Маҳаллий ва хорижлик журналистлар иштирокида Тойлоқ тумани судларига пресс-тур уюштирилди

2019-12-12T08:25:51+00:0012 Dekabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги бўйича ҳамкорлик“ қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилаётган пресс-тур иштирокчилари Самарқандда бўлди.

Белгиланган режага мувофиқ, Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги судлар фаолиятини ўрганган миллий ва хорижий журналистлар бугун Тойлоқ тумани судлари биносида яратилган шароитлар, суд тизимига киритилаётган янги ахборот технологиялари ва уларнинг афзалликлари билан яқиндан танишишди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Х.Ёдгоров меҳмонларни суд биносида яратилган имкониятлар билан батафсил таништириб, айни пайтда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ишлар, судлар фаолияти тўғрисида ахборот берди.

Таъкидландики, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика миқёсида 780 нафар шахс суд қарорига кўра оқланган. Шунингдек, 6078 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари жабрланувчи ва судланувчи ярашганлиги учун тўхтатилган. 24 097 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод этилган. 2824 нафар шахсга нисбатан кўрилган иш бўйича озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, зуд залидан озод қилинган.

Пресс-тур иштирокчилари жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани судида муқаддам содир этган жинояти учун тайинланган ахлоқ тузатиш ва озодликдан чеклаш жазоларини ўтаётган 5 нафар шахсга нисбатан кўрилаётган ишда бевосита қатнашишди.

– Бугунги суд ишида 5 нафар маҳкумнинг иши кўриб чиқилиб, уларнинг ўз жиноий ҳаракатларининг салбий оқибатини тушуниб етганлиги ва пушаймонлиги ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддаси талабида жазонинг қолган қисмини ўташдан шартли равишда озод этилди, – дейди жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди раиси М.Эргашев. – Агар ушбу шахслар яна қайта жиноятга қўл урса, уларга тайинланган жазога ушбу ўталмай қолган жазо муддати қўшиб берилади. Қонунчилигимиздаги ушбу тартиб суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган инсонпарварлик тамойиллари асосидаги ислоҳотлар натижасидир.

Хорижлик журналистлар пресс-тур давомида суд жараёнларида журналистларнинг иштироки, судга мурожаат қилиб келаётган фуқаролар фикр-мулоҳазалари билан қизиқиб, судлар фаолиятидаги ўзгаришлар, айниқса, яраштирув институти, жазодан шартли равишда озод этиш тартиб-тамойилларини алоҳида эътироф этишди.

Иштирокчилар пресс-тур давомида Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Шундан сўнг меҳмонлар “Ўзбекистонда қонун устуворлиги бўйича ҳамкорлик“ қўшма лойиҳаси доирасидаги конференцияда иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига йўл олишди.

Алишер ИСРОИЛОВ.