Масъулият чегараси

2019-08-16T06:44:14+00:0016 Avgust, 2019|Умумий янгиликлар|

Мамлакатимиз тараққиётининг бугунги — янги босқичи дунё миқёсида ғоявий курашлар тобора кучайган паллага тўғри келди. Мафкура майдонларида замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланилаётгани эса юз бераётган воқеа-ҳодисалардан ниҳоятда қисқа муддатларда хабар топиш, у ёки бу масалага муносабат билдириш имконини бераяпти. 

Энг муҳими юртимизда ҳам оммавий ахборот воситаларига эркинликлар берилгани, фуқаролик жамиятининг асоси бўлган сўз эркинлиги таъминлангани ҳар биримизга туб ислоҳотлар моҳияти, бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар хусусида ўз қарашларимизни эмин-эркин баён қилиш учун шароит яратди. Узоқ йиллар давомида воқеъликка холис баҳо бериш, танқидий мулоҳазалар билдиришга кўникмаган газета-журналлар, телевидение ҳамда радиоканалларимиз қаторига блогерлик институтининг қўшилгани эса жамият ривожига тўсиқ бўлаётган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни дадил кўтариб чиқиш имконини берди.

Айни пайтда чекка бир қишлоқ аҳолисининг ичимлик сувига зор экани, кимнингдир фарзанди ноҳақликка учраётгани, бир мансабдорнинг ноқонуний хатти-ҳаракати туфайли моли, давлатидан айрилиб қолаётган тадбиркор муаммолари ҳам аксарият ҳолларда айнан ана шу институт вакиллари томонидан жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиняпти. Янгидан-янги сайтларнинг пайдо бўлиши ҳам бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, жойларда ҳал этилмаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳақида тезкор маълумотлар олиш имконини оширди.

Шу ўринда юртимизда сўз эркинлиги таъминланаётгани халқаро ҳамжамият томонидан қизғин қўллаб-қувватланганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Бир сўз билан айтганда, кейинги уч йил мобайнида ўзгаришлар даври тарихига жамиятимизнинг энг катта ютуғи сифатида сўз эркинлиги таъминлангани муҳим воқелик сифатида кирди, дейиш мумкин.

Тан олиш керак, кейинги йилларда бир қатор вилоятларда авж олган “буз-бузлар” билан боғлиқ хатоликлар ҳам асосан блогерлар томонидан фош этилди. Ижтимоий тармоқлардаги тезкорлик, очиқлик туфайли эса хатога йўл қўйган мансабдорлар ҳақида давлат раҳбари ва ҳукуматга тезкор ахборотлар етказиш имконияти кенгайди.

Ўз ўқувчилари томонидан “халоскор” сифатида эътироф этилаётган блогерлар “халқни қақшатган” мансабдорларга нисбатан янада кучлироқ жазолар тайинланишини талаб этиб, жамиятда ўз мавқелари мустаҳкамланиб бораётганини ҳам кўрсата бошлади.

Бу жараён айни қизиган паллада блогерлар қатори журналистлар ҳам ижтимоий тармоқлар орқали ўз фикрларини билдираётир. Хусусан, “XXI аср” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалил бир қатор ҳокимлар хатосига муносабат билдирар экан “… оддий бир қаламкаш сифатида фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқини оёқости қилган, оёғи ердан узилган, атрофида ўз ҳайбаракаллачиларини тўплаб олган ҳокимлар тавба-­тазарру қилмасин, мард бўлса истеъфо берсин” дея кескин фикр билдирди.

Албатта, ҳар ким ўз фикрини, маълум бир масала хусусидаги қарашларини эмин-эркин баён этиши мумкин ва юртдошларимиз бу қарашларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга кўникдилар ҳам.

Чиндан ҳам жамиятимизда анчайин фаол кучга айланган блогерлар, фидойи журналистлар саъй-ҳаракати билан тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган қатор муаммоларга эътибор қаратилиб, уларни ҳал этиш жамоатчилик томонидан қатъий назорат қилиняпти.

Ана шундай бир пайтда давлатимиз раҳбари ижтимоий тармоқлар орқали айрим мансабдорлар фаолияти (ёки фаолиятсизлиги)дан норозилигини билдираётган аҳоли фикри билан танишиб, раҳбарларнинг бундай хатти-ҳаракатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини бот-бот такрорламоқда.

Зеро, одамлар оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш барча бўғиндаги раҳбарларнинг асосий вазифасидир. Бу йўналишдаги эзгу ҳаракат ва интилишлар самарасида қўлга киритилган ютуқлар билан бирга ҳали ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳам бор, албатта. Аммо ана шундай бир пайтда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан турли мақсадларда фойдаланаётган фуқаролар ҳам борлигидан кўз юммаслигимиз керак.

— Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмайдиган мавзунинг ўзи қолмади, — деб ёзади “Халқаро пресс-клуб” раиси Шерзодхон Қудратхўжаев ўзининг facebookдаги саҳифасида. — Албатта, ҳар бир инсон ўз фик­рига эга, эркин фикрлаш ва фикрини оммавий билдириш барчанинг ҳуқуқига киради. Аммо шундай нозик пардалар борки, ҳар ким истаганича фикр билдира олмайди. Булар шахсий ҳаётга аралашув, кимнидир ҳақорат қилиш, кимгадир таҳдид қилиш, кимгадир уруш эълон қилиш. Бунинг учун жавобгарлик ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Ана шундай ҳолатлар инсонларнинг шахсий ҳаётига дахл қилиш, кимгадир иғво қилиш, таҳқирлаш, қадр-қийматини топташ, мавзуни юзаки чайнаш, “деди-деди”ларнинг кўпайиб бориши бир пайтлар АҚШ тажрибасида “Trans War” яъни ОАВдаги “ахлатлар жанги” деб таърифланган. Демак, “ахлатлар уруши” бизга ҳам етиб келди…

Ш.Қудратхўжаевнинг фикрича, улғаяётган организм оғриқлари сингари бундай жараёнларни барча демократик давлатлар бошидан кечирган. Савол туғилади, биз шундай шароитда нима қилишимиз керак? Назаримда, ўзимизни тута билишимиз, шахсиятга тегмаслигимиз, шахсий ва жамиятга оид масалалар ўртасидаги фарқни ажрата билишимиз, нима бўлган тақдирда ҳам ўзаро ҳурматни, бағрикенг муносабатни сақлай билишимиз муҳим.

Муҳими, энди юз берган воқеалардан тўғри хулоса чиқариб, фақат олдинга интилиш лозим. Бу эса фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилишдек олижаноб мақсадлар рўёбига хизмат қилади.

…Ҳаёт йўллари турфалиги, унда гоҳ қувонч, гоҳ ғам алмашиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Айни вақтда ҳеч бир инсон мен доим ҳаётнинг текис ва ёруғ йўлидан юраман, деб айта олмайди. Чунки бу йўлларнинг оқ ва қора чизиқларини ҳамма бирдек босиб ўтиши азалий қонуният.

Аммо бир ҳақиқат борки, сабрли, имон-эътиқодли, ақлга таяниб иш кўрадиган одамлар ҳаётнинг қора чизиғини ҳам матонат билан босиб ўтади. Лекин ҳамма ҳам одам. Кимнидир биргина ёмон иши учун чоҳга итариб бўлмайди. Уни кечириш, тўғри йўл топишига имкон бериш, зарур бўлса, қўллаб-қувватлаш асл инсоний қадриятлардан ҳисобланади. Муқаддас динимизда ҳам банда билиб-билмай хато қилиб қўйса, сўнг хатосини тан олиб, тавба қилса барча қилмиши кечирилиши, зиммасидан соқит бўлиши таъкидланган.

Бир донишманддан: “Қачон одамлар бир-бирига доимий меҳр-оқибатда бўлади?” деб сўралганда, у: “Одамлар бир-бирини кечириб яшаса” деган экан. “Нега доимий меҳр-оқибатда кечиримлилик шарт қилинаяпти?” деган саволга эса, “Сабаби одамлар хатодан ҳоли яшай олмайди” деб жавоб берган экан.

Чиндан ҳам медиа оламидаги жанглар ҳар қандай жамиятда ҳам ўтиш даври оғриқсиз ўтмаслигини англатаяпти. Ўзаро мулоқотлардаги зиддиятлар, агрессив муносабатларнинг тобора кучайиб бораётгани, билиб-билмай хато қилган кишилар фаолиятидан ҳаддан зиёд кескин хулосалар чиқарилаётгани жамиятда сунъий тарзда чўзилган трансформация жараёнларининг оғир оқибатидир. “Истеъфога чиқсин, қаттиқ жазолансин” қабилидаги даъватлар эса меҳрли, оқибатли ва кечиримлиликни фазилат санаган миллатнинг қиёфасини кўрсатмайди, аслида.

Маълумки, кейинги уч йиллик ҳаётимиз ниҳоятда тезкор ўзгаришлар билан кечди. Бир соҳа ёки тизимда эмас, барча йўналишларда бир хил ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда барча ҳудудларимизда, ҳатто чекка қишлоқларимизда ҳам “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари доирасида улкан бунёдкорлик ишлари олиб бориляпти. Замонавий, кўркам уй-жойлар, ижтимоий объектлар қуриляпти.

Тўғри, жамиятимизда бўлаётган ўзгариш, воқеа-ҳодисаларга ҳар ким ўз қарашларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдиришга ҳақли. Сўз эркинлиги, фикрлар мустақиллигига дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Лекин бу ўйламай, мушоҳада қилмай, бугунги кун шарт-шароитларини инобатга олмай тилга келган гапни айтиш, сўз эркинлигини хоҳлаганча суиистеъмол қилиш дегани эмас. Ҳудуд аҳолиси минг пушаймон бўлган ҳокимларни кечириб турган бир шароитда, ижтимоий тармоқлар орқали яна одамлар фикри, қарашларини ўзгартиришга ҳаракат қилинаётганини тушуниш қийин, албатта.

Тўғри, камчиликлар ҳақида ёзиш керак. Нуқсонларга йўл қўйганлар, аҳоли талаби ва хоҳишига зид иш тутиб, мавжуд муаммоларга бефарқ қараганлар ҳар қанча танқидга арзийди. Аммо буларнинг барчаси холисликка асосланган бўлиши шарт. Тирноқ остидан кир қидириш эса ўртага шахсий манфаат, шахсий қарашлар аралашаётганидан далолатдир. Бу журналистлар, блогерлар вазифаси ёки мақсадига ҳам кирмаса керак. Бунинг эса хавфли томонлари ҳам бор. Яъни айрим блогерларнинг қуюшқондан чиқиши, жамиятга, фуқароларга муайян бир шартлар қўйилиши демократияга, сўз эркинлигига салбий таъсир этиши мумкин.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси одамлар манфаати, юрт тараққиётига қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатларни маъқуллайди ва юқоридагидек масалаларда ҳам муросаю мадора йўлини танлаш тарафдори эканини доимо таъкидлаб келган.

Агар Ўзбекистонимизни юксак манзилларга қараб су­зиб кетаётган бир кемага ўхшатсак, барчамиз — 33 миллион ватандошимиз шу кеманинг йўловчилари эканини англаб етамиз. Кема ичида хотиржамлик ва ҳамжиҳатликнинг бўлиши шундоқ ҳам сердовул ва сезилмас сув ости бўронларига бой ҳаёт уммонида барқарор илгарилашимизни таъминлайди. Турли фикрларни рўкач қилиб шовқин-сурон кўтарсак, ҳадеб кимнингдир ёқасига ёпишсак, кеманинг мувозанатини бузамиз ва нафақат ўзимиз, келажак авлодларимиз учун ҳам хавф туғдирган бўламиз.

Албатта, фикрлар хилма-хиллиги, турли дунёқарашларнинг бўлиши табиий ҳол. Худо инсонни турли тилли, ирқли ва миллатли этиб яратиб унга ўзаро аҳил яшаш ва биргаликда ривожланишни буюрган. Бас, шундай экан, бир-биримизни инсон эканлигимиз учун ҳурмат қилишни ўрганишимиз лозим. Ўзаро фикрлашишимиз, тортишишимиз, баъзан инкор қилишимиз, ўзгартиришимиз зарур. Зеро, плюрализм ҳақиқатни тиниқлаштиради. Лекин бу тортишувлар мамлакатимиз манфаатлари, она Ватанимизнинг юксалиши мақсадида бирлаша оладиган бўлиши лозим.

Равшан МАҲМУДОВ

Манба: “Milliy tiklanish” газетаси