“Иннанкейин-чи?” ёки бугунги “шумбола”ларнинг шумлигидан кимга наф?

2019-11-27T10:22:51+00:0027 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Машҳур турк ёзувчиси Азиз Несиннинг “Демократия шунқори” номли асари бор. Ҳеч қандай маълумоти йўқ, аммо ёзишга ишқибоз чала мухбир тилидан ёзилган Ғоят юморга бой ҳикоя. Ёзувчининг қаҳрамони отасидан мерос қолган дўкон иши билан машғул бўлса-да, кутилмаганда ёзиш-чизишга қизиқиб қолади. Пешонани қарангки, ёзган йигирма икки қоғозли мақоласидан бор-йўғи беш-олти сатри газетада чоп этади-ю, у ўзини кўпнинг оғзига тушган даҳодек санай бошлайди ва шундан сўнг ёзишга муккасидан кетган бошловчи мухбир “ижод” намуналарини пешма-пеш нашрларга жўнатаверади. Аммо ҳеч бири босилмайди.

Тақдир ҳазилини қарангки, унга яқинда ташкил этилган газета таҳририятидан “бизга ноёб хабарлар юбориб туринг”, деган мазмунда хат келади. Унда: “Беш киши бир кишини ўлдириши мумкин, бунга ишонса бўлади. Аммо бир киши бештасини ўлдирса-ю, кейин мурдаларни бир бошдан ея бошласа, бу ноёб хабар ҳисобланади. Яна бир гап: бирор футбол ўйини пайтида ишқибозлар судьяни тутиб урадиган бўлса, қўяверинг, бу бўладиган гап, лекин ишқибозлар судьядан калтак еган бўлса, бундай хабарни жон деб босамиз”, дейилади.

Омади чопган чала мухбир бундай тўқима хабарлар режасини дўндириб бажаради. Бир гал янги қўзилаган қўйлар ва сал нарида юрган эшакни кўриб қолиб, “Эшак қўзи туғди” сарлавҳали мақола жўнатади. Ҳаял ўтмай, газетанинг учинчи бетида босилиб чиққан мақола шундай бошланади: “Мухбиримиз хабар қилади: кеча бизнинг шаҳарда қирқ бешга кирган эшак иккита қўзи туғди”…

Кейинги пайтларда дунёда ахборот оламини ҳайрат ва ларзага соладиган ярим-ёрти ва аксарият бетайин хабарларнинг шиддат билан кўпайиб бораётгани ўша “Демократия шунқори”ни эслатади. Майда-чуйда маиший муаммолар, ким кимни уриб-сўкканидан тортиб, айрим қўшма, ясама гаплар интернет оламини босиб кетди. Блогерларнинг ҳаммаси ҳам бежама хабар тарқатмайди, албатта. Уларнинг орасида олий маълумотли, ўқимишли, ўз фикрига эга, даражаси журналистга яқинлари талайгина. Аммо ижтимоий тармоқларда ҳозирча тарқамаган хабарлардан фақатгина “эшак эгиз қўзи туққани” қолди.

Айниқса, мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳақидаги гаплар аксарият сайтлар, уддабурон блогерлар томонидан сақич каби чайналдики, “маза-матра”сига путур ета бошлади. Хатто халқимиз қадрияти ҳисобланган ҳашарни ҳам мажбурий меҳнат дейишди. Мисол учун, жорий йил таълим даргоҳларида ўқув йили бошланишидан аввал сайтлардан бирида «мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилингани» ҳақида кетма-кет ёзилди. Бу қандай меҳнат эди дейсизми? Бор-йўғи бир мактаб ўқитувчилар ўзлари меҳнат қилаётган мактаб ҳовлисидаги ерни юмшатиб, атрофни бироз тартибга келтиришгани, ўзлари ишлайдиган муассасани ободонлаштириш экан. Ахир, бундай ҳашарлар азалдан бор-ку! Ҳаммамиз мактабда ўқиганмиз, нафақат ўқитувчи, ҳатто катта синф ўқувчилари ҳам мактаб ҳовлисини, синфхоналарни озодалигига жавобгар эди. Ерни юмшатиш, дарахтларни оқлаш, ортиқча ўтларни юлиш каби енгил юмушларни ўзимиз ҳам бажарганмиз. Атроф тоза, сўлим бўлса, билим олгани келган нафақат ўқувчиларнинг, таълим-тарбия берувчи ўқитувчилару, таълим даргоҳига келадиган барча-барчанинг баҳри-дили яйрамайдими? Қолаверса, тозалик соғлом ҳаёт гарови эканини боғча боласи ҳам билади. Наҳотки, шу юмушлар ҳам мажбурий меҳнат бўлса?! Ўз ҳовлингдаги ерни биров келиб тозалаб бермайди-ку!

Қолаверса, ўсмир-ёшларни атроф муҳит тозалигига риоя қилишга, унинг неъматларига эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ўргатиш мактабнинг ҳам иши ҳисобланади. Албатта, бунда ўқувчиларга ўқитувчининг ўзи ўрнак бўлиши лозим.

Президентимизнинг қатъий талаби билан бу йил давлат муассасалари ишчи хизматчилари, талаба ёшлар пахта теримига жалб қилинмади. Ҳа албатта, бу ҳар томонлама тўғри қарор бўлди. Аммо маҳаллаларда иш қидириб юрган, ёки даромади камлигидан оиласини боқишга қийналаётганлар камми? Улар маҳалла фуқаролар йиғинига ёрдам сўраб боришади. Бўш вақтини телефону компьютер титиш, фойдасидан зарари кўпроқ виртуал оламнинг ҳар турли туйнукларида “сайр қилиш” билан умрини ўтказаётган ёшлар ҳам талай.

Шундай экан, уларни пахта йиғимига жалб этиб, кунлик даромад топишга даъват этиш хайрли. Таассуфки, ижтимоий тармоқлардаги “лайк” йиғишга ишқибоз айрим ҳовлиқма блогерлар учқундан ўт чиқариб, бу ҳолатни-да “мажбурий меҳнат”га йўйишди. Бир шоира опамиз “Ҳатто келинларимизга кўчани супур, дейишгаям қўрқиб қолдик. Буни ҳам мажбурий меҳнат деб атаб, бизни “маданиятдан” орқада қолган дейишдан ҳам тоймайди булар”, деб ҳақли эътироз билдирган эди.

“Элдан чиқиб, кимга эл бўласан”, дейди кексаларимиз. Эл ичида яшагач, ён-атрофдагиларнинг иссиқ-совуғидан хабардор, ёрдам керак вазиятларда қўл-қанот бўлиш инсоний бурч эмасми? Афсуски, ўзини тезкор хабаркаш қилиб кўрсатаётган баъзи кимсалар одамларга яхши кўриниш, ўзларини “халқпарвар, элпарвар, адолатпарвар ва яна неча хил “парвар”лар сифатида намойиш этиб, нуқул тирноқ остидан кир қидириш билан машғул бўлишмоқда.

Лекин бундан кимга наф? Юртимизгами? Одамларгами?

Қўлингдан келса, савоб ва яхшилик қил, келмаса ҳеч бўлмаса, ёмонлик қилма дейди улуғларимиз.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, пала-партиш, ёлғон яшиқ хабарларни ёзиш билан ҳеч ким шу пайтгача обрў топган эмас.

Албатта, матбуот тезкор бўлгани яхши. Аммо бу дегани тўҚри келган кўчадаги гапни текширмасдан, аниқлигини ўзи ҳам билмасдан элу-юртга жар солиш бу тезкорликка кирмайди. Бундай хабар билан ҳеч ким ҳурмат ва эътибор топмайди. Топса хам вақтинча, умри кўршапалакникидек жуда қисқа бўлади.

Айтайлик, ҳали кўп бўлгани йўқ, хатто бир мамлакат президентини вафот этганга чиқариб юборишди. Бунга ишонган нуфузли одамлар ҳам ижтимоий тармоқлар орқали таъзия билдирди. Ваҳоланки, бу ёлғон эди. Бугун интернет тармоқлари мисоли бетартиб бозорга айланиб бормоқда. Бу бозорда сифатлисидан кўра, истеъмолга яроқсиз маҳсулот кўпайиб кетди. Мана шулар сабаб ҳозир аҳоли орасида ижтимоий тармоқларга ишончи кескин сусаймоқда.

Яна бир мисол. Шу йил уч-тўрт ой бурун “Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ишдан кетди”, деган ёлғон хабар ҳам бутун мусулмон оламини ўйлантириб қўйди. Хабарни тарқатган блогер ўзича “янги Америка кашф этдим”, деб қалпоқини осмонга отгандир, аммо ёлғоннинг умри қисқа экани яна исботини топди. Қизиқ, нега баъзи бир одамлар ташкилот ва идораларнинг ишончли матбуот хизмати турган жойда, кўча гапига ишонишади?

Ростини айтганда, матбуотга алоқаси йўқ, хабар тарқатиш ваколатига эга бўлмаган, тўғрироғи, “саводи ғовлаб кетган ишбилармон”ларнинг бунчалик ҳовлиқиб кетишига катта-кичик раҳбарларнинг ҳам ҳиссаси бордек туюлади. Тадбирларда айрим блогерлар берадиган эзма саволларга улар қўрқа-писа жавоб беради, эҳтиёт бўламан деб баъзида “қовун тушириб қўяди”, орада ножўя гаплар ҳам келиб чиқади. Қарабсизки, уддабуронлар ўша ножўя гапни юлиб олиб тармоқда эълон қилади. Оқибатда масъул шахслар ноқулай аҳволга тушиб қоляпти, ишдан олинаяпти. Бунга ҳисса қўшган блогер эса Ғалаба мен томонда деб ўйлаяпти. Энг ёмони бу гаплар “эшик”дан ташқарига чиқиб, ватанимиз, миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушаётганидир.

Шу жойда журналист билан блогернинг фарқи юзага чиқади, яъни журналистда жавобгарлик ҳисси бор, хато қилса, нохолис ахборот тарқатса, чора кўрилади. Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида ҳуқуқларимиз билан бирга мажбурият-ларимиз ҳам кўрсатиб ўтилган. Унда, жумладан, журналист “ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши” шартлиги қатъий белгиланган. Демак, ижтимоий тармоқлар ҳам ким нима деса дейдиган бепул карнай бўлмаслиги, керак бўлса уларгада қатъий жавобгарлик масаласи қўйиладиган вақт келди.

Шубҳасиз, сўз эркинлиги керак. Блогерлар, аслида, журналистларнинг уддабурон ёрдамчилари. Аммо минг афсуски, улар орасида ўзларини юқорида биз эслаган турк ёзувчиси Азиз Несиннинг қаҳрамони сингари “демократия шунқори”, деб биладиган, омма диққатини бўлар-бўлмасга ўзига қаратишга уринаётганлари борлиги чатоқ-да.

Хафа бўлишмасину аксариятининг ёзган матнларини кўриб: “Ҳеч йўқса, мактабда ўқиганмикан, ўқиган бўлса, диктант, иншо ёзганмикин?” деб ўйлаб қоласиз. Имло хатоларининг ўзи ёзган хабарича бор. Зиммада масъулият бўлмагач, ачитқи гаплар билан таниламан, дейдиганлар кўпайиши аниқ.

Сўз масъуляти, одоби деган тушунчалар бор. Машҳур “Шум бола” Кинофильмидаги қахрамон ҳожи бобо сингари қулоғини бураб, “Иннанкейин-чи”, дея эзмалик қилиш, кимлардандир ўч олиш, ким кимни ёқтирмаса бўлмағур туҳмату ёлғонларни тармоқлар орқали эълон қилиш… буларнинг бари юқорида айтганимиздек, умри қисқа, эртаси ўзи қазиган чуқурга ўзи тушадиган кир ва паст ҳаракатлардир. Шундай экан, баъзи бир “шумбола”ларнинг шумлиги қачонгача давом этади ва уларга керакли чора кўриладиган вақт ҳам кўп кутиб турмайди.

Холида ФАЙЗИЕВА.

 Манба: «Ҳуррият» газетаси