Ибратга айланган умр

2019-08-12T11:49:19+00:0018 Iyul, 2019|Умумий янгиликлар|

Китоб оламида шундайлари борки, қўлга олар экансиз, қандай боғланиб қолганингизни билмай қоласиз. Яқинда «Янги аср авлоди» нашриётида чоп этилган  “Асил Рашидов замондошлари нигоҳида” тўплами  шундай асарлар жумласидан.

Атоқли адиб Чингиз Айтматов таниқли журналист Анвар Жўрабоев билан бўлган  суҳбатида  шундай дейди: “Асил Рашидов таржима қилган қиссаларим бошқача чиққан. Бунга ўша йиллари Ўзбекистондан олган мактубларим гувоҳ. Таржимон  ҳар бир қаҳрамоним сиймосини ўзим тасаввур этгандек ошиқча бўёқларсиз очишга интилган ва бунга эриша олган ҳам”.

Чингиз Айтматовнинг ҳақиқатни  эътироф  этгани бизни ҳам қувонтиради. Бошқа бир мақола эса  дунёга машҳур бўлган бир асар ва  унинг ёзувчини ўзбек  китобхонлари қандай кашф этганлиги ҳақида сўзлайди. У—файласуф, академик Воҳид Зоҳидов қаламига   мансуб Давр адиби”. Олим ўз мақоласида француз ёзувчиси Луи Арагоннинг  “Культура и жизнь” журналининг 1959 йил, 7-сонида босилган “Жамила” қиссаси ҳақидаги мақоласини ўқигани, сўнг асарни топиб ўқиб чиққани, ундан завқланганини ва Асил Рашидовдан уни ўзбек тилига ағдариш кераклигини илтимос қилгани ҳақида ёзар экан,шундай дейди: “ Кўп ўтмай бу илтимос истеъдодли адабиётчимиз томонидан дўндириб бажарилди. “Жамила” асари ўзбек халқининг ҳам мулкига айланди. Ана шу қутлуғ ишга ҳисса қўшганим учун мамнунман.”

Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг эътирофи унданам гўзал. У ўзининг “Сокин оқувчи дарё” мақоласида ёзади: ”Асил Рашидовни мен ўзим учун қирқ йиллик қадрдон, бир-икки кўйлакни ортиқроқ йиртган акахон, талай фазилатлари ўрнак бўлгулик инсон деб биламан ва кўп қиррали фаолият соҳиби бўлган олим, мударрис, таржимонни дилдан ҳурмат қиламан”.

Академик Бахтиёр Назаров эса “Ижодкорнинг қўш қаноти” мақоласида Асил Рашидовнинг олимлик ва таржимонлик фаолиятига тўхталади. Уни Чингиз Айтматов ижодининг чуқур билимдони деб баҳолайди. Ва олимнинг “Чингиз Айматовнинг бадиий олами” номли мақолалар тўпламини теран таҳлил қилади. Адибнинг тадқиқотчиларига тўғри муносабат билдирганини қайд қилади ҳамда улар эътибор бермаган образлар мисолида ижодкор маҳоратининг янги қирраларини очиб беради. Таржимонлиги ҳақида эса русча матнни мисол келтириб, уни ўзбекчага ўгирганда ёзувчи асарларидаги ички оҳангдорликни маҳорат билан бера билганлигини факт ва мисолларда кўрсатади. Оқибатда Асил Рашидовнинг олимлик ва таржимонлик салоҳияти киши кўз ўнгида яққол гавдаланади.

Олий ўқув юртида дарс берган домлаларда катта билим, дарс бериш маҳорати, юксак ахлоқ, ҳалоллик  ва тўғрилик каби хислатлар бўлиши лозим. Мана шу фазилатларнинг ҳаммаси таржимонда мужасам. Педагогика фанлари доктори, профессор Марғуба Мирқосимова “Умр дафтарини безаган олим “ мақоласида  шундай дейди: “Биз ҳамиша домладан ибрат олишга ҳаракат қиламиз. Ибратга лойиқ жиҳатлари шундаки, профессор Асил Рашидов ўзи тўғри деб билган сўзни айтишдан чўчимайди, ўз ҳақиқатини исботлашга кучини аямайди. Ҳатто ёши улуғ домлаларга ҳам ўринли танбеҳ беради, ёлғонни зинҳор ҳазм қила олмайди. Фикр қиладиган жиҳати эса домланинг ибратга айланган умри, ҳаёт йўли, илмий-ижодий фаолиятидир”.

Китобдаги мақолалар гарчи бир шахс  ҳақида бўлгани билан уларни  ёзган одамлар ҳар -хил. Зеро,одам ва оламнинг ўзи турфа. Аммо биз кўриб чиққан  тўплам муаллифлари ҳаётнинг моҳиятини англаган, ўз фалсафасига эга  кишилар томонидан ёзилгани учун  ўқувчининг ўзини ва ўзгаларни англашига, маънавий бойишига жуда катта имкон беради.

Ҳакимжон КАРИМОВ,

филология фанлари доктори, профессор.