“Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила”  журналининг илк сони чиқди

2019-09-17T13:42:34+00:0017 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” номли халқаро журнали таъсис этилиб, унинг илк сони нашр этилди.

Журналнинг тақдимоти Тошкент шаҳридаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида ўтказилди.

Нашрнинг нинг асосий вазифаси – фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар натижаларини таҳлилий мақолалар, библиографик ва илмий шарҳлар ҳамда хабарлар, тақризлар, ҳужжатлар, тарихий маълумотномалар ва гендер масалалари ва оила институти соҳасидаги бошқа илмий материаллар кўринишида чоп этишдан иборат.

Тақдимот анжумани журнални эксперт доиралари ва кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида ташкил этилди. Тадбир журнални мазмунан такомиллаштириш бўйича тавсияларни тайёрлаш, соҳа экспертлари доиралари, илмий-тадқиқот муассасалари билан тизимли ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек Ўзбекистонда оила институни мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказилмоқда.

Мазкур нуфузли илмий нашрнинг бош муҳаррири – “Оила” маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди, Олий Мажлис сенатори Д.Г.Ташмуҳамедова. Журнал босма ва электрон шаклда рус ва инглиз тилида 2019 йилда бир йилда икки марта, 2020 йилдан эса, ҳар чоракда нашр этилади. Мазкур илмий нашр халқаро маълумотлар базаларига (SCOPUS, Web of Sciences, EBSCO, Россия илмий иқтибослаш индекси) киритиш учун зарур бўлган ISSN серия рақами халқаро стандарти ва DOI объектнинг рақамли идентификаторига эга. Ундаги барча адабиётлар кирилл ва лотин алифбосида келтириган бўлиши билан бир қаторда, мақолалар инглиз тилидаги аннотацияга ҳам эга.

Илмий журналнинг таҳририят кенгаши ва таҳририят хайъати аъзолари мамлакатимизнинг етук сиёсатчилари, парламентарийлари, халқаро миқёсда танилган олимлар ҳамда Германия, Буюк Британия, Қозоғистон, Канада, Қирғизистон, Россия, АҚШ, Тожикистон, Франция, Япония мамлакатларининг кўзга кўринган тадқиқотчи-олимлари, фан арбобларидан иборат.

Қайд этиш зарурки, журнал оила ва никоҳ масалаларини ёритиш соҳасида биринчи фанлараро нашр ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) рўйхатига киритилган.

Журнал  хорижий ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлилий доираларни Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ва ёшларни тарбиялаш борасидаги тажриба ҳақида хабардор қилиш, шунингдек мазкур соҳада халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатишга имкон яратмоқда.  Нашрнинг босма версияси билан бирга унинг интернетдаги он-лайн режимдаги махсус сайти –http://sgfjournal.uz ҳам ишга туширилди.