Газетаси йўқ миллат тилсиз инсонга ўхшайди

2019-09-04T11:26:47+00:004 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар|

“Овози тожик” газетаси 95 ёшга тўлди

Марказий Осиёда хабар ва янгиликларнинг газета ва журналларда чоп этила бошлаганига 100 йилдан ортиқ вақт ўтди. Техник имкониятлар чекланган, соҳа мутахассислари камчиликни ташкил этган бўлсада, ўтган асрнинг биринчи чорагидан бошлаб бир гуруҳ эркин фикрловчи, маърифатпарвар инсонларнинг саъю ҳаракати билан кўпгина газета ва журналлар нашр этила бошланди.

Жумладан, минтақамиздаги ёши улуғ газеталардан саналган “Овози тожик” газетаси 1924 йилнинг 25-августида илк маротиба чоп этилган. Айни пайтда “Овози тожик” газетаси таҳририяти аъзолари мамлакатимизнинг отахон газеталаридан ҳисобланган ушбу рўзноманинг 95 йиллигини нишонлашмоқда.

Мабодо бир аср олдинги газета ва журналлар ҳаётига назар солсак, уларнинг тақдири бир хилда кечмаганлигига амин бўламиз. Шу жиҳатдан фахр ва ифтихор билан таъкидлаш мумкинки, “Овози тожики камбағал” (газета дастлаб шундай номланган) рўзномаси ХХ аср бошларидаги дастлабки нашриялардан фарқли равишда зафар қучган эди.

“Овози тожик” дастлаб Самарқандда чоп этилди. Таҳририятда малакали ишчи ходимлар фаъолият юритди. Газетанинг ихлосмандлари кўпайиб борди. Унинг дастлабки сонларидан бошлаб  саҳифаларида янги давр тожик адабиёти ва ушбу рўзноманинг асосчиси Садриддин Айнийнинг маърифат ва маърифатсизлик  тўғрисидаги мақолалари бериб борилган.

Айтиш жоизки,  “Овози тожик” даврий нашр сифатида собиқ комфирқа билан бир қаторда республика ҳукумати расмий нашри ҳам эди. Ушбу йилларда газета турли вазият ва зиддиятларга дуч келган пайтларни ҳам бошдан кечирди.

Мустақиллик йилларидан бошлаб  Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси “Овози тожик”нинг бош муассиси бўлишди. Албатта, янги давр ва собиқ тузум муассис ва нашрлари бир-биридан тубдан фарқ қилар эди. Аммо, ҳар қандай шароитда, ҳар қандай вазиятда ҳам “Овози тожик”  ўзининг доимий шиорига амал қилиб келди, яъни у халқлар орасида, хусусан ўзбек ва тожик халқлари орасидаги кўприк вазифасини ўтаб келди. Бугунги кунга келиб, эркин ва озод фаолият юритаётган кадрлар учун  муваффақиятлар ўз эшигини очмоқда. Ана шундай бунёдкорлик омиллари сабаб газетанинг бир гуруҳ ходимлари кейинги йилларда ҳукуматимизнинг бир қатор мукофот ва орденлари билан тақдирланиб келмоқда. Бу ўз навбатида ҳар бир ишчи ходимдан ўз вазифасига янгича назар билан боқишни,  ўзини янги ислоҳотларнинг бунёдкори сифатида намоён этишини талаб этади. Мамлакатимиз тожикларининг ижодий, илмий, маданий ва маънавий ҳаёти ушбу масаланинг бир қисми бўлиб, “ Овози тожик” бу масалага доимий эътибор қаратиб келаяпти.

“Овози тожик”— Ўзбекистон тожикларининг ягона минбарига айланиб улгурди. Таъкидлаш жоизки, тожик халқининг ижтимоий ва маънавий олами билан боғлиқ масалалар газетанинг муҳим мавзуси ҳисобланади. Чунки тожиклар ва ушбу тилда мулоқот қилувчи халқлар ҳаётига доир ҳеч бир масала рўзнома назаридан четда қолиб кетмайди.

Қўшни давлатлар, хусусан, Тожикистон Республикаси билан муносабатларнинг қайтадан тикланиши, юртимиз тожикларининг илмий, таълимий, адабий ва маданий  ҳаётига оид ижобий ўзгаришларнинг кўзга ташланиши қувонарли ҳол, албатта.  Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган буюк ислоҳотлар билан бирга бизнинг олдимизга кўпгина вазифаларни кўндаланг қилиб қўймоқда. Шу ўринда улуғ адиб Садриддин Айнийнинг жонкуярлик билан газетанинг илк сонида ёзган қўйидаги сўзларини эсга олиш мумкин: “Қавм тили шахслар тили каби оддий бўлмайди, балки бир миллатнинг таржима тили бўлмоғи керак бўлган восита бу миллат рўзномасидир”.

Дарҳақиқат, газета миллат ойнасидир. Газетаси йўқ миллатни тилсиз инсонга менгзайдилар. Шу маънода  “Овози тожик” рўзномасининг ўрни, салоҳияти ҳар жиҳатдан эътиборга молик.

 

Тожибой ИКРОМОВ,

“Овози тожик” газетаси бош муҳаррири ўринбосари.