Газета – тараққиёт индекси…ми?

2019-09-27T07:14:10+00:0027 Sentabr, 2019|Умумий янгиликлар|

Дунёда босма нашр борки, у қанчалик эркин ва мустақил бўлишга уринмасин, албатта бизнес доиралар ёки сиёсий кучлар билан ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб боради.
Албатта соф назарий жиҳатдан оммавий медианинг табиати буни инкор этади. Чунки ОАВ учун ҳар томонлама мустақил бўлиш унинг кучи-қудратини белгилайди.
Бироқ амалиётдаги шарт-шароитлар ҳар доим ҳам биз истагандек осон кечмайди. Иқтисодий жиҳатдан эмин-эркин фаолият юритиш концептуал ёндашув ҳамда кўп томонлама баҳамжихатликни талаб этади.
Шу сабабдан ҳозирги даврда газеталар турли стратегияларни ишга солмоқдалар. Мисол учун, нашрларни бепул тарқатиш орқали аудиторияни ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқдалар.
Таҳририятларнинг айримлари реклама берувчиларга таянса, баъзилари ҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни афзал билишмоқда.
Бепул газета: халқаро гигантлар
Жаҳон журналистикаси тарихида илк бепул газета – Manly Daily бундан 100 йил олдин Австралиядан чоп этила бошланган эди. Ҳозирги кунда дунёнинг  59та мамлакатида жами ҳисобда  240та кундалик ва қарийб  500дан зиёд бошқа турли босма нашрлар чиқарилмоқда. Кундалик бепул газеталарининг кунлик тиражи 40 миллиондан ошади.
Айни пайтда уларнинг орасида Metro International етакчилик қилмоқда. Мазкур нашр 18 та мамлакатда, шу жумладан Россияда Metro бренди асосида фаолият олиб боради. Умумий ҳисобда 56 номдаги босма нашрлари бор.
Газетани 1992 йилда лойиҳа сифатида ўйлаб топишган ва илк сони 1995 йилда Стокгольм шаҳрида чиққан. Metro авваламбор, жамоат транспортлари қатнайдиган жойларда, масалан, метрога кираверишда,  автобус ва троллейбус бекатларида, тирбанд кўча ва майдонларда тарқатилади.
Бепул газеталар орасида яна бир йирик нашр, яъни “Metro”нинг рақобатчиси – Норвегияда чоп этиладиган “20 Minutes” ҳисобланади. Унинг биринчи сони 1999 йилнинг декабрь ойида чиққан. Статистик маълумотларга кўра, ушбу газета Испаниия, Франция ва Швейцарияда энг машҳур нашрлар қаторига кирар экан. Газета ношири Schibsted томонидан “Мой район Санкт-Петербург” ҳам чоп этиб келинмоқда.
АҚШ тажрибаси
New York Times Co. компанияси Бостондаги бепул газеталардан бирига 16, 5 миллион доллар сармоя киритгани бежиз эмас. Чунки амалиётда бепул газета чоп этиш янгича бизнес стратегия эканлигини мамлакатдаги айрим ноширлар сўнги йилларда исботлашга улгурдилар.
Шундан сўнг “The Washington Post”, “Chicago Tribune”, “Chicago Sun-Times” ва “The Dallas Morning News” ҳама бундай ғоядан четда қолиб кетмадилар. Улар газеталарни текин тарқатиш йўли билан рақобатчиларни енгиш ва ёшларни газета ўқишга қайтаришга уринмоқдалар. Қолаверса, ёшлар аудиториясини жамлаш орқасидан янги реклама берувчи ҳамкорларни топиш ниҳоятда муҳим вазифа ҳисобланади.
Тўғри, анъанавий ОАВ аудиторияси ёш жиҳатдан қариб бормоқда. Шу сабабдан ҳам бепул газеталарнинг кўпайтирилишига самарали ва керакли стратегия  деб қаралмоқда.
Ёшларнинг газета ўқимай қўйганликлари дастидан кўрилган зарар бўйича айрим статистик маълумотларга эътибор берайлик. АҚШ газетачилариларининг “Newspaper Association of America” (NAA) ассоцияцияси ўтказган ижтимоий сўровлар натижасига кўра, ҳозирги пайтда ёшларнинг бор-йўғи 17 % газета обуначалари экан. Шу сабабдан 2000 йилда рекорд даражага чиққан, яъни умумий йиллик ҳисоблар $48 млрд. доллардан иборат бўлган газета рекламалари миқдори 2004 йилга келиб $46 млрд.га тушиб қолган ва ундан кейинги йиллар давомида эса кескин  камайиб кетган. Албатта аҳолининг ёш ва фаол қатлами газета ўқимас экан унда бериладиган рекламаларнинг кутиш мантиққка тўғри келмайди.
Ана шундай вазиятда бепул газеталар тарқатиш орқали қандай наф кўриш мумкин? Бу саволга аниқ жавоб ҳозирча йўқ. Бироқ Belo Corp. компаниясининг Далласда чоп этиладиган ва текинга тарқатиладиган “Quick” газетасига 200дан ортиқ янги реклама берувчилар ҳамкорлик қилишни таклиф этган ва натижада 10 миллион доллар даромад олинган. Америкалик газета иқтисодчиси Майлз Гроув (Miles Grove) эътирофича, бепул газета учун бу кўрсаткич ёмон эмас.
Мамлакатда кейинги 20 йил ичида 18-24 ёшли газета ўқувчилари сони 55%га камайган. Ноширларнинг умид қилишларича, бепул газета тарқатиш орқали ёшларни газета ўқишга қизиқтириш ва энг асосийси, уларни келажакда потенциал обуначига айлантириш мумкин.
Айни пайтнинг ўзида ҳам даромадни ошириш мумкин. Чунки “X ва Y” авлоди газета ўқий бошласа, ўз-ўзидан реклама берувчи фирмалар ҳам кўпая боради. Натижада яхшигина фойда қўлга киритилади.
Аммо экспертлар фикрича, газеталарни бепул тарқатишнинг салбий оқибати ҳам бор. Мисол учун, ўқувчи янгиликларни текинга олишга кўникиб қолса, пайти келиб унга пул тўлашни истамаслиги мумкин.
Яна битта салбий томони: одатда бепул газеталар тили пуллик газеталарга нисбатан анча содда ва жўн бўлади. Бундай ҳолатнинг кўп давом этиши нафақат контентнинг, балки журналистиканинг ҳам сифатига жиддий зарар келтириши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Россиядаги ҳолат
Россияда биринчи бепул газета –  инглиз тилидаги Moscow Times 1992 йилдан бошлаб чоп этила бошлаган.
2007 йилга келиб мамлакатдаги текин газеталар бозори анча ривожланди. Чунки улар бир томондан ўқувчилар орасида оммалашди, иккинчи томондан эса реклама берувчиларнинг эътиборини тортди.
“Metro International” компанияси Санкт-Петербургда 250 минг тиражлик “Metro Beauty” – бепул аёллар журналини таъсис этди.  Солиштириш учун: мамлакатдаги етакчи пуллик аёллар журнали “Cosmopolitan” бор-йўғи 96 минг тиражга эга холос.
Экспертларнинг фикрича, айнан аёллар журналлари учун реклама берадиган компанияларнинг кўплиги ушбу нашрларнинг ривожланишига асос бўлмоқда
Москвада кейинги йилларда бепул газеталар ўз позицияларини мустаҳкамлаб олдилар. Масалан 2006 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб чоп этилаётган ушбу йўналишдаги энг йирик “Мой район” газетасининг ҳозирги тиражи 1 миллин 400 минга етди. У асосан мамлакат пойтахти туманларида ва Санкт-Петербург шаҳрида тарқатилади.
Яна бир оммабоп бепул газета “Метро” анънавий “Московский комсомолец” ва “Комсомольская правда” билан беллашмоқда. Ушбу газета Москва метрополитенининг 108та бекати, “Седьмой Континент”, “Перекресток” ва “Рамстор” каби йирик супермаркетларда  тарқатилади.
Ижобий ўзгаришларга сабаб бўлган яна бошқа жиҳатлар ҳам бор. “Метро” газетаси контент ва дизайнни мунтазам равишда модернизация қилиб боради. Шунингдек, тарқатиш ҳудудларини кенгайтиририш баробарида реклама бўйича ностандарт таклифлар билан чиқмоқда.  Шу боис у билан ҳамкорлик қилиш истагидаги компанияалар сони камаймаяпти.
Юқоридаги бепул газеталар қаторига “Собеседник. Московский почтовый выпуск”, “Родительский дом” ва “Вместе” каби нашрлар ҳам қўшилди.
Айтмоқчи “Родительский дом” газетасини ташкил этиш ғояси Москва шаҳрининг мерига тегишли бўлиб, у 110 минг тиражда босиб чиқарилмоқда.
Болалар учун мўлжалланшан “Вместе” газетаси эса Халқаро болалар кунига бағишлаб чиқарила бошланган. Адади  10 мингдан зиёд.
Ҳар иккала газета “Московский комсомолец” нашриёт уйи томонидан Москва шаҳар жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси билан ҳамкорликда чоп этилмоқда.
Умуман олганда Москва префектуралари ва туманлари (управа) томонидан 130 хилдаги босма нашрлар бир марталик  4 миллион тиражда босмадан чиқарилади.
Бепул газеталар Россиянинг чекка ҳудудларида ҳам фаолият олиб бормоқа. Федерал бошқарув органлари айнан шу каби газеталар орқали ўз ғояларини тарғиб қиладилар. Шунингдек, уларга сиёсий-ижтимоий ахборот манбаи сифатида қарайдилар.
Босма ОАВ: даромад манбаи бўла оладими?
Аксарият назариячи олимлар босма нашрларга даромад келтирувчи бизнес субъект  сифатида баҳо берсалар-да, яхши маркетинг ва менежментсиз, бу соҳанинг ўзидан бевосит мўмай даромад топиш, бойиб кетиш мушкул. Ишнинг кўзини билмаган одам учун ҳар қандай босма нашр кони зарар туюлиши мумкин. Айниқса, 3 минг тиражга ета олмайдиган ҳудудий газеталаримиз фойда ҳақида ўйламаса ҳам бўлаверади.
Ҳар қандай кичик ёки йирик таҳририятнинг эркин бозор шароитида оёқда мустаҳкам туриши учун унга зарур имтиёзлар, иқтисодий преференциялар берилиши керак. Акс ҳолда одатдагидек қоғоз нархи, босмахона харажатлари, қолаверса, оддий ижара ёки коммунал тўловлари соҳадаги бошлиқларнинг “белини оғритиб қўяди”.
Газетанинг тиражи қанча кўпайса, нафақат таҳририят ходимларининг молиявий аҳволи яхшиланади, балки нашрларни тарқатувчи почта ва бошқа курьерлик хизматларида ҳам қўшимча иш жойлари пайдо бўлишига замин яратади.
Асримиз ичидан емирилмасин
Яна бир масала. Бугунги ахборот глобаллашуви даврида медиа макондаги ғоявий бўронлардан ўқувчиларни асраш, уларни тармоқлардаги фейк янгиликлардан ҳимоялашда анъанавий ОАВ, хусусан газеталарнинг ўрни ҳар қачонгидан муҳимроқдир. Тўғри, бундан 10-15 йил олдин “биз ривожланган ахборот асрида яшаяпмиз” деб қувонган эдик.
Бироқ медиа макондаги ахборот босими шу қадар кучайиб кетдики, оддий ўқувчи, айниқса, медиа саводхонлиги бўлмаган инсон, оқни қорадан ажрата олмай, ана шу ахборот гирдобига ғарқ бўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
Шу маънода таниқли ўзбек олими ва ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад айтганидек, “инсоният тарихида тош асри, бронза асри, темир аср ва яна бошқа асрлар кўплаб бўлган. Энг ачинарлиси, улар ўз-ўзини бирин-кетин, ич-ичидан кемириб тамом қилган. Шу сабабдан ҳозирги асрда ахборотни бошқарувини, унинг жиловини ўз қўлимизга олмас эканмиз, у эртага бизни бошқаради, ўзига қул қилиб қўяди. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди”.
Газеталар хорижда қандай қўллаб-қувватланади?
Британияда газеталар умумий қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан ошмаса давлат солиғини тўламайдилар. Канадада газеталарни ўқувчиларга етказиб беришдаги харажатлар давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади. Хитойда эса газеталарнинг учдан икки қисми доимий равишда ҳукуматдан субсидиялар олади.
Россияда ҳукумат олиб бораётган сиёсатга қарши бўлмаган барча нашрлар давлат кўмагига таянади. Айниқса, ҳудудларда яшайдиган аҳолининг 65 фоизи газета ўқишга қизиқишини эътиборга олиб,  ҳатто улар учун кенг молиявий-иқтисодий префенциялар бериб келинади.
Масалан, Калуга вилоятида чоп этиладиган жами 27та туман газеталарининг барчасига имкон қадар ёрдам кўрсатилмоқда. Иқтисодий кўмакдан ташқари, юқори малакали кадрдлар, зарур техника анжомлари, бинолар билан таъминлаш ишига муниципалитет администрациялари алоҳида эътибор қаратишади. Бу ишга давлат бюджетидан ташқари маҳаллий ҳомийлар ҳам кенг жалб этилади.
Москвада шаҳар мерияси ҳисобидан “Роспечать” учун 100дан ортиқ замонавий газета киоскалари бепул қуриб берилган.
Қозоғистон матбуоти эса вазирликлар ва ҳудудий акиматлар орқали давлат бюджетидан йилига  219,1 млн. доллар молиявий кўмак олади.
Матбуот – тараққиёт белгиси
Жуда яхши эслайман, Ҳиндистон оммавий коммуникациялар институтининг профессори К.Шривастава  Тошкенда бўлиб ўтган халқаро анжуман чоғида шундай деган эди:
– “Дунёдаги исталган давлатда бизнеснинг қай даражада тараққий этганлигини у ердаги ОАВнинг ривожланиши билан ўлчаса бўлади. Матбуот – ривожланиш ойнасидир. Бошқача айтганда газета – бу жамият тараққиётининг индекси ҳисобланади.
Бироқ ҳар қандай шароитда матбуот ташқи ёки ички иқтисодий кўмаксиз ўзича фаолият юритиши қийин. Журналистика соҳаси амалиётда бизнес ёки сиёсат билан биргаликда, ҳамоҳангликда, тенг ҳамкорликка таянган ҳолда эркин фаолият юритиши мумкин.
Шундай экан, газеталарни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи бизнес доиралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ёки ҳукумат институтлари албатта бўлиши керак”.

Беруний Алимов,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори.
Манба: pv.uz