари саналади. Масъулларнинг меҳнат қонунчилигини пухта билмаслиги шу каби ҳолатлар келиб чиқишига омил бўлаяпти.

Мутахассисларга кўра, жойлардаги пенсия жамғармаларининг қонунга зид хатти-ҳаракати ҳам ёшга доир пенсияга чиқиш арафасидаги фуқароларнинг сарсон бўлишига сабаб бўлаётир. Гарчи меҳнат дафтарчасида иш стажлари кўрсатилган бўлса-да, афсуски айрим ҳолатларда архив идораларидан тегишли ҳужжатларнинг топилмаслиги натижасида пенсия жамғармалари фуқароларнинг  ўн йиллик иш стажини инобатга олмаяпти. Йил давомида мазкур муаммо юзасидан Адлия бўлимларига ўнлаб мурожаат қилинган. Адлия ходилари кўмагида шу мазмунда мурожаат қилганларнинг ҳуқуқлари тўлиқ  тикланиб, тайинланган пенсия миқдорлари оширилишига эришилган.

—Кўпчилик корхоналар ногиронларни ишга қабул қилишни рад этади, – дейди Навоий шаҳар Адлия бўлими раҳбари Азамат Икромов. – Бироқ, ҳар бир давлат ташкилоти мавжуд штатларининг маълум қисмини ногиронларга ажратишга мажбур – бу қонунда белгиланган. Ушбу масалада ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларнинг барчаси юзасидан мутасаддиларга тушунтиришлар берганимиздан сўнг, ижобий ҳал бўлди.

Анжуман давомида Адлия бўлимларининг ОАВ билан ҳамкорлик масаласида муаммолар борлиги, ахборот алмашиш жараёни сустлиги ҳақида фикр юритилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди.

Озод МУСТАФОЕВ,

  Уюшманинг Навоий вилоят

 бўлими мутахассиси