Фахрий журналистлар ҳолидан хабар олинди

2019-08-12T12:07:07+00:0029 Dekabr, 2018|Жиззах вил.|

Меҳр-оқибат, инсонийлик – халқимизга хос хислат. Турли байрамларда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламига мурувват кўрсатиш, ҳолидан хабар олиш, мушкулини бироз бўлса-да енгиллатиш савобли юмуш.
Янги йил байрами арафасида Уюшманинг Жиззах вилоят бўлими айни пайтда нафақада бўлган, моддий ёрдамга муҳтож фахрий журналистлар, соҳа фидойиларининг уйларига бориб, кўнгил сўрашди. Жумладан, кексалик гаштини сураётган Исмоил Миталов вилоят оммавий ахборот воситаларида узоқ йил ишлаган. У киши умрининг 30 йилини вилоят телерадиокомпаниясига бағишлади. Шу билан бирга вилоят халқ таълими бошқармаси муассислигида чоп этиладиган “Камолот кўзгуси” газетасида ҳам самарали меҳнат қилди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир кўплаб мақолалар ёзди, радио лавҳалари халқимизга манзур бўлган. Уюшма вилоят бўлми томонидан ташкил этилган меҳр-мурувват тадбири масъуллари устоз журналистнинг хонадонида бўлиб, у кишининг ҳолидан хабар олди.
–Аввало эътибор учун раҳмат. Байрам арафасида берилган совға нафақат мени, балки фарзандларимни, невараларни ҳам қувонтирди, — дейди Исмоил ота.
Тадбир доирасида фахрий журналистлардан – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Акрам Иномов, “Джизакская правда” газетаси мухбири Наталья Беседина ҳамда фахрий журналист Олтиной Рустамова ҳолидан хабар олинди.

Саид Дониш,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими мутахассиси