ИЛМСИЗЛИКДАН КИМ МАНФААТДОР?

2019-07-14T00:12:01+00:0012 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

«Ishonch» газетаси Матбуот йўналишида «Олтин қалам-2019» ғолиби

 Муаммони таҳлил қилар экансиз, қуйидаги саволлар пайдо бўлади: «Биз илмий ва технологик жиҳатдан бошқаларга қарам бўлиб қолаверамизми? Ҳақиқий иқтисодий тараққиётга, фаровонликка эриша оламизми? Бирор соҳада эришган технологик ютуғимизни экспорт қилиб, бошқа соҳаларда сотиб оладиган технологиялар харажатини тўлиқ бўлмаса-да, қисман қоплай оламизми? Ёки фақат қазилма бойликларимиз, оғир машаққат-ла етиштирадиган хомашё, яримфабрикат маҳсулотларини сотиш эвазига яшаймизми?». Агар ижобий жавоб топиб, масалани ҳал қилмасак, йигит-қизларимиз чет элларда гастарбайтер бўлиб, хўрланиб, ҳақорат эшитиб юраверади. Адолатсизликка чидай олмаган айрим ёшларда уларни бундай қисматга дучор қилган сиёсий тизимдан ўч олиш истаги туғилади. Натижада баъзилари четга чиқиб экстремистик-террористик гуруҳларга қўшилиб қолади. Адашган фарзандларимиздан ўзимизни ҳимоя қилиш учун яна «катта оға» излаймизми? Ёки ўзаро рақобат қилувчи геосиёсий кучлар, буюк давлатларнинг «кўнглини» овлашга ҳаракат қиламизми? Савол изидан ундан-да ёқимсиз саволлар чиқаверади! Бу саволларнинг бир учи, истаймизми-йўқми, илмий техника тараққиёти, янги иш ўринлари яратиш истиқболлари, миллий кадрларимиз савияси, умуман, миллий менталитетимиз, унинг айрим заиф жиҳатларига бориб тақалади.

Илм-фан ривожланишидаги баъзи муаммолар яқин совет давридан мерос бўлиб келмоқда. Ўтган асрнинг 20-30-йиллари қолоқ ва қашшоқ, илмий кадрларининг кўпчилиги муҳожирликка кетган совет давлати уларнинг қолганлари ва ёш иқтидорли тадқиқотчиларни янгидан ташкил этилган илмий текшириш институтлари, лабораториялар, конструктор бюроларида тўплади. Асосий маблағлар бу муассасаларга йўналтирилди. Олий ўқув юртлари кафедралари, лабораториялари мураккаб жиҳозларни талаб қиладиган амалий ва экспериментал тадқиқот базаларига эга бўлмай қолди. Уларнинг олдига фақат ўқув мақсадлари қўйилди. Бу, ўз навбатида, олий ўқув юртларининг замонавий ишлаб чиқариш талабларидан ажралиб қолишига олиб келди. Табиийки, уларга деярли ҳеч қандай буюртма берилмади. Олий ўқув юртлари буюртмаларни бажаришга мослашмади.

70-80-йилларда аҳволни ўзгартиришга бўлган уринишлар амалий самара бермади. Чунки совет фанининг пойдевори умуман бошқача бўлиб, ишлаб чиқариш билан боғланмаган эди. Шу сабабдан илмий ғоялар, ишланмалар, тадқиқотлар чоп этилиб, қоғозда қолиб кетаверди. Уларнинг аҳамиятлиларини чет эл компаниялари амалиётга жорий қилиб ёки улар асосида янги технологиялар яратиб, патентлаб қўярди. Собиқ СССР уларни қайта сотиб олишга мажбур эди. Мураккаб илмий инновацион ишланмалар ва технологияларга, агар ҳарбий ва ноҳарбий мақсадларда баробар қўлланиши мумкин бўлса, «қатъиян махфий» тамғалари босилиб, Ғарб мамлакатларидан фарқли равишда халқ хўжалигига жорий қилинмади, совет маҳсулотлари сифатсизлигича қолаверди.

Ишлаб чиқаришдан узилганлик академик ва маҳкамавий илмий-тадқиқот институтларига салбий таъсир кўрсата бошлади, амалда уларнинг аксарияти давлат бюджетининг боқимандасига айланди. Айниқса, баъзи гуманитар йўналишдаги институтлар. Ижтимоий гуманитар фанларга яна совет тузумининг бошқа камчилиги ҳам хос бўлиб, илмийлик мафкуравийликка бўйсундирилган эди. Бу кўпчилик ҳақиқий истеъдодларнинг илмга интилишини сусайтирди, ўз фанидан қониқмасликка олиб келди. Иқтидорли ёшларнинг касб танлаши, ижтимоий мўлжаллари ўзгарди: улар қисман аниқ фанлар, табиатшунослик, техника фанлари ёки ҳаётда кўпроқ моддий даромад келтирадиган касбларни танлай бошлади. Гуманитар соҳага, 30-50-йиллардан фарқли, 60-80-йилларда иқтидорли ёшлар кам интилди. Улар ўрнини ўртамиёна кишилар тўлдирди. Бундан ташқари, бу даврга келиб илм-фан, олимларнинг жамиятдаги обрў-эътибори аста-секин тушиб кетди.

Мустақиллик йиллари илм-фандаги камчиликларни бартараф этиш учун уни чуқур ислоҳ қилиш лозимлиги аёнлашди. Давлат биринчи навбатда бу борадаги ислоҳотларни илм-фанни ишлаб чиқаришга яқинлаштириш, бозор буюртмаси асосида ишлашга кўчириш, давлат бюджетига боқимандалигини камайтириш деб тушунди. Рақобат ва ижтимоий буюртма ўз-ўзидан илм-фан савияси ўсишини таъминлаши аксиома сифатида қабул қилинди. Лекин илм-фанни ислоҳ қилиш борасида пухта ўйланган ҳаётий концепция яратилмади. Асосий ўзгаришлар сиёсий-ташкилий шаклда ўтказилди. Аниқроғи, ФА институтлари тугатила бошлади, олий ўқув юртлари кафедралари билан бирлаштирилди. Чет эллардагидек илм-фанни турли компаниялар, иқтисодиёт тармоқлари молиялаштиришига, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашувига умид қилинди. Аммо амалда бундай бўлиб чиқмади. Совет даври инерциясини, илм-фаннинг ишлаб чиқаришдан бегоналашганини енгиб ўтиш ўта қийин кечди. Бундан ташқари, на собиқ академик ИТИ, на ОЎЮ кафедраларида халқ хўжалиги буюртмаси бўйича тадқиқот олиб бориш ва фаолиятини тўлиқ шу асосда йўлга қўйишда етарлича тажриба ва тадқиқот базаси бор эди.

Бугун илм-фан соҳасини ислоҳ қилишда йўл қўйилган хатолар тузатилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан Ўз ФА қатор институтлари қайта тикланди. Илм-фанга ажратиладиган маблағлар кўпайтирилмоқда, олимларни, олий ўқув юрти ўқитувчиларини моддий ва маънавий рағбатлантириш, ойлик маошларини ошириш масаласига эътибор қаратилди. Лекин ҳамма масалаларни бирданига ҳал қилиб бўлмайди, албатта. Илм-фанни ислоҳ қилиш концепцияси муттасил чуқурлаштириб, кенгайтириб борилиши зарур. Ҳар бир фан йўналиши ва ҳаттоки ҳар бир фан бўйича қилинажак долзарб ва стратегик ишлар, вазифалар аниқлаб олиниши керак. Чунки фундаментал ва ижтимоий-гуманитар фанларнинг аксарият қисмини давлат бюджети ўз зиммасига олиши лозим. Лекин амалий-техник фанлар аста-секин бюджетга боқимандаликдан қутулиши, ишлаб чиқариш буюртмалари, жумладан, чет эл компаниялари буюртмалари асосида ўз-ўзини маблағ билан таъминлаши шарт.

Илм-фан ривожланиши тўрт омилга боғлиқ: биринчиси — унинг тадқиқотларига ижтимоий буюртма вужудга келиши ва муттасил ўсиб бориши; иккинчиси — илм-фаннинг моддий-техник базаси ва унга етарлича маблағ инвестиция қилиниши; учинчиси — кадрлар тайёрлаш, ҳақиқий истеъдодларни излаб топиш; тўртинчиси — илм-фан вакилларининг жамиятдаги обрў-эътиборини кўтариш.

Илмий-текшириш институти махфий лабораторияси эшигини қўриқлайдиган милиционер институт директори, лаборатория мудиридан икки баробар кўп маош олса, қандай иззат-ҳурмат ҳақида гап бўлиши мумкин? Ёки институтнинг ёш ўқувчиси, врачлар, ҳамширалар бирга кўча супурса, чиқинди ташиса, бу касб жозибали бўладими? Яхшиям, Президентимизнинг қатъий талаби билан мажбурий меҳнатга жалб этишнинг барча шаклларига барҳам берилмоқда. 70-йилларда шундай социологик маълумотни ўқиганман: илмий тадқиқот институтларига эга айрим трансмиллий компаниялар бутун жаҳон бўйлаб турли университетларга, жумладан, ривожланаётган мамлакатлар университетларига ўз вакиллари ва экспертларини жўнатиб, истеъдодли талабаларни аниқлаган. Улар билан аввалдан шартнома тузган. Хоҳласа, АҚШга ўқишини кўчирган, барча ўқиш харажатларини бўйнига олган. Битиргандан кейин ўша истеъдодли талаба компания ходимига айланган. Бугун бу амалиётдан дунёнинг етакчи футбол ва бошқа спорт ўйинлари командалари ҳам фойдаланмоқда.

Бизда-чи? Бизда ҳатто истеъдодли талабалар айрим олий ўқув юртларида ўқитувчисининг «тили»ни топмаса, ё зўрға «уч» баҳосини олади, ё йиқилиб, судралиб юради, ўқишдан, ҳар қандай фандан ҳафсаласи пир бўлади. Коррупция олий таълимда кучайиб кетаётгани, уни сиқиб чиқариш қийин кечаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Илм-фанда ойлик-маош масаласи ҳам иккинчи даражали эмас. Ёш олимга яратиладиган тадқиқот шароити бундан-да муҳимроқ. Етарлича ойлик олмаса, тадқиқот ўтказишга шароит бўлмаса, «ақллар» четга кетиб қолади. Мустақилликнинг биринчи йиллари чет элга ўқишга жўнатилган истеъдодли ёшларимиздан бугун неча фоизи юртимизда ишлаб, нималарга эришди-ю неча фоизи чет элларга қайтиб кетиб ёки умуман қолиб, нималарга эришди? Шундай ҳисоб-китоб, статис­тика борми? Майли, аниқ маълумотлар керак ҳам эмасдир. Шундай аҳвол юз берганини ҳамма билади. Аммо сабоқ чиқардикми? Чиқармоқдамизми? Олий таълимда коррупцион вазият вужудга келишига вазирлик ва тегишли давлат ташкилотлари индамасдан бефарқ қараб турди, нега? Бундан кимлардир манфаатдор бўлган. Кириш имтиҳонларининг ўрнига тест синовларининг жорий этилиши порахўрликнинг бевосита ўқув жараёнига кўчишига, кириш имтиҳонлари даромадларини фандан ўтиш имтиҳонлари даромадлари билан алмаштирилишига сабаб бўлди. Совет даврининг охирги йилларида издан чиққан хаста ўқув тизими тузалишни истамади ва истамаётир. Талабанинг илмсизлиги, ўзлаштирмаслиги, машғулотларга қатнашмаслигидан бир гуруҳ ўқитувчилар манфаатдор, чунки бундай талаба «сессияни текин ёпмайди».

Технологияларни ўзимизда ривожлантирмасдан маҳсулотларни четдан олиб келишдан манфаатдор давлат ва кредит ташкилотлари, турли лавозимдаги амалдорлар йўқ дейсизми? Юксак технологияларни-ку қўя турайлик. Нега оддий истеъмол товарларини ишлаб чиқаришда сезиларли ўзгаришлар йўқ? Чунки марказий таъминотчи бозор билан ҳудудий, маҳаллий бозорлар нархи орасида фарқ бўлса, жойларда ишлаб чиқариш ривожланмайди. Тўғрида, нима қиласиз бошингизни оғритиб корхона қуриб, маблағ, технология ва хомашё излаб, ишчиларни ёллаб, уларни технологияларни ўзлаштиришга ўргатиб? Яхшиси, Тошкент «отчопари»дан истаганча маҳсулот келтириб, 30-40 фоиз устама қўйиб сотаверинг, бойийсиз, ташвиши ҳам камроқ. Айнан шу ҳол янги иш ўринлари, кичик ва ўрта корхоналар яратилишининг ашаддий душманидир. Мазкур қонуниятни бундан 90 йил аввал машҳур иқтисодчи Кейнс очган эди. Буни иқтисодчи олимларимиз билмайдими? Билса, нега ҳукуматни огоҳлантирмайди? Биз қачонгача топган валютамизни технологиялар, ишлаб чиқаришга эмас, хорижнинг сифати паст, арзон маҳсулотларини харид қилишга сарфлаймиз, амалда чет мамлакатнинг ушбу соҳасини ривожлантирамиз.

Мактаб таълимида коррупция бошқачароқ — яширин шаклда тобора илдиз отмоқда. Ўқитувчилар дарсларини юзаки, хўжакўрсинга ўтади. Айниқса, юқори синфларда. «Болангиз яхши ўзлаштириши учун репетиторга қатнасин» дея, 5-синфдан ота-оналарга тазйиқ ўтказила бошланади. Табиийки, кўчада репетитор тўлиб-тошиб ётгани йўқ. Репетиторликни ўша ўқитувчининг ўзи зиммасига олади. Бу яширин шаклда давлатнинг бепул таълимини пулли таълимга айлантириш, «Таълим тўғрисида»ги қонунни қўпол равишда бузиш эмасми?

Олий мактабда ўқитиладиган ижтимоий-гуманитар ва умумтаълим фанлари сонини ҳамда номенклатурасини қисқартириш, мутахассислик фанлари соатларини кўпайтириш тўғри. Аммо қайси фанлар қолиши керак деган масала баҳсли. Олий математикани нега бўлажак тарихчи ёки тил-адабиёт, чет тили, мусиқа ва жисмоний тарбия ўқитувчиси ўрганиши лозим? Ҳаттоки ахборот технологияларини бўлажак талаба ўрта мактабда ўзлаштириб келиши, олий мактабда фақат дастурлаштириш бўйича билимини такомиллаштириши керак. Ижтимоий фанлардан учта фан: фалсафа, иқтисодиёт назарияси ва маънавиятшунослик ўқитилса, кифоя. Лекин фалсафа доирасида политология (сиёсатшунослик) ва социология, маънавиятшунослик доирасида этика, эстетика, диншунослик, иқтисодиёт назарияси доирасида меҳнат ҳуқуқи ва ижтимоий муҳофаза бўйича билим берилиши лозим. Бунинг учун принципиал янги ўқув дастурлари ва дарсликлари яратилиши керак.

Конституция ва ҳуқуқнинг турли йўналишлари асосларини ўқитиш ўрта мактабга кўчирилиши мақсадга мувофиқ. Чет элларда умумий ўрта мактаб таълими ўн икки йиллик. Балки бизда ҳам ўрта мактабларни ўн бир йиллик эмас ўн икки йилликка ўтказиш керакдир… Шунда олий таълимни кўп қўшимча фанлардан халос қилиш баробарида мактабни тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларимизга кўпроқ билим берган бўлардик.

Бошқа бир муаммо. Биз янги саноат инқилоби арафасида, ҳатто бошланишида яшаяпмиз. Бу муштараклашган ахборот технологиялари ва «сунъий» интеллектнинг барча соҳага кириб боришидир. Масалан, беморнинг буйраги ёки ишдан чиққан бирор аъзосини тиклашнинг иложи бўлмаса, у донор органи билан алмаштирилади. Трансплантация, аслида ўзга аъзони ўтказишни билдиради. Ҳозир эса инсоннинг ғаровли ҳужайрасидан «қурилиш ашёси» тайёрлаб 3D принтерлари ёрдамида, ишдан чиққан аъзонинг мутлақ нусхасини яратиш мумкин. Инсон танасининг фалаж бўлган аъзоларини ишлатишда нанотехнологиялар, «сунъий» интеллект истиқболларидан фойдаланиш устида тадқиқотлар кетмоқда. Ҳайдовчисиз машиналар, автобуслар, электропоездлар, метролар бугун синовдан ўтмоқда. Бошланаётган янги саноат инқилоби ўрта мактаб ва олий таълим ўқув режаларини тубдан янгилашни тақозо этмоқда. Бўлажак жарроҳ-трансплантолог тиббиётга оид фанлар қаторида АКТ ва сунъий интеллектга оид фанларни, 3D принтерида ишлаш технологияларини мукаммал ўзлаштириши лозим.

Ким бугун мактаб ва олий таълим ўқув режалари, дастурларини бошланаётган янги саноат инқилобига мослаштириш устида ўйлаётир? Ахир, эртага кеч бўлади!

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилгани илмий тадқиқотларни янги поғонага кўтаришидан умид қиламиз. Ёш тадқиқотчилар ғояларини ўрганиш, ишланмаларини синаб кўриш, амалиётга жорий қилиш мақсадида янги вазирлик таркибида махсус бўлим ва жамғарма ташкил этилишидан ташқари Ёшлар иттифоқи, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳузурида ҳам махсус тузилмалар бўлиши мақсадга мувофиқ. Улар реал маблағга ва имкониятга эга бўлса, фойда келтиради. Собиқ иттифоқ даврида Ёш техниклар станцияси, Ёш натуралистлар (табиатшунослар) станциялари бўларди. Ёш техниклар станциясида алоқа, радиосозлик, авиамоделчилар тўгараги, машинасозлик, кемасозлик тўгараклари бўларди. Бугун уларни қайта тиклаш зарур. Ёшлар иттифоқи ҳузурида эса ёш талабалар ва конструкторлар учун махсус конструкторлик цехи ташкил этиш керак. Истаган ёш изланувчи, конструктор ўз ғоясини ҳимоя қилгандан кейин унинг намунасини яратиш имконига эга бўлсин.

Хуллас, олдимизда турган масалаларга тубдан янгича ёндашиш зарур. Косметик ислоҳотлар билан ишни ўнглаб бўлмайди. Таълимнинг барча бўғинлари, ФА, маҳкамавий тармоқ ИТИ, инновацион сиёсат, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган фаолият муштаракликда, биргаликда ислоҳ қилиниши лозим.

Абдураҳим ЭРКАЕВ,

Қарши давлат университети профессори

“Ishonch” газетаси

2018 йил 26 май, 62-сон

Шарҳ қолдириш