Қиш эшик қоқмоқда, демак ташвиш ортмоқда

2019-11-25T12:53:24+00:0025 Noyabr, 2019|Ҳафта мақоласи|

Навоий вилоятидаги иккита шаҳар ва саккизта туманда жами 1 минг 677 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, шундан 996 тасига «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси, 23 та ётоқҳонага Навоий шаҳар уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси, 658 та кўп қаватли уйга эса 39 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Бугунги кунда бу ташкилотлар куз-қиш мавсумига қизғин тайёргарлик кўриш билан банд. Бироқ вилоятнинг барча ҳудудларида ҳам ушбу мавсумга тайёргарлик кўнгилдагидек бўлмаяпти. Айниқса, қишнинг қировли кунлари яқинлашиши билан айрим туманларда яшовчи аҳолининг хавотири ҳам ошиб бормоқда.

Кўп қаватли уйнинг муаммоси ҳам кўп

Гап шундаки, туман ва шаҳар марказларидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли куз-қиш мавсумида анча ҳаловатини йўқотади. Чунки бу уйларнинг бирида иситиш тизими ночор аҳволда бўлса, бошқасининг томидан чакки ўтади.

Жумладан, Кармана туманидаги «Бешкент» маҳалласининг Баҳор кўчасида жойлашган икки қаватли уйларда яшовчилар йиллар давомида иситиш тизимидан шикоят қилиб келишади. Бироқ ханузгача муаммо бартараф этилгани йўқ. Бундан ташқари, томдан чакки ўтгани боис уйлар зах босган ва деворлар нураб ётибди. Ҳудудга «Обод Бешкент» ширкати хизмат кўрсатади. Туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Мақсуд Эгамовнинг айтишича, жорий йилда ширкатга 151 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиши ва мазкур маблағ эвазига томлар қисман, йўлаклар ва йўлак ойналари тўлиқ таъмирланиши кўзда тутилган эди. Бироқ қиш эшик қоқмоқдаки, бу режа амалга ошмади. Иситиш тизимидаги муаммо эса ҳар бир хонадон алоҳида қозонхона ўрнатилсагина ҳал бўлиши мумкин.

— Аҳолида ширкатлар хизматидан фойдаланиш маданияти етишмайди, — дейди М.Эгамов. — «Бешкент» маҳалласида ширкат тузилганидан буён шартнома тузган аҳоли орасидан бирор киши ҳалигача бир сўм ҳам мажбурий бадал тўловини тўлагани йўқ. «Аввал камчиликларни бартараф этинглар, кейин ҳақини тўлаймиз», дейишади. Аслида бадаллар йиғиб олиниб, кейин иш қилиниши керак, минг тушунтирганимиз билан аҳоли буни англамаяпти.

«Ширкат ҳеч иш қилмагач, биз ҳам бадални тўламай қўйдик»

Хатирчи туманидаги «Дўстлик» маҳалласи ҳудудидаги икки қаватли уйлар томон кириб борар эканмиз, дастлаб эътиборимизни чанг кўчалар тортди. Олдимиздаги қор-қировли кунлари бу ерларнинг аҳволи қандай бўлишини тасаввур этиш қийин эмас, албатта. Пўлкан кўчасидаги 20- ва 21-уйларда истиқомат қилувчилар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг муаммолари кўплигига гувоҳ бўлдик.

— Ўтган йили уйларимизга техник хизмат кўрсатувчи ширкат ташкил этилди, — дейди 21-уйда яшовчи Умар Аҳмедов. — Ойма-ой ҳар бир хонадон эгаси 15 минг сўмдан тўлади. Бироқ уйларни таъмирлаш учун ҳеч иш қилинмади. Ҳамма уйнинг томидан чакки ўтади. Шиферлар синиб ётибди. Шароит бундай бўлгач, хонадонимизни таъмирлашга ҳам қўрқамиз. Чунки том илма-тешик, ёғингарчилик пайтида пардозланган деворлар қандай аҳволга келишини биласиз. Ширкат ҳеч иш қилмагач, биз ҳам бадални тўламай қўйдик.

Юқоридаги ҳолатларни кўриб, ширкат ва аҳоли ўртасида ўзаро ишонч йўқлигини англаш мумкин. Аҳоли «камчиликларни тузатиб бер» дейди, ширкат эса бадални ундиришни истайди. Бу орада фуқароларга уларнинг ширкатдан қарздорлиги тўғрисида суддан огоҳлантириш хатлари келмоқда.

Уй йўлаклари ҳам абгор аҳволга келиб қолган. Кимдир ҳафсала қилиб, қўшнилар билан келишган ҳолда таъмирлаш таклифини берса, кимдир ширкатдан нажот кутишни афзал биляпти. Уй томларидаги шиферларга ёмғир сувлари учун тарнов қилинмагани боис оқова сув тўғридан-тўғри деворга урилмоқда. Натижада уй ичи захлаб кетишига сабаб бўляпти.

Атрофдаги, ариқ ичларидаги қаровсиз манзара, йиғилиб қолган чиқинди уюми ён-атрофга қўланса ҳид таратаётгани эса маҳалла аҳлининг бефарқлиги, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилида иш тутаётгани натижасидир. Биз муаммоларга ечим излаб Навоий вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Нуриддин Жуманиёзовга мурожаат қилдик.

— Ҳудудлардаги кўп қаватли уйларнинг том қисмини мукаммал таъмирлаш долзарб масала, — дейди Н.Жуманиёзов. — 2020 йилда кўп қаватли уйларнинг том қисмида 94,2 минг квадрат метр ҳажмдаги мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Хусусан, Кармана ва Хатирчи туманларидаги кўп қаватли уйлар эллик-олтмиш йил муқаддам қурилган, том қисми бутунлай эскирган. Биринчи галда ана шу уйларнинг том қисми мукаммал таъмирланади.

Шаҳардаги шароит қандай?

— Навоий шаҳар уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармасига қарашли ётоқхонада оилам билан бирга истиқомат қиламан, — дейди «Кимёгар» маҳалласидан Ўткир Ўсаров. — Бу ерда иситиш тизими яхши ишламайди. Ётоқхона маъмурияти айни пайтда муаммони ҳал қилиш чорасини кўряпти. Ҳозирча ҳаво илиқ, совуқ тушгунча муаммо ҳал бўлса керак.

«Гулзор» маҳалласидан Жамолиддин Аҳтамовнинг айтишича, шаҳар уйларида иссиқ сув муаммоси мавжуд. Иссиқ сув жўмрагини бураганда совуқ сув келади, совуқ сув жўмрагидан эса занг босган, истеъмолга яроқсиз сув оқади.

— Сув билан боғлиқ муаммолар қувурлар эскиргани оқибатида келиб чиқяпти, — дейди Н.Жуманиёзов. — Келгуси йилда ичимлик ва оқова сув таъминоти бўйича 53 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Жараёнда, албатта, шаҳар ҳудудидаги сув қувурлари аҳволи ҳам ўрганилиб, камчиликлар бартараф этилади.

Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйлар, асосан, «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ томонидан бериладиган буғ-газ ҳисобига иситилади. Айни пайтда аксарият уйларда иситиш тизими талаб даражасида эмас. Ўтган йиллар шаҳарда бу борада муаммо бўлмагани боис шаҳар аҳли ҳозир ҳам хотиржам. Ўйлаймизки, улар ишонгани каби кузнинг илиқ ҳароратли кунлари поёнига етиб, қаҳратон фасл бошлангунга қадар иссиқлик тизими фаолияти ҳам яхшиланади.

Имкони борлар шаҳарга кўчиб кетмоқда

Дарвоқе, ўтган йилларда чекка туманларда табиий газ таъминоти яхши эмаслиги боис қишлоқларда яшовчи кўпчилик аҳоли доимий бошпанасини ташлаб, ижарага уй олиб, вақтинчалик шаҳарда яшаган эди. Жорий йилда ҳам бу ҳолат такрорланмоқда.

— Табиий газ қувурларини кесишди, суюлтирилган газдан фойдаланяпмиз, — дейди Навбаҳор туманидаги «Кескантерак» маҳалласидан Камолиддин Тошов. — Суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб беришяпти. Бироқ ундан фақат ошхонада фойдаланамиз. Уйларни эса кўмир ва ўтин билан иситишга тўғри келади. Имкони борлар ижара ҳақи қиммат бўлса-да, қишни шаҳарда ўтказиш учун кўчиб кетяпти. Бунга қурби етмаган, мол-ҳоли бор, фарзандлари қишлоқ мактабларида ўқийдиган аҳоли эса қиш қаттиқ келмасин, деган ният билан кўмир ва ўтин ғамлаш пайига тушган.

Ачинарлиси, табиий газ етиб бормаётган, тармоқдан узиб қўйилган қишлоқларда дарахтлар камайиб кетмоқда. Чунки бир неча йиллардан буён газ танқис ҳудудларда яшовчи аҳоли қаҳратондан омон чиқиш учун ҳовлисидаги мевали дарахтларни кесиб, печда ёқишга мажбур бўляпти. Шунингдек, тут дарахтлари ўтин бўлаётгани туфайли пиллачилик соҳасида ҳам муаммолар вужудга келаётир. Шундай экан, Навоий вилояти ҳокимлиги ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича бошқа мутасаддилар масаланинг бу жиҳатини ҳам ўйлаб кўришлари лозим.

Холбиби САФАРОВА.

 Манба:«Mahalla»