Эътибор ва ифтихор

2019-05-08T07:53:54+00:008 May, 2019|Сурхондарё вил.|

Матбуотимиз  ривожига  муносиб ҳиссаларини қўшган устоз журналистларни қанчалик эъзозласак ҳам кам. Айниқса байрам кунлари йўқлаш кексаларимизга ўзгача кайфият бағишлайди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  вилоят бўлими  раиси М.Абдураҳмонов  ва бўлим ҳузуридаги кенгаш аъзолари ана шундай жонкуяр нуроний ижодкорлар— Мусурмон Тилаков ва Сафарали Эшмирзаев хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олдилар. Фахрийларга уюшма номидан совғалар топширилди.

—Ҳаётимнинг энг кучга тўлган даври Узун туманидаги “Боботоғ тонги” газетаси билан боғланган, – дейди меҳнат фахрийси М.Тилаков. – Ўттиз йилдан кўпроқ вақт меҳнат қилиб, оддий мухбирликдан бош муҳаррирликкача бўлган вазифаларда ишладим. Ўша даврда ижодкор зиёлиларга ҳозиргидек эътиборни кўрмаганман. Мана, энди журналистлар меҳнати ўз қадрини топмоқда.

Мусурмон Тилаков ва Сафарали Эшмирзаев вилоят матбуотида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган ва ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшган журналистлардир. Вилоят ва туман газеталарида чоп этилган мақолалари орқали воҳа халқи ўртасида муносиб обрў ортирган. Бугунги кунда  устоз журналистлар ёшларга ўз маслаҳатларни бериб, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига ҳисса қўшиб келаяптилар.

Мастура ҲАМРОЕВА,

уюшма вилоят бўлими мутахассиси.

Шарҳ қолдириш