Маҳорат марказини яна 12 киши битирди

2019-08-12T11:51:08+00:0031 May, 2019|Самарқанд вил.|

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти қошидаги “Журналистик маҳорат маркази”нинг бу галги тингловчилари орасида телевидение, газета ва интернет нашрлар ҳамда давлат органлари ахборот хизматлари ходимлари, олий ўқув юртлари талабалари бор. Уларнинг мақсади битта – бугунги ахборот асрида ахборот тарқатишни сифатли, холис амалга ошириш сирларини ўрганиш, ўрганганларини амалиётда қўллаш.

Бу тингловчилар 2018 йилнинг декабрь ойидан бошлаб, жорий йил май ойи якунига қадар махсус ўқув режа асосида журналистика сирларидан воқиф бўлди. Уларга нафақат таҳририят ходимлари, фахрий журналистлар, блогерлар, юртимиздаги етакчи интернет нашрлари мухбирлари, телевидение ва газета муҳаррирлари сабоқ берди.

Шунингдек, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети журналистика факультети доценти Наргис Қосимова, “Замонавий журналистикани ривожлантириш” маркази раҳбари Саида Сулаймонова томонидан ўтказилган машғулотлар ҳам тингловчиларнинг соҳа бўйича билим ва кўникмаси ошишига ёрдам берди.

Ўқув давомида Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси, “Шердор плюс полиграф” масъулияти чекланган жамияти босмахонасига саёҳат ташкил этилди. Мазкур саёҳатлар давомида тингловчилар мазкур ташкилотлар фаолияти, у ердаги иш жараёнлари билан яқиндан танишди. Газетани макетлаштириш ва замонавий дизайн асосида саҳифаларни тайёрлаш кўникмасини таҳририятнинг ўзида ўзлаштиришди.

Марказ тингловчиларга сертификатларни тантанали топшириш маросимида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев, Олий Мажлиси Сенати аъзоси Н.Раббимова, Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори И.Тўхтасинов сўзга чиқиб, ёшларга журналистика соҳасидаги маҳорат сабоқлари ҳаёти ва фаолиятида асқотишини айтиб ўтдилар.

–  Ушбу марказ 2006 йилда ўз фаолиятини бошлаган эди, – дейди лойиҳа раҳбари Ф.Тошев. – Бугунги кунга қадар 300 нафарга яқин тингловчилар маҳорат марказимизни тугатди. Улар орасида матбуот, интернет сайтлари, теле ва радио каналларда фаолият юритиб, муваффақиятга эришганлари кўп. Муҳими, улар қайси соҳада ишламасин, таҳририят, оммавий ахборот воситалари билан узвий алоқада бўлиб, хабар, мақолалар бериб бормоқда.

– Маҳорат марказида журналистик сабоқлар билан бир қаторда ахборот хизматлари томонидан амалга оширилиши керак бўлган ишлардан ҳам хабардор бўлдим, – марказ тингловчиси Ширин Норматова. – Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизматидаги фаолиятим давомида бу ерда ўрганганларим жуда қўл келди. Соҳа бўйича кўп билимларни ўзлаштирдик.

Ҳусан Элтоев.