“Хатирчи ҳаёти” газетаси жамоаси фаолиятини тўхтатиш арафасида. Нега?

2019-03-14T11:40:34+00:0014 Mart, 2019|Навоий вил.|

Ушбу хабарни эшитгач, масалага ойдинлик киритиш мақсадида таҳририят билан боғланар эканмиз, газета муҳаррири афсус билан айни ҳақиқатни тасдиқлади ва фаолиятни давом эттириш учун барча чоралар кўрилаётганлигини айтди.

Узоқ суҳбатдан сўнг “Аттанг, 180 минг кишилик туман (вилоятимиздаги аҳоли сони жиҳатидан энг катта ҳудуд) аҳли орасидан газетага обуна бўладиган 5 минг  (жами аҳолининг атиги 4 фоизи!) зиёли топилмаса”, деган ўй хаёлимиздан кечди. Дарҳақиқат, вилоятимиздаги энг кекса нашрнинг (1930  йилдан чиқа бошлаган) тақдири шу тахлит якун топши ачинарли. Айб кимда? Таҳририят фаолиятига беэътибор муассисдами ёки газетанинг бозор талабига мос эмаслигидами?

Яна бир газета ­- “Навбаҳор тонги” таҳририяти ходимлари ҳам 4 ойдан буён ойликсиз ишлаб келмоқда. Гарчи газета ҳафта мобайнида чоп этилиб келинаётган бўлсада таҳририятнинг босмахона ва бошқа харажатлари ­­ – қарзлари кун сайин ортаяпти ва бу ҳолат мазкур даргоҳ фаолияти ҳам узоққа бормаслигидан далолатдир.

Ҳар иккала газеталарга ҳам жорий йил учун 2 мингтадан обуналар ташкил этилган. Бироқ аввалги йиллардан қолиб келаётган қарздорликларни қоплаш эвазига таҳририят ҳисобига келиб тушган маблағлар тугаб бўлган. 9 ой учун обуна мавсумини давом ээтиш эса бирдан-бир тўғри йўл. Бунда эса нафақат муассис, балки “ҳар бир туманда газета бўлиши керак” деган тушунчаси бор ҳар бир киши бир ёқадан бош чиқариши лозим.

Вилоятимиздаги “Зиёкор садоси”, “Саломатлик” каби тармоқ газеталари ҳам танг аҳволда қолмоқда.

Газетхонлар ишончини қозониш қийинми?

Минг афсуски таҳририятларда фаолият юритаётган журналистларимизнинг савияси ҳам бугунги талаб даражасида эмас ва ушбу омил туман газеталарининг оғир аҳволга келиб қолишига сабаблардан бири саналади. Бундан ташқари туман нашрлари замон талабларидан анча ортда қолаётгани ҳам бор гап. Аксарият газеталаримизда эса  интерент тармоғида веб-сайтлари ҳам йўқ. Биргина “Учқудуқ” газетасигина буни тўғри англаб, яқинда www.uchquduq-gazeta.uz сайтини янгича кўринишда ишга туширди.

Аслида биргина сайт билан чегараланмаслик керак. Ижтимоий тармоқлар, айниқса “Телеграмм” тармоғида ҳар бир газетанинг саҳифасини очиш мақсадга мувофиқ. Хоҳлаймизми йўқми воқе ва ҳодисаларни ёритиб бориш даврий нашрлар олида турган биринчи вазифа саналади. Бунда эса интерент сайтлари билан рақобатлаша олган босма нашрларгина фаолиятини барқарор амалга ошириши мумкин.

Кўпчилик шаҳар-туман ҳокимликлари муассислигида чоп этилаётган газеталар фаолиятининг ижобий томонларидан бири улар ўз нашрларини ўзлари тарқатишмоқда. Бу эса вилоят ва республика нашрларидан фарқли равишда газета сонларининг ўз вақтида обуначи қўлига етиб боришини таъминлаяпти.

Бир нарса аниқки, обуначилар ҳамда газетага мақола олиб келувчиларнинг деярли 50 (балки 70) фоизи “Телеграмм” тармоғидан фойдаланади. Улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш (мақоласи қайси мухбирга тушди, нега қолдирилди ёки қайси сонда чиқди, энг муҳим ва долзарб мақолаларнинг келгуси сонда чиқиши ва ҳоказолар хусусида хабарлар жўнатиш) ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Эҳтимол уларнинг электрон почтаси ёки бошқа тизимлар орқали, балки лозим топилса телефон рақамига СМС жўнатишни йўлга қўйиш керакдир.

Умуман олганда журналистларимиз “маҳсулот тайёрлаш” билан бирга уни “сотиш”, керак бўлса “реклама қилиш”ни ҳам ўрганиши лозим.

Хулоса сизда…

Газеталар билан боғлиқ бугунги ҳолат қанчалик ачинарли бўлмасин мақоласи чиқиши учунгина обуна бўлаётганлар ва эълон бериш учунгина таҳририятга иши тушадиганларга раҳмат айтишимиз керак. Ҳарқалай, шугина “ташаббуслар” жон талвасасидаги айрим газеталаримизнинг сўнгги нафаслари учун кифоя қилмоқда.

Ёрқул УМАРОВ,

 Ўзбекистон журналистлари

ижодий уюшмаси вилоят бўлими

 бошқаруви раиси,

Озод МУСТАФОЕВ,

бўлим мутахассиси.

Шарҳ қолдириш