“Қизилтепа тонги” газетасига “Ҳуррият” совғаси топширилди

2019-06-24T10:45:18+00:0010 Yanvar, 2019|Навоий вил.|

“Ҳуррият” газетасининг 2018 йил 10 октябрь сонида 21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан ижодий танлов эълон қилинган эди.
Пойтахтимизнинг қоқ маркази – Абдулла Қодирий номи билан аталувчи кўчада жойлаштирилган реклама – “Сен ПЛОВни севасанми” мазмунидаги сурат-лавҳа жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади. Газетанинг 7 ноябрь сонида эълон қилинган натижаларга кўра, мазкур ҳолатга билдирилган энг муносиб изоҳ қуйидагича:
“Инсофни унутиб, “PLOV” пиширсанг ҳам, Ўзбек тилини бузиб, ҳаддан оширсанг ҳам,Чаласавод рекламангдан энсам қотар,Гарчи ундан миллион-миллион туширсанг ҳам”. Ушбу изоҳнинг муаллифи-“Қизилтепа тонги” газетаси мухбири Насиба Тўлаева биринчи ўринни эгаллади.
Шу муносабат билан куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими раиси Ёрқул Умаров томонидан ғолибга “Ҳуррият” газетасининг совғаси – китоблар жамланмаси тақдим этилди.
“Қизилтепа тонги” газетаси таҳририятида ўтказилган ижодий учрашувда сўзга чиққанлар жамият ҳаётидаги муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш муҳим масала эканлиги, бунда журналистлар фаол бўлиши таъкидланди.
– Таҳририятимиз жамоаси олдида шундай “мажбурият” бор, – дейди газета муҳаррири Раҳим Мақсудов. – Ҳар бир ходим йилига камида битта республика танловига иштирок этиши лозим. Бизда бу анъанага айланган. 2018 йилнинг ўзида 4 маротаба ана шундай ютуқларга эришдик.

Озод МУСТАФОЕВ.

Шарҳ қолдириш