Мақсад –  Прокуратура органлари фаолиятининг очиқлиги

2019-11-26T11:35:26+00:0026 Noyabr, 2019|Навоий вил.|

Навоийда илк бор вилоят прокуратураси мутасаддилари журналистлар олдида юзма-юз баёнот берди.

Навоий шаҳридаги “Coworking” марказида ўтказилган матбуот анжумани  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Вилоят ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган тадбирда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Раҳим Маҳамов вилоят прокуратура  органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

Юзага келаётган жиноятчилик ҳолатлари таҳлил этилар экан, баъзи нохуш ҳолатларнинг кўпайиб бораётгани, бунинг сабаблари борасида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Анжуманда, вилоятида содир бўлган, интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган, шов-шувга айланган баъзи ҳодисалар хусусида сўз борди. Шунингдек, мазкур воқеаларни оммавий ахборот воситаларида ёритишда журналистлар томонидан йўл қўйилган айрим қонунбузилишлар ҳам тилга олинди.

– Бугун очиқлик ва шаффолик замонида яшаяпмиз, – деди Р. Маҳамов. – —Бу жараёнда журналистларимизнинг саъй-ҳаракати алоҳида ажралиб турибди. Ўз ўрнида мазкур ислоҳотлар ҳар биримизнинг зиммамизга икки карра масъулият юклашини унутмаслигимиз лозим. Шунингдек, баъзи жиноятларнинг айнан ОАВда эълон қилинган материаллар ортидан фош этилаётганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бу журналистларимиз прокуратура органларига жиноятчилик ҳолатларини аниқлашда яқиндан кўмак бераётганидан далолат.

Анжуман якунида жойларда вилоят прокуратура органлари раҳбарлари иштирокида ҳар уч ойда бир маротаба брифинглар ташкил этишга келишиб олинди.

Озодбек МУСТАФОЕВ.