Марказий сайлов комиссияси ва ОАВ ўртасида икки томонлама битимлар имзонлади

2019-09-13T10:35:59+00:0013 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Uzreport” ахборот агентлиги билан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарликнинг бориши ва ўтказилишини ёритиш бўйича икки томонлама битимлар имзолади.

Сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади. Улар аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга ёрдам бермоқда. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайлов комиссиялари фаолияти ошкоралигини таъминлашда ҳам асосий ўрин тутади.

Битимларни имзолашга бағишланган тадбирда таъкидланганидек, аввалги парламент сайловлари даврида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича катта тажриба тўпланди.Бу йилги бўлиб ўтадиган сайловларнинг энг аҳамиятли жиҳати сиёсий тадбирлар жорий йил июнь ойида тасдиқланган Сайлов кодекси тамойиллари асосида ўтказилади.

Битимлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар Дастурида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида сайловлар ҳақида жамоатчиликни ўз вақтида хабардор этиш, сайлов кампанияси тўғрисида хорижий мамлакатлар давлат ва жамоат арбоблари, эксперт ва таҳлилчилари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг фикр-мулоҳазалари билан мамлакатимиз аҳолисини доимий равишда таништириб бориш борасидаги ишларни самарали ташкил этишга қаратилган.

Имзоланган битимларни амалга ошириш доирасида барча даражадаги сайлов комиссияларининг фаолиятини изчил ёритиб бориш, депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидалари, мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига тааллуқли мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари, тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилади.

Битимни бажариш бўйича масъул ҳар бир ташкилот ўз иш режасини ишлаб чиқишига ва амалга оширишига келишиб олинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати.