Газета — тарих яратувчиси

2019-11-21T10:21:45+00:0020 Noyabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Газета, шубҳасиз, инсоният яратган буюк кашфиёт, маънавият сарчашмасидир. Замонлар, даврлар оша ўз қадрини йўқотмай, керакли бўлиб қолаётган газетачилик соҳаси, гарчи бугунги кунда маълум қийинчиликларни бошидан кечираётган бўлсада, барибир ҳозирги пайтда ҳам беқиёс аҳамиятга, ўринга моликдир. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди.

Аввало, газета маънавият кишисининг яқин қариндоши эканлигини айтсам, истеъдодлар учун эса илк эшик ва бешик, ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди. Ёзувчи, шоир, олим, журналистнинг катта қисми адабиётга, илм-фанга, публицистикага газеталар орқали кириб келган. Уларнинг илк бадиий машқлари, мақолалари газеталарда чоп этилган.

Кўпчилик таниқли шахслар ўз мухлислари билан давр силсилалари ва миллий адабиётимиз муаммолари, келгусида бажарилиши лозим бўлган долзарб масалалар хусусида газета орқали мулоҳаза юритади. Јалами матбуотда чархланиб, кейинчалик таниқли ёзувчи шоир ёки журналист сифатида танилади. Китоблари севиб ўқилаётган адабиёт дарғалари ҳам газетада илк кўриниш қилганлар.

Аксарият китобхонлар ҳам газеталардаги мақолалар, турли журналлардаги ижод намуналардан баҳраманд бўлиб, бора-бора бадиий асарларнинг ҳақиқий мухлисига айланади.

Ўқитувчининг кўмакчиси

Ўқитувчи ўз шогирдлари орасида ёзиш қобилияти бор ўқувчини пайқаса нима қилади? У, албатта, шогирдини яқин атрофдаги газета таҳририятига етаклаб келади. Бу ерда ёш истеъдодга илк маслаҳатлар берилади. Мабодо ёзганлари газетада чоп этилса борми, ўқувчи қанот боҚлайди, ижод сари учади. Ўқишга, изланишга бўлган рағбати кучаяди.

Бундай ўқувчилар катта ҳаётда тезда ўз ўрнини топиб кетишади. Элда ҳурмат, обрў-эътиборга сазовар бўлишади. Китоб, газета ва журналларни ўқиш ҳаётининг мазмунига айланади.

Худди, шунингдек, ўқувчининг бошқа соҳаларга — масалан, рассомчиликка, мусиқага ёки бирон бир фанга қизиқиши тенгқурларининг илк ютуқлари газетада эълон қилинганида ортганини кузатганмиз.

Газетанинг бундай беқиёс имкониятларидан фарзандларимизнинг унумли фойдаланишига ёрдам кўрсатиш, биринчи навбатда, ўқитувчининг зиммасида. Албатта, ўсмир-ёшларнинг телевизорнинг, интернетнинг жозибадорлигига маҳлиё бўлиб, газетага чап кўзи билан қараса, кейинчалик пушаймон бўлади. Бундай жараён кучайиб кетганида эса бутун халқ, миллат кўп нарсани бой бериб қўяди.

Тафаккур ялқов бўлиб қолмасин

Телевидениенинг тезкорлик, жозибадорлик борасидаги устунлигини инкор қилмаган ҳолда газетанинг ўта фойдали томонларидан воз кечиб бўлмайди. Агар синаб кўрмоқчи бўлсангиз, телевизорда бир воқеани томоша қилингда, уни газета орқали ўқиб кўринг, ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Сиз воқеа тафсилоти билан танишар экансиз, сўзларнинг қандай ёзилишини, қаерда нуқта, вергул, сўроқ, ундов сингари белгиларнинг қўйилишини, хат боши нима эканлигини, бош ҳарф, кичик ҳарфнинг ўрни қаердалигини ўрганиб борасиз.

Мабода, бу борада билимингиз етарли бўлса, янада мустаҳкамлашга эришасиз. Мақолани ўқиб, воқеани фикрингизда жонлантирасиз. Бу билан сиздаги ҳужайралар ҳаракатга келади. Ўаракат эса билим ва тафаккурнинг янги уфқларини очади.

Телевизорда бу масала тайёр ошдай гап. Сиз тайёр тасвирни кўришга доимий одатланар экансиз, менимча, хаёл экранингиз дангаса бўлиб қолиши мумкин. Чунки сиз тайёр тасвирни қабул қилаяпсиз. Воқеани тафаккурингизда ўзингиз тўлиқ жонлантирмаяпсиз.

Газетада чоп этилган мақолани истаган вақтингиз қайта-қайта ўқиб, маҚзини чақиб, шундан сўнггина керакли хулосалар чиқариш мумкин. Телевизорда бундай имконият йўқ. Телевизор ва интернет хаёл экрани қуёшдек порлаган буюк шахсларнинг ихтироси эканлигини унутмайлик. Бошқача айтганда, телевизор ва интернетнинг илдизи китоб, газета ва журналдир. Энди илдизидан маҳрум этилган нарсани ўзингиз тасаввур қилаверинг. Ўз олдига улуғ мақсадларни қўйган шахс, албатта, тинмай китоб, газета, журнал ўқиши керак.

Баҳсга чорлайди

Даврада қаердадир рўй берган воқеа, янгилик ҳақида суҳбат бўларди. Биров у деди, биров бу деди. Суҳбат шу даражага етдики, икки киши ҳам ўз фикрининг тўғрилигини исботлашга интилиб, аввал овозини баландлатди. Кейин кўзларини чақчайтириб, бир-бирига хезлана бошлади. Ўртада жанжал чиқиб кетиши, кўп дилхираликлар бўлишига сал қолди.

Шунда даврадагилардан бири босиқлик билан сўзлаб, масалага ойдинлик киритди. У фикрларини газета чоп этилган мақола билан исботлаб берганида ҳамма жим қулоқ солди. Шу билан икки ўртадаги жанжалнинг олди олинди.

Раҳматли устоз Алибой Эргашев газетанинг фойдаси билан боғлиқ бир воқеани сўзлаб берганди. У киши айтгандики, бир одамнинг бошига кулфат тушади. Энди унинг тақдири ҳуқуқ-тартибот идорасидаги масъул шахснинг сўнгги хулосаси билан боғлиқ эди. У кишининг ҳимоячиси ҳаётда амалга оширган турли хайрли ишларини далил сифатида келтиради. Аммо узил-кесил ҳимоя учун далил камлик қилди.

Шунда бирдан хаёлига ўзи ҳақида газетада ёритилган мақола келади. Шу мақола ҳал қилувчи далил бўлади ва бошида айланиб турган “қора булут”лар тарқаб кетади.

Ҳа, ҳаётда газетанинг шундай фойдаси ҳам бўлиб туради.

Она тилимиз ҳимоячиси

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Бу ҳужжатнинг қабул қилинганлиги барчамизни беҳад мамнун қилмоқда. Чунки ўзбек тили, таъбир жоиз бўлса, миллий истиқлол ғоясининг ўзак қисмини, ажратиб бўлмас, ўта муҳим бўлагини ташкил этади. Она тилимизга эътибор — ўзбек миллатига, Ўзбекистон халқига, ўзбек давлатчилигининг тараққиётига эътибордир.

Президентимиз олдимизга қўйган бундай ўта муҳим вазифаларни газета ўқимасдан уддалай олмаймиз. Чунки кўчалар, хиёбонлар ва майдонлардаги рекламаларда, эълонларда, шиорларда ўзбек тили қоидалари бузилганлигини кўп кузатмоқдамиз. Оддий кишиларга тушунарсиз бўлган ажнабий ном ва ёзувларнинг болалаши эса ўзини ватанпарвар деб ҳисоблайдиган кишиларнинг ғашига тегмоқда.

Бизнингча, газета билан дўст бўлган киши бундай камчиликларга йўл қўймайди, мобода муаммо пайдо бўлса, газетада чиқиш қилиб осонгина ҳал қилиши мумкин.

Юрак қўри

Албатта, газеталар ўқимишли бўлиши керак. Бунинг учун таҳририятга салоҳиятли журналистлар жамланиши, зарур.

Журналист юрак қўри билан ёзсагина, мақоласи бошқа юракларга етиб боради, ёзганини ўқувчи излаб, севиб ўқийди. Мақоладан қониққан, ундаги тафаккур жилолари руҳият ташналигини қондирган, қалбнинг қоронҚи бурчакларини ёритиб юборган ўқувчи обуна учун сарфлаган пулига ачинмайди.

Газетанинг ўқимишлилиги — энг яхши ташвиқот. Энг яхши реклама ҳам шундан иборатдир. Бунга меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат билангина эришилади.

Товбой ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

фахрий журналист.

Ғаллаорол тумани.

Манба: “Ҳуррият” газетаси