Касб этикаси – амалда

2019-08-12T11:47:56+00:007 Avgust, 2019|Навоий вил.|

Навоий вилоятида “Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси – амалда” мавзусида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раъиси Саъдулла Ҳакимов иштирок этган анжуманда вилоятдаги таҳририятлар раҳбарлари, журналистлар ҳамда  корхона-ташкилотлар матбуот хизматлари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб, анжуманда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими фаолияти хусусида сўз борди. Хусусан, бўлимни 15 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида бошқарган Ёрқул Умаров ўз аризасига биноан бўшатилгани ҳамда бўлим Бошқарув ҳайъати томонидан янги раис сифатида шу вақтга қадар вилоят ҳокимлигида ишлаб келаётган Отабек Аслонов сайлангани эълон қилинди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси Кодекси, унинг қабул қилиш жараёнлари ва амалда қўлланилиши ҳақида сўз юритилди. “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти давлат корхонаси бош муҳаррири Бектемир Пирнафасов, “Халқ сўзи” газетаси вилоят мухбири Темур Эшбоев ҳамда “Навоий ёшлари” газетаси муҳаррири Санжар Қурбоновлар слайдлар асосида журналистларнинг бирдамлиги, журналист аҳлининг халқ олдидаги мажбуриятлари, муҳокама қилинаётган кодекс мазмун-моҳиятини ўрганиш каби мавзуларда маърузалари тингланди.

Очиқ мулоқот давомида воҳа журналистикасидаги мавжуд муаммолар, журналистлар уюшмаси вилоят бўлими олдида турган долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, республикада таниқли журналистларни вилоятга таклиф этган ҳолда улар иштирокида мастер-класслар ташкил этиш, вилоят газеталарининг тарқатилиш ҳолатини тубдан яхшилаш, очиқлик сиёсати даврида дорлзарб ҳамда танқидий мақолалар билан бирга таҳлилий материаллар салмоғини ҳам ошириш каби масалалар ва уларнинг ечимлари кўрсатиб ўтилди.

Семинар давомида 5 нафар фаол журналистларга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, “Ёш юраклар садоси” китобидан мақолалари ўрин олган 8 нафар навоийлик ёш журналистларга  китоблар топширилди.

Озод МУСТАФОЕВ,

Уюшма Навоий вилоят бўлими мутахассиси.