Имтиёзли кредитнинг имконсиз даромади. Бундан кимга фойда, кимга зарар?

2019-08-12T11:49:29+00:005 Iyul, 2019|Ҳафта мақоласи|

Яхши яшашга, фаровон ҳаёт кечиришга интилган киши борки, қандайдир қўшимча ишни йўлга қўйиш, тадбиркорлик қилиш, кўпроқ даромад топиш ҳаракатида. Зотан, Президентимиз томонидан аҳолининг тадбиркорлик кўникмасини ошириш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва пировард натижада одамларнинг реал даромадларини кўпайтиришга қаратилган қатор фармон ва қарорларнинг қабул қилинаётганидан кўзланган мақсад ҳам шу аслида.

Шунга мутаносиб одамларнинг ҳам оилавий тадбиркорликка бўлган қизиқиши кун сайин ортиб боряпти. Буни тадбиркорликни бошлаш истагидаги юртдошларимиз сони кўплигидан ҳам билиш мумкин.

— Имтиёзли кредит олиб тадбиркорликни йўлга қўйишимни айтишганда, тўғриси бироз чўчидим, — дейди Ғузор тумани «Шерали» маҳалласида яшовчи ногиронлиги бўлган фуқаро Ҳуснора Тўраева. — Лекин онам билан келишиб товуқ боқиш режасини айтдик, сўнг бунга имкониятимиз етмаслигини ўйлаб, икки бош она-бола қўй олишга қарор қилдик.

Аммо орадан бир неча кун ўтиб, қизнинг уйига она-бола қўй эмас, балки икки бош қўчқор олиб келишади. Энг қизиғи, она-бола қўйнинг нархи бир ярим миллион, дейилганди, иккита қўчқорнинг нархи ҳам шунча экан.

Табиийки, бу қўчқорлар пулига мос эмаслигини кўрган қиз ва унинг ёлғиз боқувчиси бўлган нафақадаги онаси аввалига уларни олишни рад этади. Кейин эса ширин хаёллар билан «нима бўлса бўлар» қабилида йўл тутиб, қабул қилади. Мутасаддилар ана шу вазиятдан фойдаланиб, қиздан маҳсулотдан рози эканлиги ҳақидаги хатни олади, онасининг раҳмат айтиб қилган дуосини видеотасвирга туширади.

Аммо қўйларнинг нархи ҳаддан ортиқ қимматлиги боис барибир оиланинг бундан кўнгли тўлмайди. Таниш-билишлар ҳам бу пулга маҳаллий бозордан тўртта шундай қўчқор олиш мумкинлигини айтишади. Ҳуснора яқинлари орқали қўйларни бозорга ҳам чиқариб кўради, аммо ярим нархига ҳам сўрашмайди. Шундан сўнг банк ходимига телефон қилиб, қўйларни олмаслигини айтади, лекин «энди бунинг иложи йўқ», деган жавобни эшитади.

Унинг тинимсиз банкка, маҳалла фаолларига қўнғироқ қилаверишига мутасаддилар жиддий эътибор қаратишмай, ўзига хос инжиқликка йўйишади. Чунки қўйни олган вақти у жуда хурсанд бўлган, онаси раҳмат айтиб, узундан-узоқ дуо қилган.

Ажойиб хаёлпарастлик

Биргина «Шерали» маҳалласининг ўзида бешта кам таъминланган оила имтиёзли кредит асосида қўй олган. Аммо шу вақтга қадар икки фуқаро қўйларни қайтарган. Ҳуснора ҳам қайтармоқчи. Масъулларнинг гапига ишонадиган бўлсак, бу ҳолатларнинг барига феъл-атвор сабаб эмиш…

Шу маҳаллада яшайдиган Баҳодир Ҳабибов ҳам оиласига қўшимча даромад келтириш мақсадида имтиёзли кредит олиб, таъминотчи орқали тўртта қўчқор харид қилган. Оила бекаси Зубайда Жумаева ҳовлига мол киргани, яна бир қўшимча даромад олиш имконияти пайдо бўлганидан хурсанд.

— Бу ишимиздан, айниқса, ўғлимнинг севинчи чексиз, — дейди Зубайда Жумаева. — Кеча-кундуз ана шу қўйларнинг олдидан жилмайди. Жуда меҳр билан парваришлаяпти. Шу мол бўлмаса, бекорчиликдан кўча чангитиб ҳам юрарди-да. Мен ўғлимга иш топилганига хурсандман.

«Бу қўчқорларни боқиб, қанча даромад олмоқчисиз?», деган саволимиз эса аёлни ўйга толдирди.

— Ҳа, нархи анча қиммат. Боқаверайлик-чи, балки ўз пулига бориб қолар, — дейди Зубайда опа.

Тўғри айтади, балки ўз танини қоплар, бу ҳолда  даромад, фойда ҳақида гапириш эса ажойиб хаёлпарастликдан бошқа нарса эмасдек.

4 та қўчқор — 6 миллион сўм

Мана, ўзингиз ҳисоб-китоб қилиб кўринг. Уларга нари борса, 20 килограммдан гўшт берадиган тўртта қўчқор 6 миллион сўмга нархлаб берилган. Уч йил ичида қайтариладиган кредит фоизини ҳам қўшсангиз, ҳар бирининг баҳоси қарийб 1 миллион 800 минг сўмни ташкил этади. Агар бу қўчқорларни 6 ой жуда зўр боқсангиз, қирқ килограммнинг нари-берисида гўшт бериши мумкин. Ўшанда истеъмолчи олган қўйларнинг нархи қопланиши мумкин. Улар еган ем-хашак, кредит фоизи нима бўлади энди? Бундай ҳолда камбағал бой бўладими ёки янада ғарибга айланадими?!

Хўш, таъминотчи корхоналар нимага асосан нарх белгилаяпти? Нега бозордан 800 минг сўмга олиш мумкин бўлган қўчқорни улар бир ярим миллиондан сотишмоқда?

—  Биз Қозоғистондан зотдор қўйларни олиб келяпмиз, — дейди Ғузор туманидаги «Нозима Абдуллоҳ файз» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Самандар Усмонов. — Биласиз, бошқа давлатдан мол олиб келиш осон иш эмас. Бир «партия» мол олиб келиш учун одамларимиз ҳафталаб юради. Бу жуда қийин иш, йўл узоқ. Барча харажатларни ҳисоб-китоб қилсангиз, бизга ҳам кўп фойда қолмаётганини тушунасиз.

Шу ўринда бир қатор саволлар пайдо бўлади. Нега имтиёзли кредитга фақат хориждан келтирилган қўйларни олиш керак? Бу борада барча масъуллар бир хил жавоб айтишмоқда: тегишли қарорда аҳолига зотдор молларни бериш таъкидланган. Таъминотчига ҳам, тижорат банкига ҳам қўйилаётган талаб шундай.

Аммо олиб келинаётган қўйларнинг ҳақиқатан ҳам, зотдор эканлигига қандай кафолат бор? Мисол учун, Германия, Украина ёки Польшадан келтирилаётган наслли сигирлар тегишли паспортга эга ва бунда уларнинг зоти, аниқ ёши, насл хусусиятлари, сотган ташкилот номи ҳақида тўлиқ маълумотлар бор. Қозоғистондан олиб келинаётгани айтилаётган қўйларда бундай эмас. Кўринишидан  ҳам ҳеч қандай зотдорга ўхшамайди. Худди ўзимизнинг бозорлардан териб олинган хашаки қўйларни эслатади. Она-бола деб сотилаётган, аслида бир-бирига бегона қўйлар, тумшуғи оқариб, қарилигидан, ориғлигидан мункиллаб қолган совлиқлар чиндан ҳам, наслли моллар сифатида қўшни республикадан олиб келиняптими?!

— «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида «Шерали» маҳалласи ишчи гуруҳига бириктирилганман, — дейди «Агробанк» Ғузор туман бўлими бош мутахассиси Бахтиёр Нормаматов. — Низом талабидан келиб чиқиб жорий йилда ушбу маҳалланинг ўнга яқин фуқаросига чорва, парранда, асаларичилик, иссиқхона қуриш учун имтиёзли кредит ажратилган. Ҳар ҳафта кредит олган хонадонларга кириб, аҳволни ўрганиб борамиз. Чорва кредити бўйича олинган қўчқорларни шу маҳаллада яшовчи, чорва бўйича мутахассиси бор фуқароларнинг ўзлари бориб, таъминотчи корхонадан танлаб олиб келишган. Ҳуснора Тўраева ҳам ўз хоҳиши билан иккита қўчқор олган. Агар хоҳламаса, қўйларни қайтариб бераман деса, уларни бошқа кредит олмоқчи бўлган фуқарога олиб берамиз. Бу бўйича муаммо бўлмайди.

Хўш, бундай «мурувват»дан ким наф кўради?

Шундай экан, бугун статистик рақамларни бўрттириш учун елиб югураётган, бизнинг ҳудуддан мана шунча фуқарога имтиёзли кредит берилди, қўй, товуқ олиб, иссиқхона қуриб шунча киши оилавий тадбиркорликни йўлга қўйди, дея бонг ураётган мутасаддилар бу ҳақда ўйлаб кўришмас экан, кам таъминланган аҳолининг реал даромадини ошириш борасида бошланган бу ислоҳотлардан катта самара кутиш қийин.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Манба: «Mahalla» газетаси