Мақсад фарзандлар бахтими ёхуд…

2020-01-14T06:39:56+00:0014 Yanvar, 2020|Ҳафта мақоласи|

Тўйларимиз, ўйларимиз…

Мустақил бўлганимизга чорак асрдан ошибдики, бу сарқитдан қутулиш йўлини топа олмай сарсонмиз. Кўра-била туриб, саратон хасталигига ўхшаб илдиз қўяётган, “қизил империя”дан мерос бу касалликнинг ривожланишига ўз “ҳисса”мизни қўшиб келяпмиз.

Гап нима ҳақида дейсизми? Бизни йиллар давомида ташвишга солиб келаётган тўйларимиз ҳақида…

Соҳибқирон Амир Темур ўз тузукларида шундай ёзади: “Мен буюк, қудратли давлат қурдим. Келажак авлод учун обидалар, тарихий ёдгорликлар ва бетакрор, маънавий мерос ҳам қолдирдим. Мен салтанатимни фақат кучга суяниб, зўравонлик билан бошқарганим йўқ. Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгаш, тадбир ва машварат билан, қолган бир улушини эса қилич билан амалга оширдим. Ободончиликка ярайдиган бирор қарич ернинг зое бўлишини раво кўрмадим. Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим. Савдо ишларини йўлга қўйдим. Зеро, дунё савдо аҳли ила обод бўлади. Салтанатимнинг у четидан бу четигача бирор болакай бошида бир лаган тилла билан ўтадиган бўлса, бир донасига ҳам зарар етмайдиган тартиб-интизом ўрнатдим. Тўй қилиш ва келин танлашни давлат сиёсати даражасига кўтардим.  Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим”.

Ҳа, Соҳибқирон оила қуриш, тўй қилиш масаласи улкан масъулият талаб қилишини, наслнинг тоза-беғуборлигини сақлаш гўзал ва оқила аёлга боғлиқлигини, боқий қадриятларимизни оёқ ости қилиш ҳолларига барҳам беришни, урф-одат ва анъаналарга эҳтиром кўрсатишни давлат сиёсати даражасига кўтарган.

Буюк бобокалонимизнинг ҳикматга тўла сўзларини ўқир эканман, бугунги тўйлар машмашасию тўйдан кейин юзага келадиган дилхираликлар, ҳатто тўй туфайли рўй берадиган фожиалар кўз ўнгимдан ўта бошлайди.

Эсимда, 10-15 куёв жўра билан ҳай-ҳайлашиб, ўланлар айтиб келиннинг уйига борилар эди. У ерда баҳоли қудрат тўшалган палослар ва кўрпачаларда бир зум ўтирилгач, тортилган ошдан тановул қилиниб, дастурхонга фотиҳа қилингач, деярли ҳаммага жавоб берилар ва куёв қолган 4-5 нафар энг яқин жўралари билан алоҳида меҳмонхонага киритилиб, ичкарида чимилдиқда келин билан ўтказиладиган удумларни бир зум кутиб турар ва кайвони бувининг таклифи билан отин бувиларнинг саломномалари садоси остида чимилдиқ томон қадам ташлар эди.

Чимилдиқда бор-йўғи 15-20 дақиқалик урф-одатлар бажо келтирилгач, ёшларга оқ фотиҳа берилиб, куёв келинни ўзи олиб борган уловда уйига олиб келар ва бу ерда ҳам ўзига хос фақат аёллар иштирок этадиган маросимлар ўтказилгач, ҳамма уй-уйига тарқалар эди.

Совчи юборилиб, токи келинни уйга олиб келгунча куёв ҳам, келин ҳам, одамларнинг маломатидан чўчиб, ҳеч кимга кўриниш бермасликка ҳаракат қилар ва ҳатто тўйдан кейинги келин салом ёки куёв саломларда ҳам одоб сақлаб, бировнинг юзига тик қарашга ботина олмас эди. Бу жараёнда кайвони буви ва ёки лапарчилар томонидан ижро этиладиган ҳар хил беғараз ўйин-кулгилар ҳам бўлиб, бу удумлар тўйга шукуҳ бахш этар, ҳеч кимнинг ғашига тегмас эди.

Бугунги тўйлардаги дабдабаю асъаса, кўр-кўрона тақлид натижасида урфга айлантирилаётган олди-қочди маросимлар, ғайримиллий удумлар қаердан кириб келди?

Яна яқин тарихимизга мурожаат қиламиз. Ўтган асрнинг 70-80-йилларида турмуш қурганлар буни яхши эслашса керак. Ўшанда юқорида айтиб ўтилган тўй маросимидан олдин 10-15 қиз йиғилиб, кичик давра уюштириши, ўйин-кулги қилиб, турмушга чиқадиган қизни ўзларича табриклаши одат тусига кирди. Бу маросимга “Қизлар давраси” деб ном ҳам қўйиб олишди.

Кейинроқ бу давра катталаша бошлади. Бора-бора давра иштирокчиларининг сони ошиб, 100-150 нафарга етказилди. Секин-секин синфдош йигитлар ҳам бу маросимга таклиф этиладиган бўлди. Асталик ва усталик билан ўзга миллатга мансуб удумлар халқимиз онгига сингдирила бошланди. Кейинчалик бу давра янада катталашиб, келин-куёв тўрга чиқиб ўтирадиган “Қизил тўй”га айланди. Шундай тўй ўтказмаганлар қолоқликда, эскичиликда айбланди.

Вақт ўз ишини қилди. “Менинг ундан қаерим кам?” иддаоси барчани бирдек ўз домига тортди. Ҳа, биз жуда усталик билан олиб борилган бу ғайриодатий тарбия гирдобига тушиб қолдик. Фурсат ўтиши билан бу ғарбона ҳою ҳавас авж олса олдики, сусаймади. Никоҳ тўйларида келин- куёвнинг қўлтиқлашиб рақсга тушиши уят бўлмай қолди. “Севги тарихи” деб номланган ибосиз томошалар ота-онани кўпчилик олдида изза қилиб қўйиши мумкинлиги эсдан чиқарилди. Суннат, ақиқа тўйларининг айни авжида “Қизалоқ ва Маймоқ” томошаларини уюштириш урфга айланди.

Одатда, “тўй” деганда, ҳамманинг чеҳрасига табассум югуради. Бироқ таёқнинг икки учи бор, деганларидек, бугун уйланяпман ёки турмушга чиқяпман, деган гапни эшитсак, келин-куёвга бахт тилаш асносида, уларнинг келгуси ҳаёти, ота-онаси ҳақида ўйга толамиз. Турмуш гирдибодлари эзиб қўмасин-да, эзилиб-қийналганда ҳам, сабр-бардош билан ёруғ кунларга етсин-да, дея кўнглимиздан ўтказамиз. “Уят бўлмай қолган оилавий ажрашишлар, қайнона-келин можаролари, бир лаҳзада бегонага айланиб кетаётган қуда-андалар қисмати бу хонадонга яқин йўламасин, илоҳим”, дея астойидил ният қиламиз.

Албатта, буларнинг барчасига фақат дабдабали тўйлар сабаб эмас. Рўзғорни бут, турмушни тўкис, бахтни фаровон этадиган омиллар бисёр. Бир вақтлар йигитлар улғайган сари кўпроқ ҳунар эгаллаш ва мустақил ҳаёт қуриш илинжида билимини оширар ва шунга эришар ҳам эди. “Уйланмайсанми, ахир?” деган саволингизга “Аввал оиламни боқа олиш қудратига эга бўлай, кейин бир гап бўлар”, дея жавоб олар эдингиз.  Орияти ва ғурури бўйидан ҳам баланд эди ўзбек йигитининг.

Афсуски, бугун қайнонаю қайнотанинг сармоясига қараб қиз танлайдиганлар кўпайиб бормоқда. Моддият маънавиятнинг кўксидан итариб, чеккага чиқаришга зўр бериб уриняпти ва таассуфки, бунга эришяпти. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган юзлаб мақолаю хабарлар, тавсиялар иш бермаяпти. Ҳар ким ўз билганидан қолмаяпти. Тўйларимизни тартибга солиш, фарзандларимизни борига қаноат қилишга ўргатиш қийин кечаяпти…

Ана шуларнинг барчасини биз, кексалар кўпдан бери ўйлаб, мулоҳаза қилиб юрган эдик. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси қўшма қарори қабул қилинганини, унга асосан тўй-маъракаларни тартибга солиш бўйича Низом ишлаб чиқилганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик.

Мазкур Низом жорий йил 1 январидан кучга кирди. Энди ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Айниқса, биз, кўпни кўрган отахону онахонларнинг жамиятда ўз ўрнимиз бўлиши, бу борада бефарқ эмаслигимиз билиниши керак. “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган пурмаъно ақиданинг мавқеи тикланса, жонажон фарзандларимиз бахту иқболи билан боғлиқ ўй-режаларимиз бамаслаҳат амалга оширилса, ўйлайманки, барчамизни безовта қилаётган кўплаб муаммолар ўз ечимини топади. Муҳими, ёшларимизни шунга ўргатишимиз керак. Токи, фарзандларимиз ота-она, маҳалла-кўй фикри аҳамиятли, ниятлари холис эканлигини англасинлар. Ўз келажакларига бефарқ бўлмасинлар.

Ражаб АВЕЗОВ.

 Манба:«Бухоронома»  газетаси.