Мансабга «палаги тоза» киши қўйилган бўлса унда нега янги тайинлов ва бўшатувларнинг адоғи кўринмайди?

2019-08-15T11:39:46+00:0015 Avgust, 2019|Ҳафта мақоласи|

Мулоҳаза, муносабат, мунозара

 Ривоятнинг ҳикмати

Кўчада бир кишини кўпчилик ўртага олиб дўппослайверса, у зарба қаерига тушмасин:

– Во-оҳ, орқам, – деб дод солармиш.

Шу яқиндан ўтиб бораётган отахоннинг унга раҳми келиб:

– Қўйиб юборинглар, ўлдириб қўясизлар, – дея ўзини ўртага ташлабди.

Кекса кишининг салобати босибми, зўравонлар калтаклашни бас қилиб бирин-сирин тарқалишибди.

Отахон азият чеккан кишига кўнгиллик бергач сўрабди:

– Болам, мен бир нарсага тушунмадим, нега сен мушт юзингга, бошқа ерингга тушса ҳам «во-оҳ, орқам» дея дод солдинг, нима бу пешгирликданми?

– Наҳот боисини тушунмаган бўлсангиз, отахон, – дебди калтак еган киши. – Агар орқамда турадиган жонкуярларим бўлганида шуларнинг мени уришга ҳадлари сиғармиди…

Бу – тилдан тилга кўчиб, ким неча аср ошган ривоят. Унда катта ҳикмат бор. Якка отнинг на чанги, на донғи чиққани каби ҳар биримиз туғишганларимиз, жонкуяр дўст-биродарларимиз билан қудрат касб этамиз. Янада яланғочроқ ифода этадиган бўлсак: «Ё заринг, ё зўринг бўлсин».

Минг шукурки, зар ёки зўр ҳамма нарсага қодир деб билинган замонлар ортда қолди.

«Каттакон»нинг «эркатой» боласи

Қишлоғимизда Сулаймон темирчи деган киши яшарди. Биз – қора-қура болалар кўпинча унинг устахонаси яқинидаги тепаликда мол боқиб, ўйинга берилардик. Уста бобо турли иш қуроллари ясаш билан чегараланиб қолмай пичоқ чархлаб, ўроққа тиш чиқарар, тумшуғи синган чойнакларни чегаларди. Ота-онамиз бирон юмуш билан унинг олдига юборишса, уста бобо қулоқ ёки билагимиздан ушлаб:

– Айт-чи, отанг этикчими, туйдикчи (туйдик – пуфлаб чалинадиган сопол соз), айтсанг қўйиб юбораман, – дер эди.

Жон аччиғи, тезроқ қутулиш илинжида шоша-пиша отамизнинг касби-корини айтардик. Уста бобо салмоқланиб:

– Демак, сен ҳам шундай бўлар экансан-да, – дерди.

Ва орадан йиллар ўтиб уста бобо каромат қилганидек чўпоннинг ўғли чўпон, тракторчининг ўғли тракторчи бўлиб етишар, фақат қишлоқда катта-кичик амал курсисини эгаллаган кишиларнинг фарзандлари ота изидан боришар, албатта бунда «жонкуяр» отанинг нон-тузини тотган, «совға» тариқасида чўзганларини олган юқоридаги «юзи сувли» танишлари тиргак ролини ўташарди. Шўро йилларида онг-шууримизни забт этган таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик иллатларидан қутулиш ҳамон осон кечмаяпти. Кимдир пулнинг, кимдир таниш-билишнинг ҳукми зўр деган ақидадан халос бўлиш йўлини тополмаяпти. Шу боис бошимизга бирон иш тушиб қолса, аксаримиз бу кулфатдан қутулиш учун «пулсевар катта» ёки «юзи сувли таниш» қидириб қоламиз. Энг ачинарлиси, фарзандларимизни ҳам яшашнинг шу осон йўлига рағбатлантирамиз.

Шахсий машинасида киракашлик қилиб рўзғор тебратадиган танишим бор. Бир куни уни пойи-пиёда юрган ҳолда учратиб қолдим. Ранги анча синиққан, кайфияти ҳам ўзига яраша. «Ранг кўр, ҳол сўр» деганларидек ундан аҳвол сўрадим.

– Ўзинг биласан, шу мошин изидан топган-тутганим билан рўзғорнинг қора қозонини тебратиб тургандим. Шуни ҳам яратган эгам кўп кўрди, – деди у фиғонидан дуд ўрлаб.

– Нима бўлди?

– Ўтган хафта шаҳарга одам олиб бораётгандим. Қарама-қарши томондан тез келаётган «Нексия» йўлимни кесиб чиқди. Ҳалиям секин юрганим иш берди, бўлмаса нафақат мошин, балки жондан ҳам айрилардим.

– Қоидани бузган шопир мошинангни тузаттириб бермадими?

– Рулда каттакон идора бошлиғининг ҳали коллежда ўқийдиган боласи ўтирган экан. Мошинни тузаттириб бериш у ёқда турсин, сал қолса ўзимни қаматтириб юборарди. У ёққа югуриб, бу ёққа югуриб рўзғордан орттирган пулларимга пачоқ бўлган «Нексия»ни тузатиб бериб, аранг ёқамни ажратиб олдим…

Бир қўнғироқ қудрати

Олис сафарга чиқдим. Бир уловдан иккинчисига алмашиб бораяпман. Навбатдаги киракаш гапдонгина эмас, анча-мунча чапдаст ҳам экан, тезликни оширгандан-оширар, дам-бадам қўл телефонида кимлардир билан узундан-узун суҳбатлар қурарди.

– Рулда телефон суҳбати тақиқланган шекилли, – луқма ташлади йўлда йўлдош бўлганлардан кимдир.

– Э ака, – беписанд қўл сермади шофёр йигит, – ҳамма қоидага бирдек амал қилсак манзилга қачон етиб борамиз?

– Аксинча телефонда гаплашиш вақтингизни олмаяптими?

«Инжиқ» йўловчи гапини якунлаб улгурмай хизмат вазифасини ўтаётган ЙПХ ходимининг ҳуштаги янгради.

– Буниси нима деркин, – норози оҳангда тўнғиллаб истар-истамас тормоз босди ҳайдовчи.

Бирон ўн-ўн беш дақиқа тўхтаб туришимизга тўғри келди.

– Манзилга етиб келдик шекилли, – деди орамиздан биров.

– Йўл қоидасини бузгани учун мошинани олиб қўйса, овора бўламиз-да, – уни маъқуллади иккинчи йўловчи.

Кўп ўтмай уларнинг тахминлари пучга чиқди, ҳайдовчи йигит қайтиб келиб, машина моторини ўт олдирди.

– Нима бўлди, – сўрадим ундан йўлда давом этарканмиз.

– Нима бўларди, шуларда ишлайдиган танишимга телефон қилиб қўлига бергандим, ҳаммаси изига тушиб кетди. Яна телефонда гаплашганимга норози бўласизлар, бу «жонивор»нинг қудрати зўр, – деди у керилганча.

Навбат таниши зўрникими?

  Акамнинг оёғи қайрилиб, қалтис еди. Чиққан ёки синганидан ҳадик олиб бормаган табиби қолмади. У табиб фалон жойи чиқибди, деб пулини олди, буниси писмадон ери синибди, тўғрилаб қўйдим, деган баҳонада кўзини гезартди. Аммо оёғини ерга босса, дод-войи тугамади.

– Кетдик ака, – дедим унинг азобланаётганига чидолмай, – дўхтирга борайлик, рентген-пентген қилдириб кўрайлик-чи, нима бўлган экан?

Хуллас, ака-ука биргалашиб шаҳар тушдик. Саъй-ҳаракат бесамар кетмади, акамнинг оёғидаги оғриққа аниқ ташхис қўйилиб, давоси топилди, аммо…

Тўғри, тиббиётимизнинг бугунги тараққийсига гап йўқ. Бироқ соҳада жонкуяр танишинг бўлмаса, ишинг битгунича қийналар экансан. Сен соатлаб ранг сарғайтиб кутиб ўтирганингда таниши бор навбатни четлаб ишини битириб кетавераркан…

Эҳтимол бундай ҳолатларга ўзингиз ҳам бир эмас, бир неча бор гувоҳ ўтгандирсиз, «таниш» фақат тиббиёт соҳасида эмас, ишинг тушган идорада қўл келишини ўз тажрибангизда синаб кўрган бўлсангиз ажабмас. Аммо қачонгача иш битириш учун «таниш» қидириш давом этаркин? Ахир биз борган соҳа мутасаддиси бажараётган иши учун ўзи ишлаётган идорадан бинойигина маош олади-ку!

Мени бир нарса ҳайратга солади. Каттаю кичик даражали раҳбарлик курсисида ўтирган кишиларнинг томирини суриштириб келсангиз, учдан иккисининг отаси, тоға ёки амакиси мансабдор ёки «пултопар соҳа»да ишлаганига гувоҳ бўласиз. «Палаги тоза оила боласи-да, тарбияси шундай бўлгандир» демоқчимисиз. Унда нега янги тайинлов ва бўшатувлар адоғи кўринмайди? Агар амал курсисида ўтирган киши бу мансаб-мартабага ўз ҳалол хизматлари эвазига эришган бўлса-ку нур устига аъло нур, бироқ у «жонкуяр ота»нинг ёки «таниш-билиш»нинг қўллаб-қувватлаши туфайли кўтарилган бўлса-чи?

Тағин бир манзара.

Ҳар йили олийгоҳларга қабул жараёнида кўпчилигимиз оёғи куйган товуқ мисол типирчилаб, фарзандимизни ўқишга жойлаб қўядиган «таниш» излаб қоламиз. Давраларда «Фалончининг кармони бақувват, ўғлини энг зўр ўқишга жойласа керак», «Ўғлимга «паровоз-маровоз» деганларини излаб юрибман, танишларинг бўлса ёрдам беринглар», қабилидаги гурунглар қулоғимизга чалинади.

Аммо қинғир-қийшиқ йўллар билан олийгоҳга киритиб қўйган ўғил ёки қизимиз бир умр тиргакка зор бўлиб қолишини, келгуси ҳаётда мустақил йўл тополмай қийналиши мумкинлигини ўйламаймиз. Олийгоҳда ўқиш эҳтиёжи фарзанднинг ўз интилиши, игна билан қудуқ қазиган мисол қарич ёшидан тўплаган билими эвазига қондирилиши мумкинлигига ҳали-ҳануз шубҳа билан қарайдиганлар топилади орамизда.

Қиссадан ҳисса

Ёшларни оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юриш кўникмасидан қанча тез халос этсак, бундан фақат ва фақат ўзимиз манфаатдор бўламиз. Яқинда оддий касб изидан рўзғор тебратиб келаётган ҳамқишлоғимизнинг қизи ўзи тест топширган йўналиш бўйича энг юқори балл жамлаб олийгоҳда давлат гранти асосида ўқиш имтиёзини қўлга киритди. Аксинча, бу мақсадга «йўли»ни топиб эришмоқчи бўлганларнинг нияти пучга чиқди. Оддийгина қишлоқ қизи эришган муваффақият юрагимни тоғдек кўтарди. Бўлар экан-ку, қачонгача «во-оҳ, орқам» деб кимлардан, қаерлардан мадад қидирамиз? Ўзимизга, билим салоҳиятимизга таянайлик! Ўша биз паноҳ истаган киши ҳам вақтини хайрли ишлар, Ватан равнақи, юрт тинчлиги йўлида сарф этсин. Шунда эзгу мақсад ва ўйларимиз тезроқ ижобат бўлади. Минг шукурким, вақтида Сулаймон темирчи башорат этган этикчининг боласи этикчи бўладиган замонлар тарихга айланиб бораяпти.

Абдунаби АБДИЕВ,

Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Манба: «Қашқадарё» газетаси.