“Халқ иродаси”жамоаси сайловларда иродасини кўрсатади

2019-02-05T13:58:51+00:005 Fevral, 2019|Наманган вил.|

“Халқ иродаси” газетаси 1992 йилнинг февралида ЎзХДП вилоят кенгаши ижтимоий-сиёсий нашри сифатида таъсис этилган. Ушбу нашрга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (раҳматли) Фарҳод Йўлчиев муҳаррирлик қилган йилларда (кейинчалик у бир неча йиллар “Наманган ҳақиқати” газетасига ҳам бош муҳаррирлик вазифасини бажарган) таҳририятда жўшқин ижодий муҳит яратилган эди.
Бугунги кунда ҳам “Халқ иродаси” ижодий жамоаси сафида ёш иқтидор соҳиблари кўпайди. Хуршид Файзиев муҳаррирлик қилаётган газетада сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий мавзуларда таҳлилий-танқидий мақолалар эълон қилинмоқда. Газета нафақат вилоятда, балки республика ҳудудида тарқатилмоқда.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ёш журналистларнинг касбий кўникмасини оширишга қаратилган тадбирлардан бирини айнан “Халқ иродаси” таҳририятида ўтказди.
Тадбирда ЎЖИУ вилоят бўлими раҳбари Маҳмуджон Парпиев журналистик этика, соҳага доир қонунчилик меъёрлари, дадиллик ва ташаббускорлик хусусида гапириб, жорий йилдаги сайловлар “Халқ иродаси” учун ҳам ўзига хос масъулиятли кечишини таъкидлади.
Газета жамоасига ЎЖИУ вилоят бўлимининг ташаккурномаси ва ЎзХДП вилоят кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Носиржон Деҳқонов,
«Наманган ҳақиқати» газетаси мухбири

Шарҳ қолдириш