Кўкламдан бир мужда келди

2019-07-14T04:59:58+00:0020 Mart, 2019|Умумий янгиликлар|

Ҳар йили кўклам кириши билан Наврўз айёмини улуғлаб сўз очамиз, янги куннинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ тушуниб, акс эттиришга уринамиз. Тарихий асарларга қайта мурожаат қиламиз, кўпни кўрган кексалар, фольклоршунос олимлар сўзига қулоқ тутамиз.

Наврўз ҳақида кўплаб қадимий сарчашмаларда, Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” ва бошқа олимларнинг қатор асарларида, зардуштийлик динига оид манбаларда қимматли маълумотлар берилган. Уларнинг кўпчилиги мифологик, афсонавий моҳиятда бўлса-да, маълум даражада ҳақиқатни акс эттирувчи, маънавий меросимиз хазинасига мансуб дурдоналардир.

“Бу кун — фаришталар қадрлайдиган кундир, чунки шу куни фаришталар яратилган. Бу кунни пайғамбарлар ҳам қадрлайди, чунки шу куни қуёш яратилган. Бу кунни шоҳлар ҳам қадрлайдилар, чунки бу кун йилнинг биринчи кунидир”, деб ёзади буюк аждодларимиздан бири Абу Райҳон Беруний. Унинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарида шундай дейилади: «Эрон олимларининг баъзиси у кунни наврўз деб аташининг сабаби шуки, Жамшид (қадимги Эрон подшоҳларидан) ўз салтанатида анчагина янги тартиблар жорий этди, жумладан, мажусийлар динини янгилади ва бу кун «Наврўз» – «янги кун» деб аталди». Асарда Жамшид салтанати билан боғлиқ яна бир ривоятда қуйидагича маълумот бор: «Жамшид ўзига арава ясаттириб олди. Ўша куни аравага чиққач, жинлар ва шайтонлар уни ҳавога кўтариб, бир кунда Дунбованддан (Дамованд тоғи) Бобилга олиб бордилар. Одамлар бу ажойиб воқеани кўргач, ўша кунни ҳайит қилдилар ва Жамшиднинг (аравада учишига) тақлид қилиб арғимчоқларда учдилар».

Бу ривоят Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» достонида ҳам назм этилган:

Жамшидга сочишар олтину гавҳар,

Шу кунни янги йил – байрам дейишар.

Йил боши Ҳурмузу эди Фарвардин

Дилда на ғам қолди, на адоват, кин.

Берунийнинг ёзишича, Наврўз кунида бир соат бор, шу соатда фируз фалаки руҳларини махлуқотни яратишга ҳайдайди. У куннинг энг саодатли соатлари Қуёш соатларидир. Унинг тонгида ёруғлик имкон борича ерга яқинлашади, одамлар унга қараш билан ўзларини бахтли санайдилар. Аллома бу фикрлари орқали Қуёшнинг йиллик ҳаракати, экватордан шимолий яримшарга силжиши, кунларнинг узайиб бориши, қуёш нурининг ерга тобора тик туша бошлаши, натижада кунлар исиши, бирин-кетин баҳор ва ёз фаслларининг кириб келишини таъкидлайди.

Улуғ аллома Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида Наврўзнинг байрам қилиниши қуйидагича таърифланади:

Ки бу сур эрур олам афрўз ҳам,

Хусусан эрур фасли Наврўз ҳам.

Фольклоршуносларнинг фикрича, ривоятлардан икки хил хулоса келиб чиқади. Биринчиси – Наврўз билан боғлиқ ривоятларнинг кўпи подшоҳ Жамшидга мансуб воқеалардан иборат, иккинчиси – Наврўзни белгилашда астрономик тамойилларга амал қилинган ва ушбу байрам ер ҳақида дастлабки тасаввурлар пайдо бўлган замонлардан бошлаб шаклланган.

Инсон учун вақтни билиш, аввало, Қуёш чиқиши ва ботишига эътибор беришдан бошланган. Кейинчалик улар Ой ҳаракатини ҳам кузата бошлаганлар. Бу маълумотлар одамларнинг тирикчилик ташвишлари, ов қилиш, чорвачилик, айниқса, деҳқончилик ишлари учун зарур эди. Умар Ҳайём “Наврўзнома” асарида бу кунни нишонлаш Қуёшнинг йиллик ҳаракатига асосланганини таъкидлаб ўтади.

Йигирма биринчи мартда Қуёш нурлари Ер экваторига тик тушади ва бу вақтда кеча билан кундуз узунлиги ҳар иккала ярим шарда ҳам бир хил бўлади. Бу ҳолат шимолий ярим шарда баҳорги тенгкунлик деб аталади.

Тарихда Наврўзга муносабат турлича бўлиб келганини кўриш мумкин. Сосонийлар даврида бу кунни ёзги тенгкунликда нишонлашни расм қилишга уринишган, лекин халқ байрами сифатида у барибир баҳорда кутиб олинаверган. Собиқ иттифоқ даврида байрамни нишонлаш тақиқлаб қўйилган.

Биринчи Президентимизнинг 1990 йил 3 майдаги Фармони билан 21 март юртимизда Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни, деб эълон қилинди. Мазкур Фармон ҳам маданий-маънавий, ҳам тарихий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ҳодиса бўлди. 1990 йилдан буён Наврўз мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида тантана қилиб келинади. Наврўз байрами тикланиши билан қадимий урф-одатларимиз, маросимларимиз қайта кўз очди.

Наврўз байрамининг асосий қисми томоша ҳисобланади. Бизда қадимдан “Майдон томошаси” деган тушунча бор. Яъни, махсус тайёрланган саҳналарда эмас, далаларда қизиқчилар, халқ театри вакиллари, дорбозлар, аскиячилар, халқ ансамбллари чиқишлари бўлганки, буни “Майдон томошаси” деб айтилган. Ана шундай кенг майдон томошаларидаги қадимий урф-одатлар, ҳаракатлар Наврўз байрамини нишонлаш муносабати билан тикланди. Масалан, халқимизда қадимдан ковуш рақси бўлган. Шу рақс қайсидир бир қишлоқларимизда сақланиб қолган экан ва бугунги кунда Наврўз байрами дастурига киритилди. Бу каби қайта тикланган қўшиқлар, рақслар, лапарлар аллақанча. Ва шу муносабат билан мамлакатимизда фольклор-этнографик ансамбллар кенг қулоч ёйди. Ҳозирда нафақат ҳар бир вилоятда, балки ҳар бир туманда, қишлоқларимизда ҳам фольклор-этнографик ансамбллар мавжуд. Уларнинг репертуарларида асосан Наврўз билан боғлиқ урф-одатлар, қўшиқ ва лапарлар ўзининг саҳнавий талқинини топмоқда. Биргина мисол — келин салом. Саҳнада сиз кўрганингиз келин салом реал ҳаётда, турмушдаги келин саломдан фарқланади. Демак, турмушда бўладиган келин саломнинг саҳнавий талқини яратилган. Бу саҳнавий кўринишларда ўша анъаналардаги асосий ҳолатлар сақланиб қолинди. Булар сирасига қўш ҳайдашда, хирмон совуришда, ҳунармандчиликда айтиладиган ўнлаб қўшиқларни киритиш мумкин. Улар барчаси Наврўз байрамида талқин этилмоқда. Бу маданий ҳаётимиздаги улкан воқеалардан ҳисобланади.

Маълумки, мустақиллик йилларида Наврўз умумжаҳон байрами сифатида тан олинди. 2009 йилда ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданият мероси рўйхатига киритилди.

Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатларо аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрам бўлиб қолаверади.

                                                                         Холида ФАЙЗИЕВА

Шарҳ қолдириш