«Инсон билан тирикдир инсон…»

2019-09-24T10:57:33+00:0024 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Қўлдош ака одатича қўлида токқайчи билан томорқасида куймаланиб юрган эди, ногоҳ девор ортидан қўшниларнинг гангур-гунгур овози қулоғига чалинди. Кўп ўтмай, шовқин кучайди: даҳанаки жанг етилиб келаётгани аниқ эди. Қўлдош ака беихтиёр қаддини ростлаб, қулоқ солди: девор-дармиён қўшниси Баширали туғишган акаси билан тортишаётган эди.

Хуррам ака укасини қора тортиб, шу ерга иморат соляпти. Янги лойиҳага кўра, Баширалига тегишли томорқанинг бир қисми энди акасига ўтиши лозим. «Ҳойнаҳой, жанжал ана шу томорқадан чиққанов, — дея ўзича тахмин қилди Қўлдош ака. — Баширали-ку ғирт жинни (одамлар бежиз унинг исмига «жинни» сўзини қўшиб айтишмайди), кўзига қон тўлса, отасиниям танимайди. Аммо Хуррам ака оғирлик қилса бўларди. Ҳарқалай, укасининг феълини билади-ку. Аслида шу ерга кўчиб келиб чакки қиляпти. Ҳарна бўлсаям жигарим деганда. Мана энди, «узоқдаги кишнашар, яқиндаги тишлашар» деганларидай…»

Ҳаял ўтмай, девор ортидан дарахтларнинг қарсиллаб кесилгани эшитилди. Баширали ҳар болта урганда «их, их» дея бор заҳар-зуғумини тўкиб соларди. Қўлдош ака ҳалиги тахмини тўғри чиққанини фаҳмлади. Шошиб токқайчини белига қистирдию можаро бўлаётган томонга ошиқди. Бориб девордан мўраладию бир зум ҳайратдан қотиб қолди: Баширали гуллаб-яшнаб турган мевали боғни қийратиб кесар, боёқиш Хуррам ака кўзларига ишонмай, бир четда тушимми-ўнгимми, дея мунғайиб қараб турарди.

Қўлдош ака девордан ошиб ўтгунча яна бир неча қимматли дақиқа ўтди. Болта ҳар урилганда ичида бир нима чирт-чирт узилиб тушаётгандек сесканар эди. Кесилаётган дарахтларнинг аксариятини Қўлдош ака ўз қўли билан пайвандлаганди.

— Тўхта! Тўхта дейман! — Қўлдош ака жон ҳолатда югуриб келиб, Баширалининг қўлига ёпишди ва болтани тортиб олди. — Эсингни едингми? Дарахтда нима гуноҳ? Уволидан қўрқмайсанми?

Аёвсиз, қийратиб кесилган ёш ниҳоллар ерда чўзилиб ётар, омон қолган икки-уч туп олма, беҳи кўчатлари бу кўнгилсиз можародан афсуслангандек, баҳор шабадасида хомуш бош чайқаб турарди. Бу нохуш манзарадан Қўлдош аканинг юраги эзилиб кетди. Башир­алига ғазаб билан ўқрайдию ичидан хуруж қилиб келган аламини базўр тутиб қолди. У қўшнисининг феълини яхши билар, унга танбеҳ бериш деворга гапириш билан баробар эди.

Қўлдош ака ҳамон беҳол-беҳуш турган Хуррам акани уйига етаклаб кетди. Қўлига иссиқ чой тутди. Кўнглини кўтарди, кесилган боғни қайта тиклаб беражагини айтиб, янги қўшнисига далда берди. Ҳозиргина бўлиб ўтган кўнгилсизлик ҳақида чурқ этиб оғиз очмади. Қўлдош ака гарчи жанжалнинг асл сабабини билмаса-да, Баширалининг бу қилмиши ичқоралик, бахиллик эканини аниқ сезди. Ҳа, ука мевали боғининг бир қисми акага ўтиб қолишини истамаган эди…

Бахилнинг боғи кўкармас!

Қўлдош ака яхши боғбон эди. Кейинчалик у ўша кесилган боғни беминнат қайта тиклаб берди. Хуррам ака туғишган укасидан топмаган оқибатни янги қўшнисидан топди.

Фалакнинг гардиши билан бу орада яна бир ғалати воқеа содир бўлди: Баширалининг боғи ўз-ўзидан, кутилмаганда қуриб қолди. Аллақандай бир сирли касаллик тегдими ёки бошқа сабабданми, ҳарқалай, мевали дарахтлари бирин-кетин, япроқ ёзар-ёзмас сўлиб, қовжиради. Қўни-қўшниларнинг хаёлига лоп этиб халқнинг ўша доно мақоли келди: бахилнинг боғи кўкармас!

Баширали фақат бахилгина эмас, худбин кимса эди. Боғидан чиққан ҳосилни бола-чақасига ҳам едирмай-ичирмай, қишга асраб, узоқ жойларга элтар, қиммат нархда пуллар эди. Унинг феъл-атворини яхши билган маҳалла аҳли «балодан ҳазар» дея ундан нарироқ юришарди. Авжи саратонда сув танқис маҳал одамлар навбат билан томорқасини суғорса, Баширали зўравонлик, сурбетлик билан хоҳлаган вақтда сувни навбатсиз эгаллаб оларди. Мабодо қўшнилардан биронтасининг товуғи ёки мол-ҳоли адашиб Баширалининг томорқасига ўтиб қолса, соғ чиқмас, баъзан умуман қайтиб чиқмас эди. Энг ачинарлиси, хотини ва болаларининг феъл-атворида ҳам Баширалининг таъсири яққол сезилиб турар, ҳар бир оила аъзосининг қонида худбинлик, манфаатпарастлик бор эди. Қишлоқда енгил машиналар ҳали унчалик расм бўлмаган кезларда Баширали яп-янги «Волга»сини кўз-кўз қилиб минарди.

Бир куни Хуррам ака оғир бетоб бўлиб қолади. Хотини, болалари Баширалидан акасини докторга олиб боришни илтижо қилишади. Баширали кўнмайди. Орада яна кўнгилсизлик бўлади. Хуррам ака бандачилик қилганда Башир­али азага ҳам кирмайди. Аммо маҳаллада Қўлдош акага ўхшаган саховатли, олиҳиммат, диёнатли одамлар кўп эди. Улар ҳамиша бир-бирларининг жонига оро киришар, тўй-ҳашам, маърака-маросимларнинг бошида туришарди. Айниқса, ёлғизқўл, ночор кишиларга алоҳида ҳиммат кўрсатишарди.

Фаришталар яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам омин дермиш. Орадан йиллар ўтгач, Баширали ростдан ҳам жинни бўлиб, жиннихонага тушади. Узоқ ётса ҳам тузалмайди, ит азобида ўлиб кетади…

«Ҳовли олма, қўшни ол!»

Бу узуқ-юлуқ воқеа-тафсилотлар узоқ болалигимдан бир хотира сифатида онгу шууримга маҳкам ўрнашиб қолган. Назаримда, Қўлдош ака билан Баширали икки хил одам, икки хил олам, эзгулик ва қабоҳатнинг жонли тимсоли эди. Яхшилик ва ёмонликнинг нима эканини илк бор ана шу қўшниларнинг икки хил ҳаёт тарзига гувоҳ бўлиб англаганман.

Маҳалла! Қўшничилик!.. Аслида мен шу ҳақда гапирмоқчи эдим.

Албатта, ҳеч ким қўшнисининг Баширалига ўхшашини истамайди. «Қўшнинг ёмон бўлса, кўчиб қутуласан», деган нақл бор. Бошқа жойга кўчадиган одам биринчи галда қўшнисининг кимлигини сўраб-суриштиради. Янги уй билан қутлагани келганлар, албатта, биринчи галда «Қалай, қўшнинглар яхшими?» дейди. Ахир, «Ҳовли олма, қўшни ол!» деб бежиз айтишмаган.

Одамзотнинг бошида яхши-ёмон кунлар бўлади. Шундай маҳал мақолда айтилганидек, «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши». Аммо шу оддий ҳақиқатни билган ҳолда қўни-қўшничилик муносабатларига ҳамма вақт ҳам жиддий аҳамият беравермаймиз. Гап фақат Баширалига ўхшаган кимсаларда эмас. Сир эмас, гоҳо дуппа-дуруст, ўқимишли, ўқиган, тушунган одамлар ҳам бир жойда яшаб туриб, ён қўшнисининг дарду қувончидан йироқ яшайдилар.

Шаҳар ҳаётининг ўзига хос, мураккаб томонлари бор. Шаҳарда одамлар бирмунча биқиқ, ўз кундалик ташвишларига кўмилган ҳолда яшайди. Атом асрининг шиддатли оқими шаҳарда яққолроқ сезилади. Вақт тиғиз. Асаблар таранг. Энг зарур ишларга ҳам улгуриш қийин. Ойлаб, йиллаб энг яқин одамларимизнинг ҳолидан хабар ололмаймиз. Яқинларимизга хат ёзмай қўйганмиз. Замонавий қўл телефонлари хизматга шай турганда бунга эҳтиёж ҳам йўқдек. Шундай экан, ўзимиздан ортиниб қўшнилар билан кирди-чиқди қилишга ҳамиша ҳам ҳафсала қилавермаймиз…

Одамнинг тафтини одам олади

Дарҳақиқат, битта «дом»да яшаб туриб («Дом» деганимиз ахир, бутун бир маҳалла!) бир умр бир-бирини танимайдиган, бир-бирининг туриш-турмуши билан қизиқмайдиган одамлар ҳам кам эмас.

…Янги «дом»га кўчиб ўтганимиздан кейин бир-икки йил ўтгач, қўшни йўлакдаги бир хонадонда меҳмон бўлишга тўғри келди. Гурунг авжида икки ҳамсуҳбат бир-бирига қўшнисидан шикоят қила кетди. Болаларнинг шўхлигию девор ортидан тарақа-туруқнинг тинмаслиги — ҳамма-ҳаммасини тўкиб солишди. Кейин сиз қайси йўлакда, нечанчи хонадонда турасиз, дея ўзаро суриштиришга тушишди-ю иккисиям бир-бирига тикилганча ҳангу манг бўлиб қолди. Маълум бўлишича, улар девор-дармиён қўшни бўлиб, ҳалитдан буён ўзларини бир-бирига ёмонлашаётган экан.

Олдинига роса кулишдик, кейин ҳижолат чекиб, жим бўлиб қолдик. Назаримда, ҳамма бу кулгининг замиридаги аччиқ ҳақиқатни ўйлар эди. Булар-ку бир-бирларини билмай-танимай шундай «қовун туширишди». Аммо баъзан бир йўлакда яшаб, ҳар куни зинапояда, остонада юзма-юз келишса ҳам пайти келганда заррача бир-бирига ҳадди сиғмайдиган қўшнилар ҳам йўқ эмас.

Бир куни йўлакдаги қўшнилардан бирининг юраги ёмон бўлиб қолди. «Тез ёрдам» ҳадеганда келавермади. Кўнгилсизликдан кўпчилик бохабар бўлди. Худди шу йўлакда бир дўхтир ҳам яшарди. Аммо ҳеч ким унга учрай қолишни маслаҳат бермади. Ҳалиги қўшни ҳам бунга ботинмади. Чунки ўша дўхтир ҳеч ким билан қўшничилик қилмас, ҳеч қачон биринчи бўлиб бировга салом бермас, ҳатто саломга зўрға алик олар, бировга мундоқ очиқ чеҳра билан боққанини ҳеч ким кўрмаган эди. Табиий, бундай кимсага оғиз очиб дард айтиш осон эмас эди.

Янги қурилган «дом»да бир-бирини етти ухлаб тушида кўрмаган, мутлақо нотаниш, касби-кори, феълу атвори ҳар хил одамлар энди бир жойда яшай бошлайдилар. Агар «дом»да лоақал бир-иккита одамларнинг бошини қовуштирадиган, диёнатли кишилар бўлса, нур устига аъло нур.

…Бизнинг йўлакда ажойиб бир оила яшайди. Мен бу оилага ҳар жиҳатдан ҳавас қиламан. Ниҳоятда аҳил-тотув яшашади, болалари бири-биридан ақлли, одобли. Шундай оила билан девор-дармиён қўшни бўлганимизни катта омад деб биламан. Биз тез-тез кирди-чиқди қилиб турамиз. Шуниси диққатга сазоворки, бу қўшнимиз олдин яшаган жойидаги қўшнилар билан ҳам алоқани узмаган, улар билан худди туғишган қариндошлардек яқин бўлиб қолишган. Байрамлар, ҳар хил оилавий тантана-маросимларда, албатта, бир-бирларини йўқлашади. Шу қўшнимиз баҳонасида жуда кўп ажойиб хонадонлар, яхши одамлар билан танишиб, дўстлашдик, улар билан борди-келди қиладиган бўлдик.

«Оқибатсиз қариндошдан оқибатли бегона яхши», деганлари шу бўлса керак. Шундай ҳаётий-ибратли воқеа-ҳодисалар хаёлимдан ўтганда беихтиёр севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг мана бу мисраларини эслайман:

Инсон билан тирикдир инсон,

Муҳаббатда ҳаётнинг боши.

Одамзотга бахш этади жон,

Одамларнинг меҳр қуёши.

Шодмон ОТАБЕК,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Манба: «Маҳалла»