МАЪНАВИЯТ ОРТИДАГИ МАЪНАВИЯТСИЗЛИК

2019-02-07T17:30:24+00:007 Fevral, 2019|Ҳафта мақоласи|

Болалигимда ҳар якшанба отам бозорга олма сотишга чиқарди.  Мен отам билан бирга бозорга борардим. Аммо ҳеч қачон ёнида турмасдим. Олмасини сотиб бўлгунча ё узоққа кетардим ёки айланиб юрардим. Чунки отам менга қарашиб юбор дейидан қўрқардим. Меҳнатдан қочганим учун эмас, олмаларни сотишдан уялардим, уялмасдим, балки ор қилардим. Ўша даврнинг идеологияси шундай эди. Савдогар, сотувчилар “спекульянт” деб аталар ва бу гап жуда хунук эшитиларди. Ноҳалол деганда биз маҳсулотнинг устига нарх қўйиб сотишни тушунардик. Шунинг учун фалончи савдогар ҳақида гап кетганда одамларнинг энсаси қотиб гапирарди: “ҳм…фалончи савдогарми?”. Хўп тескари замонлар бўлганда, ўзимиз  ўртаҳол яшасак-да савдогарни менсимасдик… Бунинг  маънавиятга нима даҳли бор, деб ўйларсиз.

Бугун ҳалоллик, виждон ҳақида гапирамиз, аммо амалда тескарисини қиламиз. Маънавият тушунчасини қамраб олган барча ахлоқ нормаларига, масалан ҳалоллик, виждон, ростгўйлик каби фазилатларга нисбатан меҳр виждонсизлик, порахўрлик, фирибгарлик каби ахлоқнинг тескари кўринишларига нисбатан нафрат уйғотолмадик. Ўша даврларда нима учун одамлар савдогарликни, порахўрликни, фирибгарликни уят ҳисобларди. Чунки ҳалолликни тарғиб этувчи китобларимиз, киноларимиз, ҳатто ёзадиган мақолаларимиз ҳам шунга бағишланарди.

Узоққа бормайлик кейинги пайтларда оммавий ахборот воситаларида тарбиявий аҳамиятга эга мақолалар жуда камайиб кетди. Мустақиллик йилларида қурилган иншоотларимизни, ободликка қаратилган дастурларимизни, инсон саломатлиги, таълим тизимидаги ютуқларимизни кўрсатадиган мақолаларни кўпайтирдик, диққат-эътиборимизни фақат шу мавзуларга қаратдик. Айни пайтда эса фақат танқидга ружу қўйдик. Тарбиявий аҳамияти кўрсатилмаган, фақат мағзава ағдаришдан иборат танқидга… Тарбиявий аҳамиятга эга мавзулар эсдан чиқиб қолди. Ахир ўша қурилаётган иншоотларнинг баъзилари хўжакўрсинга қурилаётгани, тиббиёт соҳасида порахўрлик авж олганини, шарт-шарорити яхшиланган баъзи мактабларда директорлар пора билан болаларни мактабга қабул қилинаётгани ҳақида нега бизга ёздиришмади, деган савол ҳамон жавобсиз. Маънавият сўзининг қадрсизланишига киноларимиз, бадиий асарларимиз, спектаклларимиз орқали айнан маънавий-тарбиявий аҳамиятга эга   яъни ИНСОН иродаси, эътиқоди, лафзи, ғурури мавзуларига қўл урдирилмагани сабаб деб ўйлайман.

Севимли адибимиз Шуҳратнинг “Жаннат қидирганлар” асарида ватангадолик фожеаси кўрсатиб берилган. Нимагадир ўша пайтлари халқимизнинг чет элга бориб ишлаши деярли ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Ахир ўша пайтлари ҳам обод яшамаганмиз. Данғиллама участкаларимиз, ҳар икки хонадоннинг бирида машина бўлмаганди. Шунчаки борига қаноат қилардик. Бировнинг ҳақидан негадир қийналиб яшасакда қўрқардик. Дўконга нонга борсак бир тийин қайтимимизни қайтиб берарди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам бизга ҳалолликни ўргатган.

Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асарида уят, уятсиз деган ибора деярли ҳар бир саҳифада ишлатилган.  Шунинг учун бу асар миллий романимизга айланди. Уятсизлик, андишасизлик фожеага олиб келишини асарни ўқиган сари англаб боравердик. Бугун андиша ҳақида гапирамизу андишасизнинг ишини қиламиз. Масалан, кейинги пайтларда семиз одамнинг овқатни реклама қилиши ҳеч ҳам уят эмас. Биламиз семизлик касаллик. Ва бу касаллигидан истиҳола қилиш керак бўлмасада уяладиганлар бор. Аммо семиз инсоннинг колбаса рекламасида очкўзларча овқатга ташланиши ростдан ҳам жуда уятли иш.  Демоқчиманки, баъзи ҳолларда нафсни тиймасликдан тананинг вазни ортиб кетишини уят ҳисобламай қўйдик. Яъни баднафсликни реклама қилиш оддий ҳолга айланди.

“Автомобилдан сақланинг” киносини эслаб кўрайликда. Кино бошдан оёқ мансабдор ва порахўр шахсларнинг устидан кулади ва табиийки бу кулгу ортида нафрат бор. Ёки ҳар ҳафта телевидение орқали кўрсатиладиган, Эргаш Каримов асос солган “Миниатюралар театри” мавзуларига эътибор беринг. Юлғич, баднафс, иғвогар, порахўр, ўз касбини суиистеъмол қилган шахсларни ҳар доим танқид остига олиб театрлаштирган. Ёки “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи” кўрсатувидаги қадриятларимиз, анъаналаримиз ҳақидаги видеофилмлар тарбиявий аҳамиятга эгалиги билан эътиборни тортарди. Масалан, Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” видеофильмидаги ҳаволаниб кетган санъаткорнинг фожеасини эслаб кўрайлик. Буларнинг барини кўриб ўсиб улғайдик, қонида ҳаллолик бўлмаган одамлар лоақал тийилиб яшади, одамларнинг нафратидан қўрқди.

Маънавият сўзини нега ёмон кўриб қолдик. Аслида бозор иқтисодига ўтиш даврида “маънавият” сўзининг кириб келиши тўғри эди. Аммо уни тўғри йўналтиролмадик. Кўпчилик ҳалигача маънавият ўзи нима деган саволга жавоб қидиради. Ҳатто ижтимоий тармоқлардаги баҳсларда ҳам маънавият нима деган изоҳларни ўқиб қоламиз. Маънавият соддароқ қилиб тушунтирадиган бўлсак, ҳаллоллик, виждон, тўғрилик каби ахлоқ нормаларини билдиради.

Нега маънавиятни ёмон кўриб қолдик? Чунки маънавият деб жар солиш билан одамларни маънавиятли қилолмадик. Масалан, маънавият ҳақида ҳар куни талабаларга сабоқ берувчи ўқитувчиларнинг баъзилари очиқчасига талабалардан пора ола бошлади. Маънавиятли бўлишда жажжи фарзандларимизга ўрнак бўлиши керак бўлган боғча опа ота-оналардан очиқчасига совға кутди. Чунки уларга ўрнак бўлиши керак бўлган баъзи боғча мудиралари ходимларининг олдида бир кунлик нормаси 52 кг гўшт маҳсулоти кетиши керак бўлган овқатга 9 кг кеча қайнатилган гўштни  эртасига яна қайнатиб берди. (Шайхонтохур туманидаги бир боғчада бўлган бундай шармандалик). Ва энг ачинарлиси, ана шундай очкўз боғча мудираларини, ўзининг фарзандлари, ота-онасини қолдириб чет элда ўзганинг боласига, ўзганинг ота-онасига энагалик қилган қўни-қўшниларимизни, пора олгич ҳокимларни, фирибгарларни  маъракаларимизнинг тўрига ўтқаздик, қаҳрамонига айлантирдик. Улардан нафратланиб пойгакка ўтқазиш ўрнига, кийган ялтироқ кийимларию дастурхону тўкинлиги ўғирлик орқасидан эканлигини била туриб болаларимиз кўзича фахрландик: “Бир зўр тўй қилди, боғча мудири бўлиш керак эканда”, ёки “фалон жойнинг раҳбари данғиллатиб уйлар қурганей”, дея оғзимизнинг суви қочгани ёлғонми. Ўйлаб кўрмадикки нега раҳбар ёки боғча мудираси биздан оооозгина кўпроқ маош олиб икки баравар яхши яшаши ва данғиллатиб тўй қилиши керак? Ўйламадикки нафратланмадик. Ва бу бизнинг келажагимиз бўлмиш фарзандларимиз онгида маънавиятнинг қадр қимматини йўқотиб бораверди. Яъни андиша пойгакда кўзини ерга тикиб қолди, ҳаёсизлик, орсизлик тўрга чиқди.

Маънавиятли инсон интернетдан тўғри фойдаланади, деб телевизорда гапирдик, бонг урдик, аммо аксини қилдик. Бачкана клипли қўшиқлар, савиясиз кинолар, ҳашамни тарғиб қилувчи филмлар босиб кетди ҳамма каналларимизни. Чет эл сериалларига шу даражада ружу қўйдик, оқибатда ахлоқимизни бузиш борасида интернет ҳам ортда қолиб кетди. Маънавиятли бўлиш керак, деб айтилди, ёзилди, аммо фақат қийматсиз сўзга айланиб қолди. Маънавиятчиларимиз маънавиятсизликка қарши фақат сўз орқали курашди. Амалда эмас. Телевидениеда берилаётган маънисиз кинолар, енгил-елпи қўшиқлар, ёзилаётган савиясиз асарларга қарши курашмади.

Маънавият керакми, керак. Фақат бу сўз ўзининг қийматини топиши учун бу сўзни ишлатмасдан маънавиятга интилмоқ керак. Энди ёзадиган асарларимиз, ёзадиган мақолаларимиз, ишлаб чиқарадиган киноларимиз, барча барчаси ҳалоллика, одаб ахлоққа бағишланиши керак. Фарзандларимиз   очкўз, баднафс, порахўр одамлардан нафратланишни ўрганишсин. Нафратга ўргатиш учун инсон қалбини, олийжаноблигини очиб берувчи филмлар, қўшиқлар, асарлар яратилиши лозим. Биз уларни томоша қилганимизда, ўқиганимизда УЯТдан қизариб, камчиликларимизни, қусурларимизни англаб етайлик. МАЪНАВИЯТ керак, чунки  китобларимизда ёзилганидек, “Маънавият инсонни руҳан покланиш, қалбан улғайишга чорлайдиган, одамнинг ички дунёси, иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қиладиган куч.” Бу кучни ҳақиқий кучга айлантириш учун сўз билан амал бирлигини эътиқодга айлантирайлик. Аслида бозор иқтисоди шароитида маънавият нечоғлик  кераклигини уқтиришдан мақсад ҳам шу эди…

                                                                         Барно СУЛТОНОВА

Шарҳ қолдириш