Имловий хатолар қачон барҳам топади?

2019-04-29T06:03:41+00:0029 Aprel, 2019|Умумий янгиликлар, Ҳафта мақоласи|

Президентимизнинг китоб мутолааси, китобхонлик тарғиботи бўйича қабул қилган қарорлари минглаб, миллионлаб инсонларни китоб сари етаклади. Бутун республикамиз бўйлаб китобхонлар сафи кенгайди.

Дарҳақиқат китоб энг аввало аҳолининг саводхонлик даражасини ўстиради. Китоб, газета ўқиб юрган одамлар маърифатли, маънавиятли бўлишлари билан бирга, хатосиз ёзишни ҳам уддалайдилар.

Ишга кириш учун ёзган  аризасида бир нечта имловий хатоларга йўл қўйган мутахассис китоб мутолааси билан шуғулланмаган.. Тиббий тавсияларида  имловий ва услубий хатоси бор шифокорнинг муолажаларида ҳам қандайдир камчиликлар бўлищи унинг саводини ҳамин қадар эканидан далолат.

Алишер Навоий тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз, дея бежиз ҳикмат битмаган. Чунки тилнинг ўзига хос қонуниятларини, тартиб-қоидаларини билмаган кимса элнинг дарду ташвишлари, қувончларини ҳам ҳис қилмайди.

Бугун янгиланиб бораётган дунё бўсағасида, глобаллашув жараёнида ҳар қачонгидан ҳам халқимизни саводли бўлиши муҳим шартлардан биридир.

Таҳририятимизга нафақат газетхонлардан, балки турли соҳа мутахассисларидан қўлёзма ёки электрон шаклда хатлар оқими бир кун ҳам тўхтамайди. Ҳа, таҳририят ҳар куни кимнингдир кўнглига тугиб қўйган гапларидан, қийнаётган муаммоларидан, қувончли кунларидан, ижод аталмиш илоҳий неъматга ошно бўлганларнинг номаларидан бохабар бўлади.

Бироқ… Минг афсуслар бўлсинки, бу хатларнинг айримлари ручка сиёҳидан бўялиб кетади.

Ҳоҳ электрон шаклда бўлсин, ҳоҳ қўлёзма хатлардаги имловий хатоларни ўқиб, бу манзарани  сўзга эътиборсизликнинг ачинарли кўриниши деб биламиз. Аксарият ҳолларда муаллиф исми  ёзилмаган ёки исмнинг бош ҳарфи ёзилган, боз устига, Джамалов, Ходжаев, Касимова, Гаффарова каби фамилиялар мустабид тузумнинг асорати бўлиб  қоғозларда “акс-садо” бераётгани қалбни бир тирнаб ўтади. Тўғри, бу хатолар ўша вақтлардаги нотариал идоралар ходимлари томонидан йўл қўйилган хатолардир. Лекин муаллифнинг бу хатони тўғрилаб ёзишга ҳуқуқи бор-ку.

Таҳририятга келган хатларни ўқигач, мулоҳаза қилдик ва муаллифларнинг исми шарифларини номма-ном келтиришни, манзиллари, касб-корларини айтишни лозим топмадик. Хатоларни кўрсатиб ўтишимиздан  – мақсад тилимизга ҳурмат ва садоқатни шакллантириш, унинг бой имкониятларидан тўғри фойдаланишни тарғиб қилиш, қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, саводсизликка барҳам беришдан иборат.

“Бону”дан бонг уриб” сарлавҳали мақолани  ўқийлик. Такрор айтяпмиз, бу ерда гап мақолалар мазмун-моҳияти ҳақида эмас, балки имловий ва тиниш белгиларидаги хатолар ҳақида боряпти….

“Ухлаб ётганларни уёғотди, беъғамларни сергак торттирди”, “Бу ғуснижамол қизни албатта севги-мухаббат айланиб ўтмади.”, “Ҳаммаёққа етмаган оқлинг”, каби имловий хатолар билан  бирга матнларда“ Ҳ” ҳарфи белгисининг тушиб қолдирилиши…

Туркум шеърлар муаллифи эса  “ҳам” сўзини “хам” деб қўллаган. Ҳолбуки, шоир боши эгик, букилган ҳолатдаги кишини “боши хам” деб таърифланишини бошқалардан  кўра яхши билиши керак.

Кимдир “ҳ” билан “х” ҳарфида нима фарқ бор, дея бу ҳолатни оддий санаши мумкин. Лекин бу хато қоғозлардан жамоат жойларидаги постер, панноларга, огоҳлантириш лавҳаларига кўчиб ўтсачи?

Тиббиёт муассасаси бош врачи шифокор маслаҳатига оид мақоласини йўллаган. Унда шундай жумлалар бор. “Хар бир бемор бу қоидаларга  амал қилиши керак” . Бу ерда “ҳар” сўзининг белгиси тушиб қолдирилиб “хар” деб ёзилган. “Хар” форс-тожик тилида эшак бўлса, мумтоз адабиётда бу сўз аҳмоқ маъносида қўлланилади. Луғатга таяниб ўқийдиган бўлсак, шифокор ёзган жумладан “Эшак ёки аҳмоқ бир бемор бу қоидаларга амал қилиши керак” деган маъно келиб чиқади.

Мақолаларда четдан кириб келган сўзлар ўзбек тилига таржима қилинмасдан  ёзилганига гувоҳ бўляпмиз. Текст (матн), ремонт (таъмир), анализ ( ташхис), комиссия( ҳайъат), конкурс(танлов) каби сўзлар…

Кейинги пайтларда инглизча атамалар асл ҳолида, хатто ёзуви ҳам шу тилда матнларга киритилаётгани газетхонга мутолаа жараёнида қийинчилик туғдиради.

Крилл ёзувини тўлиқ ўзлаштиролмаган ўқувчи ёки талаба ёзувда адашади.. Шу боис асосан улар томонидан юборилган мақолаларда ҳарфий хатолар кўп.

Масалан, яқин, ер, эркак, юлдуз, қуёш сўзлари йақин, йер, еркак, йулдуз, қуйош  шаклида ёзилиб, хатога йўл қўйилмоқда.

Тиниш белгиларга аҳамият бермаслик ёзувда ҳам, талаффузда ҳам жумлани тушуниксиз ҳолатга олиб келади. Яъни, жумлаларни вергул, нуқтали вергуллар билан айирмаслик, қўш нуқта, қўштирноқ, чизиқчалар билан ифодаламаслик синтаксис хато, яъни сўз маъносига путур етказишдир. Бундай ҳолатлар яна талабалар ва ўқувчиларнинг ёзган мақолаларида учрайди..

Ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларда йўл қўйилаётган ҳарфий, имловий хатолар, тиниш белгиларни умуман қўймаслик ҳолатларига шунчаки воқеа сифатида қараб бўлмайди. Бу ўзбек тилининг тобора қашшоқлашувига олиб келаётган саводсизликнинг ўзгинасидир.

Биз таҳририятимизга келаётган хатларнинг айримлари ҳақида фикр юритдик холос. Ижодий жамоа талабга жавоб берадиган мактуб-мақолани  диққат билан ўқиб, таҳрир қилиб, хатоларини тузатиб, чоп этишга тайёрлайди.  Бу билан меҳнатлари зое кетмайди,  албатта.

Лекин бу кичик жараён. Эндиликда меҳнат жамоаларида, таълим-тарбия масканларида қоғозларга муҳрланаётган имловий  хатоларга ҳам барҳам берадиган вақт келди.

  Маъмура АБДУРАХИМОВА.

Манба: “Фарғона ҳақиқатигазетаси.

Шарҳ қолдириш