Йилнинг энг фаол журналистлари маълум қилинди

2019-08-12T11:50:18+00:0026 Iyun, 2019|Умумий янгиликлар|

    27 июнь —Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни  арафасида Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассосиациясининг «Зарафшон» кино-концерт залидаги Медиа холида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ҳар йили  анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг фаол журналисти» танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб  ўтди.

Тақдирлаш маросимига мамлакатимиз медиаструктуралари, оммавий ахборот воситалари  вакиллари, соҳада узоқ йиллар  фаолият олиб  борган  фаҳрий журналистлар, шунингдек, талаба  ёшлар  таклиф этилди.

Танловдан кўзда тутилган мақсад – журналистларнинг касбий маҳоратини ошириш, интеллектуал савиясини юксалтириш, уларнинг  мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги фаоллигини рағбатлантириш, маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

“Йилнинг энг фаол журналисти” танлови республика миқёсидаги  танлов бўлиб,  журналистиканинг  барча йўналишларида – телевидение, радио, босма ОАВ, интернет, фотожурналистика  соҳасида таҳририятлар  томонидан  тавсия этилган номзодлар  орасидан энг фаол журналистлар аниқланди.

Бу йилги танловда 200 га яқин  журналистлар томонидан  2000дан зиёд ижодий иш тақдим этилди.  Улар орасидан 10 нафар  асосий мукофот эгалари, 15 нафар  совриндорлар  аниқланди.

—Бугун  сиз билан  қутлуғ айём  – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида учрашиб турибмиз,—деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов.—Шу  шукуҳли онларда, табиийки,  соҳада амалга  оширилган  ишларга бир назар соламиз. Олдимизда турган вазифаларни  бир режалаб, чамалаб оламиз. Шу ҳақда сўз бораркан,  айтиш лозимки,   шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситаларининг фаолият кўлами, инсон ва жамият ҳаётига таъсири ниҳоятда кучайиб бормоқда. Бугунги кунда ахборот нафақат одамларни янгилик ва ўзгаришлар билан таништириш воситаси, балки ахборот ва коммуникация тармоғи амалда ишлаб чиқаришнинг етакчи йўналишларидан бирига, моддий, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг ривожи ва ўсишига хал қилувчи асос ва туртки берадиган, тез ривожланаётган энг замонавий соҳага айланиб бормоқда. Бугунги кунда  чин маънода  журналист қадам қўймаган, оммавий ахборот воситалари  даҳлдор бўлмаган бирон соҳа йўқ.

Танлов ғолиб ва совриндорларига диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, унинг доирасида “Йилнинг энг фаол журналисти” республика  танловини ташкиллаштириш билан боғлиқ барча сарф-харажатлар Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди  маблағлари ҳисобига молиялаштирилди.