Йиғлаб борсам, ҳўнграб чиқди

2020-01-10T14:02:25+00:0010 Yanvar, 2020|Ҳафта мақоласи|

Шу кунларда Хўжайли туманининг «Мустақиллик» ОФЙ ҳудудида фаолият кўрсатаётган шифокорлик пунктига шифо истаб келган киши шундай манзарага гувоҳ бўлади: кичкинагина бир хонани электр печи билан иситиб ўтирган тўрт нафар тиббиёт ходими ва нажот кутаётган беморлар…

Бу муассаса – «Қорақалпоғис­тон» ҚВПнинг «Мустақиллик» ОФЙдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдам шохобчаси (филиали). У қишлоқда яшайдиган уч минг нафардан кўпроқ аҳолига тиббий ёрдам кўрсатади.

– Бизнинг қиш­лоқ шифокорлик пунктимиз ўн минг­­га яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, – ­дейди «Қорақалпоғистон» ҚВП мудири Азамат Қутлимуратов. – Аммо ҳудудлар тарқоқ. Баъзи овуллар шифокорлик пунктидан ўн беш чақирим олисда жойлашган. Хўжайли тумани тиббиёт бирлашмаси бош­лиғининг 2017 йил 1-августдаги буйруғига асосан «Мустақиллик» ОФЙ аҳолисининг бир қисмига тиббий хизматлар кўрсатиш мақсадида ­«Мустақиллик» ОФЙда филиал ташкил этилган бўлиб, бугун мазкур вазифани бир нафар шифокор ва уч нафар ҳамшира бажариб келмоқда.
– Ушбу иморатда 1996 йили қиш­лоқ врачлик пункти иш бош­лаган эди, – дей­ди участка шифокори Карима Алланиязова. – Яқин йилларгача тўрт ярим мингдан кўпроқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келдик. Бинода етарлича хоналар мавжуд. Лекин таъмирталаб ҳолатга келгани ҳамда иситиш тизими ишламаслиги сабаб хоналар совуқ ва нам тортган.
– Ёз ойларида-ку, майли, кун иссиқ, шифокорлик пунктига келиб, муолажа олиш мумкин, – ­дейди Шамшия Алламуратова. – Қишнинг совуғида ким ҳам шароитсиз жойда, зах хонада даволанишга журъат этар эди?

Мазкур муассаса иш бошлаган йилларида овул одамлари кундуз куни ётиб (стационар) даволаниш имкониятига ҳам эга эди. Бу гаплар бугун кўпчиликка чўпчакдек туйилиши мумкин.
Президентнинг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида қиш­лоқ аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш вазифалари белгилаб берилган. Хўжайли тумани «Мустақиллик» ОФЙ ҳудудида бу вазифани овул шифокорлик пункти ходимлари бажариши лозим. Аммо бугун уларнинг ўзи эътибор ва кўмакка муҳтож…
Ушбу ҳолатга Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ҳамда Хўжайли тумани ҳокимлиги қандай муносабат билдирар экан?..

 Ортиқбой МАМУТОВ.

Манба: «Ishonch» газетаси