Матбуот анжумани: Ҳар бир ишчи-ходим касаба уюшма ташкилотлари ҳимоясида

2019-12-26T11:48:27+00:0026 Dekabr, 2019|Самарқанд вил.|

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан тасдиқланган режага кўра, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашган кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов билан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашган кенгаши раиси ўринбосари А.Қодиров кенгаш томонидан вилоятдаги корхона-ташкилотлар ходимлари учун яратилган имтиёз ва имкониятлар, меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот берди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашган кенгашида ўтказилган анжуманда таъкидланишича, жорий йилда ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасида олиб борилган муайян ишлар натижасида нодавлат корхоналарида 257 та касаба уюшма бошланғич ташкилотлари тузилиб, уларнинг 4597 нафар ходимлари касаба уюшма аъзолигига жалб этилди. Бугунги кунда вилоят бўйича касаба уюшмалари таркибида 5 тармоқ, 16 туман ва шаҳар кенгашлари, 3334 бошланғич касаба уюшмалари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Йил давомида бирлашма кенгашига фуқаролардан 262 та мурожаат қабул қилинган бўлиб, улардан 126 таси ёзма, 4 таси оғзаки, 86 та электрон ҳамда 46 таси ишонч телефонлари орқали келиб тушди. Уларнинг 90 таси ижобий ҳал қилинган бўлса, 158 нафар фуқарога қонун ҳужжатлари асосида тушунтириш ишлари олиб борилган.

– Ўтаётган йилимизда ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасидаги қатор ишлар ташкил этилиб, касаба уюшмалари томонидан 4700 нафар, “Шуҳрат ороми” маъсулияти чекланган жамияти томонидан эса 250 нафар ишчи-ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун 7 миллиард 680 миллион сўмлик йўлланмалар ажратилиб, касаба уюшмалари тизимидаги санатория ва дам олиш уйларида соғломлаштирилди, – дейди Суҳроб Рафиқов. – «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури асосида 102 нафар ишчи-ходимлар ва “Обод қишлоқ” дастурига асосан эҳтиёжманд оила аъзоларидан 25 нафарига, шу билан бирга вилоят ҳокимлиги сектор раҳбарларининг ҳудудлардаги қабулларида мурожаат қилган фуқаролардан 16 нафарига бепул йўлланмалар ажратилди. Қарийб 9,5 минг нафар бола касаба уюшмалари, корхона-ташкилот ва ота-оналар маблағлари ҳисобидан болалар оромгоҳларида дам олишди.

Касаба уюшмаларига аъзо бўлган 12 мингдан зиёд корхона-ташкилотларда жамоа шартномалари қабул қилиниб, улар орқали жами 408 мингдан зиёд ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинди. Чунончи, мазкур жамоа шартномалари асосида 223 мингдан зиёд ишчилар қўшимча таътил имтиёзларидан фойдаланди. Жамоа шартномалари ва келишувлар орқали 7066 нафар фуқаро ва 2566 та оилага 2 миллиард сўмдан ортиқ ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Матбуот анжуманида йил давомида 764 нафар ишламайдиган пенсионерлар ва корхонанинг собиқ ходимларига, 900 нафар пенсия ёшидаги шахсларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш учун 81.6 миллион сўм маблағ ажратилганлиги таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, 1575 нафар кам таъминланган ёш оилаларга 68.9 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Тармоқ касаба уюшмалари, корхона, ташкилот ва муассаларда фаолият кўрсатаётган 10 мингга яқин ишчи-ходимлар учун мамлакатимиздаги тарихий шаҳарларга, зиёратгоҳ ва қадамжоларга саёҳатлар ташкил этилди.

Матбуот анжумани давомида журналистлар вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашган кенгаши фаолиятини янада ривожлантириш, кўпроқ нодавлат корхона ва ташкилотларни ўз сафига жалб қилиш бўйича тузилган режалар ҳақида ҳам кенг маълумотларга эга бўлишди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.