Маърифий давра бизга нима беради?

2019-11-26T09:50:52+00:0026 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Яқинда театр, концерт ва кинога кирган, асар муҳокамаси ёки ижодкорга бағишланган кечаларда қатнашганлар билан суҳбатлашсангиз, улар бу саволга аниқ ва ижобий жавоб беришади.

Бу фикр хаёлимга Булунғурга – журналист дўстим Холбой Қосимовнинг 65 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда келди.

Чиройли миллий чорлов мусиқаси меҳмонларни  кутиб олди. Туман ҳокими Б.Баҳромов биринчи бўлиб сўзга чиқди.

—Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродовнинг 80 йиллиги тадбири бизга сабоқ бўлди, — деди у. — Бундай анжуманлар кишини инсонни қадрлашга, даврада ўтиришга, минбарда гапиришга ўргатади. Мисол учун, мана шу мажлислар залида ҳам фақат расмий йиғилиш ва таҳлилларни ўтказамиз. Очиғи, ҳали истироҳат боғи, дурустроқ концерт залимиз йўқ. Шу сабабли бу ижодий анжуманни шу ерда уюштирдик. Ҳозир меҳмонлар ва залда ўтирганларнинг туришига, кайфиятига ҳавасим келиб турибди. Холбой Қосимовга келсак, 21 йилдан бери туман маънавият марказини бошқаради. Бир қанча китоб чиқарди, очерк ва фельетонлар ёзиб туради. Муҳими, туманда ижтимоий муҳитни яхшилашга бизга тавсиялар беради.

Бундай одамлар фаолиятини эъзозлаш бошқаларни ҳам шундай ишлашга даъват этади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, адабиётшунос Сайди Умиров ўз собиқ талабасининг бугунги обрўси ва ижодий жўшқинлиги, шоир Нодир Жонузоқ эса тумандошининг ибратли ҳаёти, журналистлар Шуҳрат Рўзиев, Ғулом Ўролов ҳамкасбининг ижодий жўшқинлиги хусусида сўз юритди. Туман бадиий ҳаваскорларининг жонли ижролари даврага файз бағишлади.

Даврадан яхши кайфият билан чиқар эканман, хаёлимга кўп саволлар келди:

Бизга бундай маърифий давраларни уюштиришга нима, ким халақит беради? Ҳар бир туманнинг, ҳар бир қишлоқнинг Холбой Қосимовга ўхшаган зиёлиси йўқми? Яхши ўқитувчилар, шифокорлар кечасини ўтказиш мумкин эмасми? Бундай тадбирларни айнан ҳокимликлар ёки мусиқа мактаблари залларида жадвал асосида, мунтазам ўтказишни ким зиммасига олади? Илғор зиёлиларга, фаол фуқароларга бепул обуна чиптаси, китоблар ҳадя қилишни-чи?

 Фармон ТОШЕВ.