Мажбурий меҳнат индикаторларига нималар киради?

2019-08-12T11:48:01+00:0031 Iyul, 2019|Наманган вил.|

            Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида журналистлар учун мажбурий меҳнат, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг бу борадаги республикамизда ратификация қилинган Конвенцияларининг бажарилиши бўйича тавсиялари мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

            Наманганда фаолият кўрсатаётган даврий босма нашрлар, марказий оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, миллий ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида мустаҳкамлаб борилаётган қонунчилик асослари ҳақида сўз юритилди. Хусусан, давра суҳбатида бугунги кунда омма орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган мажбурий меҳнат ва унинг кўринишлари тўғрисида атрофлича тушунча берилди.

—Бугунги кунда ушбу мавзуни кенг тарғибот қилиш зарурияти янада долзарб бўлиб бормоқда, — деди Наманган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси мутахассиси Қ.Содиқов. — Чунки, ижтимоий тармоқларда мажбурий меҳнат ҳолатлари турлича талқин қилиниб, масаланинг илдизига етишда бу борадаги қонун ҳужжатларидан тўла хабардор эмаслик оқибатида вазиятни чигаллаштириб юбориш ҳоллари учрамоқда. Фуқаролар, ҳуқуқий шахс мақомидаги субъектлар, иш берувчилар ва ишловчиларнинг меҳнат қонунчилиги бўйича амалий ва назарий билимларини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланишмиз зарур.

Ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва бошқа таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас. Демак, ходимни зўрлаш ёки қўрқитиш, жазо қўллаш, меҳнат фаолияти ва рағбатлантиришни чеклаш каби усуллар орқали бевосита  мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар қандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат деб топилади. Ходимларни уларнинг ихтиёрисиз ободонлаштириш, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ва қурилиш ишларига, шунингдек, турли тадбирларга жалб қилиш кабилар ҳам мажбурий меҳнатнинг кўринишлари деб баҳоланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасига мувофиқ, “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.”

Бу каби меъёрларни Меҳнат кодексининг 7-моддасида ҳам кузатишимиз мумкин: “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддасида “Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно”деб белгилаб қўйилган.

Мажбурий меҳнатга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини таъкидлаб ўтиш муҳим ҳисобланади.

-Мажбурий меҳнат элементлари қуйидаги мажбурий меҳнат индикаторлари орқали ўз ифодасини топади ёки баҳоланади, – дейди Қ.Содиқов – Алдаш, ҳаракатланишни чеклаш, изоляция қилиш, жисмоний ва жинсий зўравонлик, дўқ-пўписа ва қўрқитишлар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйиш, маошни тўламаслик, заифликдан фойдаланиш, қарзга ботириш, меҳнат ва яшашнинг тубдан шароитлари, ўта кўп соат давомида ишлатиш, ҳуқуқлар, устунликлар, имтиёзлардан маҳрум этиш. Шулардан, дўқ-пўписа ва қўрқитишлар ҳамда ўта кўп соат давомида ишлатиш каби индикаторлар бизда кўпроқ учрайди.

Давра суҳбатида мутахассислар томонидан журналистларни қизиқтирган мавзуга доир кўплаб саволларига жавоб қайтарилди.

Акрамжон САТТОРОВ,

“Наманган ҳақиқати” газетаси

бош муҳаррир ўринбосари.