Хоразмда олти нафар журналистга уй берилди

2019-07-14T04:59:35+00:0020 Mart, 2019|Хоразм вил.|

Айни кунларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда журналистларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қатор хабар ва мақолалар, эшиттиришлар берилмоқда.  Жойларда бу борадаги ишларнинг бугунги ҳолатига оид маълумотларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси жамоатчиликка етказишга ҳаракат қиляпти.

Вилоятларимизда журналистларга бўлган эътиборнинг ошиб бораётгани, кенг имконият, имтиёзлар берилаётгани қалам аҳлини ғоят қувонтирмоқда. Хусусан,   Хоразм вилояти ҳокими маҳкамасидан Уюшма раисига юборилган хатда вилоятда фаолият олиб бораётган журналистларни уй-жой билан таъминлаш бўйича бажарилган ишлар очиқланган. Унга кўра «Янгиариқ овози» газетаси  мухбири Гулноза Умирова, «Янгибозор кўзгуси» газетаси мухбири Умида Нурметова, ЎзАнинг вилоятдаги ўз мухбири Аҳмаджон Шокиров, Хоразм телерадиокомпаниясининг катта муҳаррири Маърифат Қаландарова, мухбирлар Латофат Юсупова, Бекзод  Хўжаев каби фаол журналистларга имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой берилган. Айни пайтда уй-жойга эҳтиёжманд ёш журналистларнинг янги рўйхати шакллантирилмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2017 йил 10 августдаги «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 4-бандида «Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Уюшма билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш ишларини белгиланган тартибда йўлга қўйсин» деб алоҳида таъкидланган. Ўзлаймизки, бу борадги саъй-ҳаракатлар юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг тус олади.

Шарҳ қолдириш