Ижодкорлар – пахта далаларида

2019-10-12T05:10:07+00:0012 Oktabr, 2019|Сирдарё вил.|

ПАХТАЗОР ҚЎШИҒИ

Денгиздай чайқалиб турган оппоқ ва кенг пахтазорни,  далаларни кўрганмисиз? Кўриб ажиб ҳисларга  кўмилганмисиз? Оппоқ пахтани  қўлингизга  тутиб, миллатимиз фахрини, бойлигини, деҳқон меҳнатининг нашидасини  ҳис этганмисиз? Бугун далаларда пахталар қийғос очилган, чаноқларда ўзбекнинг бахти кулиб турибди гўё. Бу бахт, бу ифтихор, бу муҳаббатга тўла меҳнат қўшиғи ҳар қандай  кишининг кўнглига олам-олам завқу шавқ, ҳузур бағишлайди. Чаноқлардаги мўъжиза- “олтин тола” ҳосилини  йиғиб-териб олиш эса каттаю кичикнинг қалб амрига айланган ушбу  кезларда ижодкорлар ҳам ҳашарчилар билан ҳамкор, ҳамнафас.

Сирдарё вилояти Журналистлар ижодий уюшмаси ва Ёзувчилар уюшмаси  вилоят бўлими ташаббуси билан пахтакорлар ҳузурига тез-тез ташриф буюрилмоқда. Уларнинг “ҳорманг, азизлар” деган жонбахш сўзлари ҳашарчиларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшмоқда.

Ховос тумани  Янгиер СИУда жойлашган  “Саховат”  кўп тармоқли фермер хўжалиги даласида ўтказилган “Ёзувчилар пахта далаларида” номли ижодий кеча ҳашарчиларнинг кайфиятини кўтариб юборди.

Сабоҳат ҳожи она билан Тўйчи Яхяев яхши ниятларда фарзандлари Ўткиржонга мана шу кенг далаларни ишониб топширганидан мамнун. Ёш тадбиркорнинг меҳнатсеварлигига, ташаббускорлигига ҳамма ҳавас қилади. Президент Ш.Мирзиёев шу йил вилоятга ташрифи пайтида “Саховат” фермер хўжлагида бўлиб яхши ниятлар билдирганди. Мана ўша яхши тилаклар бугун ижобат. “Шуҳрат” медали соҳиби  Ўткир Яхяев кўзланган маррани аллақачон уддалаб, режани ортиғи билан бажарди.  Ҳосил бугун гектаридан 48 центнерни ташкил этмоқда.

–  Пахтакорларнинг , ҳашарчиларнинг унумли меҳнати учун ҳамма шароитлар яратилган,-деди  ижодий кечада  Ховос тумани ҳокими ўринбосари  Отабек Донабоев.-Илғор теримчиларнинг  пахта пули ҳар куни берилиб,  тоза  ёғ тарқатилмоқда. Бундан ташқари ҳомийларнинг совға-саломлари ҳам топширилмоқда.

Тадбирда  Ўзбекистон  ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари , шоира Ҳаётхон Ортиқбоева, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари , шоир Бойжигит Абдуллаев ва  ёш ижордкорлар  ўзларининг шеърларидан намуналар ўқиб беришди. Туман санъаткорларининг дилбар куй-қўшиқлари эса ҳашарчиларнинг кайфиятини кўтарди. 71 ёшли Мунаввар Шодмонқулованинг кунига 130-140 килограммадан пахта тераётгани ҳамманинг олқишига сазовар бўлди. Санобар Алимова, Садоқат Райимова, Фарида Самадова, Раҳима Маматова, Гулноза Ҳазратқулова сингари кўп килограммчи теримчиларга шоирлар ўзларининг китобларидан совға қилишди.

Бугун сирдарёликлар катта ишонч ва мамнуният билан улкан хирмон бунёд этишга астойдил бел боғлашган. Яратилажак хирмон эса халқимизнинг фаровонлигининг ошишига,тўкин-сочин дастурхонимиз баракасига, бундан-да гўзал турмуш тарзимизга хизмат қилади. Пахтазордан янграётган меҳнат қўшиғи, бахтиёрлик  нашидаси кўнгилларга олам-олам сурур ҳам завқу шавқ бағишлайди.

 

Норинисо ҚОСИМОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Сирдарё вилояти