“Қизилтепа тонги” газетаси тажрибасини ўрганиш керак

2019-08-12T11:49:28+00:0010 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

Навоий вилоятида бугунги кунда 10 та шаҳар-туман ҳокимликлари муассислигида давлат нашрлари ҳамда 5 та хусусий таҳририятлар фаолият олиб бораяпти. Мазкур босма маҳсулотларнинг ҳафталик умумий адади 70 минг нусхани ташкил этади.

“Қизилтепа тонги” мазкур нашрлар орасида ўз нуфузи ва обрўйига эга газета саналади.  Бироқ, бугунги давр, айни пайтдаги ўқувчи талаби ҳар бир таҳририят фаолияти тубдан ўзгаришини талаб қилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида мазкур таҳририят томонидан газетанинг 24 та сони чоп этилган. Газета 2019 йил бошида 8670 нусхада чиққан бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсатгич 8830 нусхани ташкил этмоқда.

Нашрни туман аҳолисининг минбарига айлантириш борасида ижодий жамоа томонидан ижодий янгиликларга қўл ўрилмоқда. Хусусан,  газетада эълон қилинган қатор мақолаларда туманда амалга ошрилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга ғов бўлаётган муаммолар ёритилгани учун ўқувчиларга манзур бўлди. Жумладан, А.Умедовнинг “Помидор. Ундан айрилиб қоляпмиз…ми?” (2019, 25 январь), “Қизилтепа асали ва унинг истиқболи” (2019, 22 февраль), Н.Тўлаеванинг “Ота касби бахтга етаклар” (2019, 26 апрель), “Болажонлар қувончи осмон қадар” (2019, 24 май) каби мақолаларида жиддий ва долзарб мавзулар қаламга олинган. Шунингдек, газета саҳифаларида туманда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, соҳалардаги ислоҳотлар, воқеа ва янгиликлар имконият даражасида ўқувчиларга етказилишига ҳаракат қилингани кўриниб турибди.

Газетанинг 2019 йил 17 май, 20-сонида “Очиқ мулоқот” рукнида чоп этилган “Етим бола: У нега кўпаймоқда?” сарлавҳали мақола жамиятимиздаги ҳолатга ойна тутган. 2019 йил 31 май, 22-сонда “Долзарб мавзу” рукнида “Ўқитувчи обрўсини ким оширади? Бу ҳақда ким, қандай фикрда” сарлавҳали таҳлилий мақола Раҳим Мақсудов муаллифлигида чоп этилган. Ушбу мақолада ҳам фактлар аниқ фикрлар ва рақамлар ҳамда соҳа ходимларининг фикрлари келтирилган.

8 июнь, 23-сонидаги “Газета бонг уради” рукнида “Аждодлар меросига муносабат ёки рўйхатга кирмаган канпарак” сарлавҳали мақолада яна бир муҳим мавзу – маданий мерос объектлари муҳофазаси ҳақида сўз боради. Асосийси мақола орқали тумандаги кўплаб маданий обидаларнинг тақдири жонкуярлик билан тилга олинган.

Бир сўз билан айтганда, газета ижодий жамоаси ўз ички имкониятларидан келиб чиқиб долзарб мавзуларни ўқувчилар муҳокамасига тақдим этиб бормоқда.

Газета дизайнида аввалги йилларга нисбатан изланишлар қилинганлиги сезилади. Аммо, ҳозирги “имиж”га оддий кўз билан қараб, унинг мукаммал эмаслигини пайқаш қийин эмас. Бугун ўқувчини катта мақолалар, одатий суратлар, тиғиз материаллар, анъанавий сарлавҳалар билан жалб этиш қийин. Чиройли ва ноодатий дизайнда жойлаштирилган мақола муштарийнинг диққатини тортади. Шундан сўнг мақоланинг сарлавҳасини, кейин “ЛИД”ини ўқийди. Ана шу 3 та жиҳат ўқувчида қизиқиш уйғотсагина мақолани охиригача ўқиши мумкин. Акс ҳолда бир кўз югуртириб, газетанинг кейинги саҳифасига ўтиб кета қолади.

Масалан, “Барчаси халқ учун” (4.01.2019 №1-2), “Шижоат байроғин тутиб” (4.01.2019 №1), “Осмонимиз мусаффолиги – бахтимиз”, “Устувор вазифалар” (24.05.2019 №21) сингари анъанавий сарлавҳалар бугунги ўқувчининг ҳам ҳатто эътирозига сабаб бўлиши мумкин. №24 сондаги “Мавзуга қайтиб рукни остида” “Хатоларга нега бепарвомиз” сарлавҳали мақола чоп этилган бўлиб, унда тумандаги тарғибот ва рекламаларда давлат тили қоидалари бузилаётгани тилга олинган. Билакс, мақоланинг ўзида имловий ва услубий хатолар етарлича топилади.

Умуман олганда, “Қизилтепа тонги” вилоятимизда фаолият кўрсатаётган бошқа нашрларга нисбатан пешқадамликни қўлдан бераётгани йўқ. Юқорида тилга олинган жузэий камчиликларни эса таҳририятнинг бугунги кекса, забардаст ижодкорлари билан бирга ёш ва шижоатли жамоаси тузатишларига, нашрнинг келгусида янада ўқимишли бўлишига ишонамиз.

Мақола сўнгида яна бир сўз: таҳририятнинг газета билан ҳамкорлик олиб бораётган, жамоатчи мухбирларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини вилоят миқёсида оммалаштириш лозим. Сабаби, яқинда ўтказилган касб байрами муносабати билан туманда ташкил этилган тантаналарда 50 нафарга яқин муаллифлар рағбатлантирилди. Мазкур чора-тадбирлар аҳолининг “Қизилтепа тонги”га бўлган ишончини оширмоқда.

 

Озод МУСТАФОҚУЛОВ,

Уюшманинг Навоий вилояти бўлими мутахассиси.